Таҳорат: Таҳоратни бузувчи амаллар (2)

0

Учинчидан: авратни ушлаш

Хоҳ эркак, хоҳ аёл киши кафтининг ичи ёки орқаси билан олд авратини бирон тўсиқсиз ушлаши таҳоратни бузади. Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким олатини ушласа, то таҳорат олмагунча намоз ўқимасин»[1]. Шунингдек, Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Қайси эркак олатини ушласа, таҳорат қилсин. Қайси аёл фаржини (яъни жинсий аъзосини) ушласа, таҳорат қилсин»[2].

Талқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олатини ушлаган инсоннинг таҳорати бузилиш-бузилмаслиги тўғрисида сўраганида у зот шундай дейдилар: «Йўқ (бузилмайди). У сендан бир парчадир, холос»[3]. Бироқ бу ҳадис мансух (яъни ҳукми бекор) бўлган. Дарҳақиқат, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳи»да зикр қилишича, Талқ ибн Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига Мадина масжиди бино қилинган пайтда келган. Шундан сўнг Мадинадан чиқиб кетган ва қайтиб у зотнинг ҳузурларига келгани маълум эмас[4]. Бусрадан ривоят қилинган ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган. Маълумки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кейинроқ Исломга кирганлардан. Бу ўз навбатида Талқдан ривоят қилинган ҳадиснинг мансухлигини қўллаб-қувватлайди[5].

Қолаверса, Талқнинг ҳадисида авратни ушлашга рухсат берилган бўлса, Бусранинг ҳадисида бу иш ман қилинган. Қоидага кўра, «ман қилувчи далил билан рухсат берувчи далил ўртасида қарама-қаршилик юзага келса, ман қилувчи далилга амал қилинади»[6].

Бу борадаги ҳақ сўз шундан иборатки, модомики, орада бирон тўсиқ бўлмаса, шаҳват билан ушлайдими-йўқми, авратни ушлаш таҳоратни бузади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким олатини ушласа», деган сўзларининг зоҳиридан бевосита олатни ушлаш тушунилади. Яна шу мазмунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам ҳадис ривоят қилган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Агар биронтангиз қўлини авратига олиб борса ва қўли билан аврати ўртасида бирон тўсиқ бўлмаса, таҳорат қилсин».[7]

Аммо (жинсий) моякларни ёки орқа аврат (анал) тешигини ушлаш таҳоратни бузмайди.  Чунки ҳадисда фақат олат ёки фарж (аёллар жинсий аъзоси) зикр қилинган. Маълумки, мояклар ва орқа авратга фарж дейилмайди.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (181), Термизий (83, ҳадисни саҳиҳ деган), Насоий (1/100), Ибн Можа (479) ривояти. Ҳадисдаги «намоз ўқимасин», деган қўшимча Термизийга оид. Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис шу бобдаги энг саҳиҳ ҳадисдир».
[2] Санади саҳиҳ. Аҳмад (2/223), Дорақутний (1/147) ривояти.
[3]Саҳиҳ. Абу Довуд (182), Термизий (85), Ибн Можа (43), Насоий (1/101), Ибн Ҳиббон («Саҳиҳ», 1120) ривояти. Шайх Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: «Тамомул минна», 103-бет.
[4] Саҳиҳ. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 1122, 1123.
[5]Кейинроқ биродарлардан бирининг тавсияси билан ушбу мавзуга оид яхши бир баҳсни кўрдим. У Зайлаъийнинг «Насбур-роя» (1/64-69) китобининг ҳошиясига ёзилган экан. Унда муаллиф Ибн Ҳиббоннинг «Шундан сўнг Талқ қайта Мадинага келмаган», деган даъвосини муҳокама қилар экан, бу фикрни танқид қилган. Нима бўлганда ҳам, мен тўғри деб билган ҳукмга кўра, «ман қилувчи далил билан рухсат берувчи далил ўртасида қарама-қаршилик юзага келса, ман қилувчи далилга амал қилинади». Дарҳақиқат, айрим уламолар юқоридаги икки ҳадис ўртасини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилишган. Унга кўра, Бусранинг ҳадисидан олатини шаҳват билан ушлаган, Талқнинг ҳадисидан эса, шаҳватсиз ушлаган киши назарда тутилган. Албатта, бундай хулосалаш икки ҳадис ўртасини чиройли тарзда мувофиқлаштириш саналади. Бироқ менинг юқорида айтганим афзалроқдир, валлоҳу аълам.
[6]Муаллиф ҳафизаҳуллоҳнинг фикрларини ҳурмат қилган ҳолда шуни қўшимча қилиш лозимки, қарама-қарши кўринган ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириш имконсиз бўлган тақдирда юқорида зикр қилинган қоидага амал қилинади. Бироқ ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириш уларнинг бирини мансух дейиш ёки бирини иккинчисидан таржиҳ қилишдан (устун деб билишдан) афзалдир. Чунки мувофиқлаштириш ҳар икки ҳадисга амал қилишга олиб борса, биронтасини мансух ёки рожиҳ дейиш ҳадислардан бирига амал қилмасликка олиб боради. Ундан ташқари, бирон далилни мансух дейиш учун унинг айтилган санасини аниқ билиш лозим. Ҳолбуки, Ибн Ҳиббоннинг гапига уламолар кескин раддиялар билдиришган. Фақат бу сўзга таяниб мансух дейиш етарли эмас. Бусра ва Талқ ҳадисига қараганимизда улар ўртасини мувофиқлаштириш мумкинлигини кўрамиз. Бусранинг ҳадисидан авратини ушлаган киши таҳорат қилиши мустаҳаблиги, Талқнинг ҳадисидан эса, авратини ушлаган киши таҳорат қилиши вожиб эмаслиги назарда тутилган, дейиш билан бу икки ҳадис ўртасидаги қарама-қаршиликни бартараф этиш мумкин. Зотан, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур фикрни ихтиёр қилган. Ёхуд муаллифнинг ўзи айтиб ўтганидек, баъзи уламолар Бусранинг ҳадисидан авратини шаҳват билан ушлаган киши, Талқнинг ҳадисидан эса, авратини шаҳватсиз ушлаган киши мақсад қилинган, дея, бу икки ҳадис ўртасини мувофиқлаштирганлар, валлоҳу аълам (тарж.).
[7] Ҳасан. Ибн Ҳиббон (1118), Ҳоким (1/138) ривояти. Шайх Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (1235) ҳадисни саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг