Аллоҳ суйган бандалар: Дўзахдан қўрқиш (1)

0

Улар жаҳаннам азобидан нажот беришини илтижо қилиб дуо қиладилар. Зеро, жаҳаннамнинг азоби дўзахийлардан ҳеч қачон ажралмагай. Албатта, жаҳаннам энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон ўриндир” [Фурқон, 65].

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ оят тафсирида: “Улар шу қадар жидду жаҳд билан ибодат қилишларига қарамасдан, Аллоҳнинг азобидан қўрқадилар” [Тафсири Қуртубий].

Аслида, тоат-ибодатда жидду жаҳд қилиш билан бирга, Аллоҳ азза ва жалланинг азобидан қўрқиш бу барча мўмин-мусулмоннинг сифати бўлиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳнинг азобидан қўрқувчи кишилардир. Албатта, Раббиларининг азобидан ҳеч ким хотиржам бўла олмайди” [Маориж, 27-28].

Аллоҳ таолонинг  мана бу сўзларини тинглаб, яна Унинг азобидан қандай ҳам қўрқишмасин: “Эй мўминлар, Сизлар ўзларингизни (Аллоҳ буюрган ишларни қилиш ва қайтарган нарсалардан тийилиш билан) ва аҳли-оилангизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақланглар. У дўзах устида, куч-қувватлик, раҳм-шафқатни билмайдиган, Аллоҳнинг амрига асло хилоф қилмайдиган ва фақат ўзларига буюрилган ишни бажарадиган малоикалар турадилар” [Таҳрим, 6]; “Эй Пайғамбар, айтинг, ҳақиқий зиёнкорлар Қиёмат кунида ўзларини ва аҳли оилаларини (тўғри йўлдан озгани сабаб) бой берган кишилардир. Огоҳ бўлингки, ана шу очиқ-ойдин кўриниб турган зиёндир. Ўша зиёнкор кимсалар учун жаҳаннамда устиларидан соябон шаклидаги олов парчалари, остларида ҳам айни шундай кўринишдаги оловли тўшамалар бўлади. Бу азоб-уқубат билан Аллоҳ таоло бандаларини қўрқтмоқдаки, улар ундан ҳазир бўлсинлар. Эй бандаларим, Мендан қўрқинглар” [Зумар, 15-16].

Табиийки, дўзах азобидан қўрқиш ўз-ўзидан кишининг қалбига жойлашиб қолмайди, илло буни тасаввур қилиб, хаёлга келтириш лозим. Дўзах ҳақида келган хабарларни билиш эса, уни тасаввур этишни осонлаштиради. Шундан келиб, чиқиб дўзах васфи ҳақида келган айрим хабарларни келтирамиз. Аллоҳ барчамизни Ўзининг фазли-марҳамати билан дўзах ўтидан сақласин.

Дўзахнинг эшиклари

Аллоҳ таоло деди: “Унинг еттита эшиги бор, ҳар бир эшик иккинчисидан пастроқда жойлашган. Ҳар бир эшик учун Иблисга эргашган кимсалардан – уларнинг амалларига қараб – улуш-насиба бордир” [Ҳижр, 44].

Уқба ибн Абдуссаламий розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Жаннатнинг саккизта эшиги бор, дўзахнинг эса еттита эшиги бор” [Аҳмад ривояти].

Дўзах ўтининг иссиқлиги

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ёқаётган бу оловингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир”. Саҳобалар: “Аллоҳга қасамки, шуни ўзи бўлганда ҳам етарди”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзахдаги ўтга яна олтмиш тўққиз баробар зиёда қилинган, ҳар бири ўшанча иссиқликдадир”, дедилар” [Бухорий: 6/33, Муслим: 17/179 ривояти].

Дўзахнинг ранги

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Дўзахга минг йил ўт ёқилди. У қип-қизил бўлди. Сўнг унга яна минг йил ўт ёқилди. У оппоқ бўлди. Сўнг унга яна минг йил ўт ёқилди. У қоп-қора бўлди. Дўзах зулматли тундек қоп-қорадир” [Термизий ривояти].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Дўзах оловини мана бу оловингиз каби қизил деб ўйлаяпсизми? У қора сақичдан ҳам қорароқдир” [Имом Молик ривояти, Муватто: 2/994].

Дўзахнинг чуқурлиги

Холид ибн Умайр айтади: “Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу хутба қилиб деди: “Бизларга зикр қилинишича, дўзахнинг четидан бир тошни ташлаб юборилади ва у етмиш йилда ҳам унинг қаърига етолмайди, Аллоҳга қасамки ўша дўзах инсонлар билан тўлдирилади, бундан ажабланяпсизларми?” [Муслим ривояти: 18/102].

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ деди: “Умар розияллоҳу анҳу айтар эдилар: “Дўзахни кўп-кўп эслаб туринглар, унинг ҳарорати ўта иссиқ, қаъри тубсиз ва гурзилари темирдир” [Термизий ривояти: 4/104].

Дўзахнинг занжир ва кишанлари

Аллоҳ таоло деди: “Биз кофирлар учун оёқларига боғланадиган кишанлар, қўлларини бўйинларига тортиб боғлаб қўйиладиган занжирлар ҳамда уларни ёндириб, куйдирадиган дўзах ўтини ҳозирлаб қўйганмиз” [Инсон, 4].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар мана шу суякчалик тош бўлаги осмондан ерга ташланса, бунинг масофаси беш юз йиллик йўлдир, кеч киришдан олдин ерга етади. Агар уни (тош бўлагини) жаҳаннам занжирларининг бошидан ташланса, унинг аслига ёки жаҳаннам қаърига етгунча қирқ йил кечаю кундуз тушади” [Термизий ривояти: 4/109].

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг