Ихлос сурасини кунига юз марта ўқиш гуноҳларга каффорат бўладими?

0

Савол:

Ихлос сурасини кунига юз марта ўқиш гуноҳларга каффорат бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Ҳотим ибн Маймун Собин Бунонийдан, у эса Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ҳар куни “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини икки юз марта ўқиса, унинг эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади.
Фақат қарзлари мустасно”, деганлар. Мазкур ҳадисни Имом Термизий (2898), Ибн Адий “Ал-комил”да (2\845) ва Байҳақий “Шуабул иймон”да (2548) ривоят қилган. Ҳадис санадидаги Ҳотим ибн Маймун заиф, уламолар унинг ҳадиси қабул қилинмаслигини айтганлар (“Таҳзийбут таҳзийб”га (2\131) қаралсин). Ҳатто Имом Термизийнинг ўзи ҳам бу ҳадисни ривоят қилиб, ортидан заиф эканини айтган. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳам ўз тафсирида (8\824) заиф деган.

Шу мазмунда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадис ҳам бор. Ҳадис матни қуйидагича: “Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир маротаба ўқиса, унга барака ато этилади. Ким икки марта ўқиса, ўзига ва оиласига барака берилади. Ким уч марта ўқиса, ўзига, оиласига ва қўшниларига барака берилади. Ким ўн икки марта ўқиса, унга жаннатда бир қаср қурилади. Уни ҳимоя қилиб турувчи фаришталар: “Юринглар, биродаримизнинг қасрини томоша қиламиз”, дейишади. Ким юз марта ўқиса, йигирма беш йиллик гуноҳлари кечирилади. Тўкилган қон ва олинган пуллар бундан мустасно. Ким иккиюз марта ўқиса, эллик йиллик гуноҳларигакаффорат бўлади. Тўкилган қон ва олинган пуллар бундан мустасно. Ким уч юз марта ўқиса, унга улови ўлдирилган, ўзининг қони тўкилган тўрт юз шаҳиднинг ажру савоби берилади. Ким минг марта ўқиса, жаннатдаги жойини кўрмасдан вафот этмайди”. Бу ҳадисни Абн Асокир (5\149\1) ривоят қилган. Ҳадис санадида Муҳаммад ибн Марвон номли каззоб ҳамда Абон ибн Абу Айёш номли ҳадиси олинмайдиган ровийлар бор.

Ихлос сурасининг фазилати борасида худди шу маънони ифода этувчи яна бир қанча ҳадислар бор. Ҳар бирида айтилган сонлару белгиланган ажрсавоблар турлича келган. Лекин уларнинг барчаси ўта заиф ҳадислар. Шунинг учун бу ҳадисларга таянилмайди.

Ихлос сурасининг фазилати борасида бир қанча саҳиҳ ҳадислар бор, жумладан:

1) Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Бир саҳоба Қубо масжидида имомликка ўтар эди. Намозда ҳар сафар бирон сурани зам қилиб ўқишдан олдин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиб, ортидан бошқа сурани ўқир, бу ишни ҳар ракъатда такрорлар эди. Жамоат унга шикоят қилиб: “Сен бу сурани ўқийсан. Кейин худди у камлик қилаётгандек ортидан бошқа сура қўшиб ўқийсан. Ё шу суранинг ўзини, ё ўрнига бошқасини ўқи”, дейишди. У эса: “Мен бу одатимни ташламайман. Хоҳласанглар, шу тарзда имомлик қиламан. Истамасанглар,бошқаси имомлик қилсин”, деб жавоб берди. Жамоат бу киши ичларидаги энг афзал инсонэканини билганлари учун бошқаси уларга имом ўтишини исташмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдига келганларида бўлиб ўтган воқеани айтиб бердилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳой фалончи, жамоат талабини бажаришингга нима тўсқинлик қиляпти, бу сурани ҳар ракъатда ўқишни одат қилиб олишингга нима ундаяпти?” деб сўрадилар. Мен бу сурани яхши кўраман, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга бўлган муҳаббатинг сени жаннатга киритади”, дедилар (Бухорий (муаллақ) ва Термизий (2903) ривоят қилган);

2) бир киши бир кишининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини такрор-такрор ўқиётганини эшитди. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, гўёки бу сурани оз санагандек, кўрганини айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу сура Қуръоннинг учдан бирига тенг”, деб жавоб бердилар (Бухорий, 5013);

3) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга келаётган эдим. У зот бир киши “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиётганини эшитдилар-да: “Вожиб бўлди”, дедилар. Нима вожиб бўлди, деб сўрадим. «Жаннат», дедилар (Термизий, 2897), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг