Абу Абдуллоҳ Ҳоким (1)

0

Исм-насаби

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳамдуяҳ ибн Нуайм ибн Ҳакам Заббий Таҳмоний Найсобурий Шофеий. Куняси Абу Абдуллоҳ. Ислом оламида Ҳоким ва Ибн Баййеъ номи билан машҳур бўлган.

Абу Абдуллоҳ Ҳокимни бувисининг бобоси Исо ибн Абдураҳмон Заббийга нисбат беришиб, Заббий дейишган[1].

Абу Абдуллоҳ Ҳокимнинг бувиси Мануяҳ зоҳид фақиҳ олим Иброҳим ибн Таҳмоннинг қизи бўлгани учун унга Таҳмоний ҳам дейилган.

Туғилган санаси ва жойи

Абу Абдуллоҳ Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 321 йили аббосийлар давлатининг ўн тўққизинчи халифаси Абу Мансур Қоҳирбиллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад халифалиги даврида, Рабеул аввал ойининг учинчи душанбасида Найсобур (Нишопур) шаҳрида дунёга келади ва шу ерда ўсиб-улғаяди.

Ҳоким Найсобур шаҳрида туғилиб-ўсгани учун шу шаҳарга нисбат бериб, Найсобурий дейишган.

Найсобур ҳозирги Эрон давлатининг шимоли шарқида, пойхтахти Теҳрондан тахминан 760 километр узоқликда жойлашган шаҳардир.

Ёшлиги ва илм йўлидаги саъй-ҳаракати

Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг хонадони зиёли, дин-диёнатли ва тақводор хонадонлардан эди. Отаси ва тоғаси уни ёшлигидан динга ва илм олишга қизиқтиришади. Отаси Абдуллоҳ Имом Муслим билан кўришган муҳаддис олимлардан эди. Ҳоким раҳимаҳуллоҳ бошланғич таълимни отасидан олади. Сўнг она шаҳри Найсобурдаги уламолардан шаръий илмларни, хусусан, ҳадис илмини ўзлаштиришга киришади. У ўта зукко, доно ва ҳифз-хотираси кучли бола эди. Ўн уч ёшида буюк муҳаддис олим Ибн Ҳиббон Бустий дарс ҳалқасида мустамлийлик қилади. Мустамлий – дарсда устоз ривоят қилган ҳадисларни узоқроқда ўтирган талабаларга етказиб турувчи, яъни ҳозирги кунимиздаги товуш узатгич вазифасини бажарган одам. Муҳаддислар мустамлийликка зукко, фаҳм-фаросатли, ҳифзи-хотираси кучли талабаларни тайинлашган. Негаки, у муҳаддис олим ҳадисни қандай айтган бўлса, худди шундай етказиши керак.

Шаҳри уламоларидан илм олиб бўлгач, барча муҳаддисларнинг одатига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меросидан ўз улушини олиш мақсадида турли ислом ўлкаларига ҳадис талабида сафарга отланади.

Илмий биринчи сафарини ҳижрий 341 йили, йигирма ёшида Ироққа, у ердан Ҳижоз ўлкасига сафар қилиш ила бошлайди[2]. Ушбу сафарида олдин Бағдод шаҳрига киради ва у ерда талай шайхлар билан учрашиб, улардан ҳадислар эшитади. Сўнг Кўфа шаҳрига ўтади. Кўфалик уламолардан таълим олгач, Маккаи Мукаррама томон йўл олади. Маккада Ҳаж амалини адо қилиб бўлгач, вақтини ғанимат билиб, у ердаги уламолардан ҳадислар эшитишга киришади.

 Ҳижрий 343 йилда Хуросон ва Мовароуннаҳр ўлкалари томон сафарга чиқади. Ушбу сафарида кўп шаҳарларга кириб ўтади. Жумладан, Асадабоз, Бухоро, Хусуржирд, Рай, Марв, Ҳамазон каби шаҳарларга бориб, кўплаб муҳаддис уламолар билан учрашади.

Ҳижрий 345 йил иккинчи бор Кўфа томон сафарга чиқади ва у ерда Абул Қосим Сакуний билан учрашади.

Ҳижрий 359 йилда Насо шаҳрига боради ва Сомония давлатига қози этиб тайинланади.

Ҳижирй 368 йил иккинчи бор Ироқ ва Ҳижоз ўлкаларига сафар қилади. Бу вақтга келиб, у одамлар орасида таниқли олимга айланиб бўлган эди. Бағдод шаҳрига киради ва у ерда дарслар ташкил қилиб, бир қанча китобларини ёзади.

Устозлари

Абу Абдуллоҳ Ҳоким раҳимаҳуллоҳ илмий сафарлари мобайнида икки мингга яқин олимлар билан учрашиб, улардан қироат, фиқҳ, ҳадис, тафсир ва бошқа шаръий илмларни таълим олади. Найсобурнинг ўзида мингта олимдан дарс олади.

Қуйида Ҳокимнинг айрим устозларини санаб ўтамиз:

Қуръон ва қироат илмидан таълим олган устозлари

  1. Қори Абу Бакр Аҳмад ибн Аббос ибн Убайдуллоҳ Бағдодий. Замонасида қироат илмида катта имомлардан бўлган. Қуръон қироатини Аҳмад ибн Саҳл Ашноний ва Абу Бакр ибн Мужоҳидлардан таълим олган. Ҳоким у ҳақда шундай дейди: “Қироатда ҳарфларни жойидан чиқариш борасида замонасининг танҳоси эди. Ҳижрий 355 йилда вафот этган”.

  2. Қори Абу Исо Баккор ибн Аҳмад ибн Баккор ибн Бунон Бағдодий. Етук қироат олимларидан. Бакора номи билан машҳур бўлган. Олтмиш йилга яқин Қуръондан дарс берган. Қироат илмини Ирқнинг акаси Аҳмад ибн Ёқубдан, Ҳасан ибн Ҳусайн Саввофдан ва Ибн Мужоҳиддан таълим олган. Шунингдек, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аҳмад ибн Али Обордан ҳадислар эшитган. Машҳур қорилар Абу Ҳафс Каттоний ва Ҳасан ибн Муҳаммад Фаҳҳомлар унинг шогирдлари саналади. Ҳижрий 275 йилда туғилиб, 353 йилда вафот этган.

  3. Қори Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Айюб Навқоний. Қироат илмини Али ибн Абдулазиз Маккий орқали Абу Убайддан ривоят қилган. Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ундан қироат илмини ривоят қилган.

  4. Қори Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Коризий[3]. Найсобурда дарс берар эди. Абул Ҳасан Али ибн Абдулазиз Бағавий орқали машҳур мужтаҳид олим Абу Убайд Қосим ибн Салломнинг китобларини ривоят қилган. Ундан эса Абу Абдураҳмон Суламий, Абул Қосим Саррож, Абу Али Ҳофиз ва бошқалар ривоят қилган. 346 йил шаввол ойида вафот этади.

(Давоми бор)

[1] “Сияру аъломин нубало”, 17\169.

[2] “Табақоти шофеия кубро”, 4\156.

[3] Коризий – Кориз қишлоғига нисбат бериб шундай дейилган. Аллома Самъоний роҳимаҳуллоҳ Ибн Мокуладан нақл қилиб айтади: “Кориз Найсобур атрофида, ундан ярим фарсах узоқликда жойлашган қишлоқнинг номи” (“Ансоб”, 11\14).

Изоҳ қолдиринг