Умавийлар давлати: Қуръонни ҳакам қилишга чақириқ (2)

0

Рофизий шиа Абу Михнаф ривоятида шомликлар Қуръонни ҳакам қилишни таклиф этганида Али розияллоҳу анҳу рад қилгани, аммо уни кейинчалик хаворижлар деб танилган қориларнинг босими остида мажбуран қабул этгани айтилади[1]. Бу ривоятда яна Али розияллоҳу анҳу Муовия ва унинг тарафдорларини сўкиб ҳақоратлагани келадики, бу ўша муборак аср аҳлига асло тўғри келмайдиган ва улар бундан пок бўлган ишдир. Қандай қилиб, энди уларнинг энг улуғи ва бошлиғи бўлган мўминларнинг амири Али розияллоҳу анҳуга бундай бадахлоқлик нисбатини бериш мумкин?! Бу ривоятнинг пучлигига унинг ровийси Абу Михнафнинг аламзада рофизий эканини билишнинг ўзи кифоя. Қолаверса, у Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган қуйидаги саҳиҳ ривоятга зид ҳамдир: Ҳабиб ибн Абу Собит айтди: Мен Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг яқин кишиларидан бўлган Абу Воил ҳузурига борганимда у шундай деган эди: “Сиффинда эдик, урушда шомликлар қирила бошлагач, Амр ибн Ос Муовияга: “Алига мусҳафни юбор ва уни Аллоҳнинг  китобига чорла, у бунга қаршилик қилмайди”, деди. Шундан сўнг бир киши Али ҳузурига мусҳафни кўтариб келиб: “Сизлар билан бизнинг ўртамизда Аллоҳнинг китоби бор, унда Аллоҳ таоло шундай деган: “Китобдан улуш берилган кимсаларни кўрмадингизми, ўрталарида ҳакамлик қилиши учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳи юз ўгириб бурилиб кетадилар” (Оли Имрон сураси, 23 оят)”, деди. Али: “Ҳа, шундай, бунга мен лойиқроқман”, деди. Шунда кейинчалик хавориж бўлиб кетган қорилар ўринларидан турдилар, қиличларини кўтариб: “Эй амирул мўъминин, то Аллоҳ улар билан бизнинг ўртамизда ҳукм қилгунига қадар урушавермайликми?!” дедилар. Саҳл ибн Ҳунайф Ансорий ўрнидан туриб, уларга шундай деди: “Эй одамлар, сизлар (айблаш керак бўлса) ўзларингизни айбланглар. Биз Ҳудайбия куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик, агар урушамиз десак, бемалол уруша олардик. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мушриклар ўртасида сулҳ тузилган кун эди”. Сўнг у уларга Ҳудайдия куни Умар розияллоҳу анҳунинг сулҳга қарши чиққани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Фатҳ” сураси нозил бўлгани ҳақида сўзлади. Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу: “Эй одамлар, бу бир фатҳдир”, деди, масаланинг шу тарздаги ечимини қабул қилиб, ортга қайтди, одамлар ҳам қайтдилар[2]. Саҳл ибн Ҳунайф биродарлар ўртасида урушни давом эттиришни истаган кишиларни: “Эй одамлар, фикрингизни динингиздан устун қўйишдан сақланинглар, айблаш керак бўлса, ўз фикрларингни айбланглар”, деб жеркиб берди ва уларга икки тараф ўртасида ярашиш ва сулҳга келишишдан бошқа йўл йўқлигини, зеро шундан бошқаси оқибати номаълум бўлган фитна эканини англатди. Сўнг уларга деди: “Биз шу пайтгача қачон бирор иш учун қилич кўтарган бўлсак, қиличларимиз, албатта, бизни енгилликка етказган. Аммо бу ишда қиличлар яхшиликка олиб борадиганга ўхшамайди. Бу уруш давом этиши яхшими, ёмонми, номаълум. Фикрларга суяниб, бир томонни (туйнукни) ёпсак, бошқа томон очилиб қоляпти…”[3]

Ушбу саҳиҳ ривоятларда фитнага чорловчиларга ва саҳобаларни ёмон кўрувчиларга раддия бор. Улар одамлар ўртасида нафрат ва адоват уруғларини қадаш, қўлларидан келганича фитнани давом эттириш ва саҳобаларни бу урушни қўллаб-қувватловчи сифатида кўрсатиш учун ёлғон гапларни уйдириб, бу гапларни Сиффинда иштирок этган машҳур саҳоба ва тобеинларга нисбатлайдилар[4]. Муовия тарафдорларининг Усмоннинг қотилларини Муовияга топшириш шартисиз Қуръонни ҳакам қилишга чақиришлари ва Али тарафдорлари Муовиянинг Алига байъат бериши шартисиз бу чақириқни қабул қилишлари Сиффин урушидаги воқеалар тақозо этган хайрли ечим эди. Кўпчилик мусулмонлар фикрига кўра, жуда кўп мусулмонларнинг қони тўкилишига олиб келган бу урушни тўхтатиш ва бошқа қон тўкилиши олдини олиш умматнинг шавкатини сақлаб қолиш учун ҳам, унинг кучларини ҳақиқий душманга қарши урушларга асраш учун ҳам зарур эди.

Мўминлар амири Али розияллоҳу анҳу Сиффинда урушни тўхтатиш таклифини қабул этди, Қуръонни ҳакам қилишга рози бўлди, буни фатҳ деб ҳисоблади ва Кўфага қайтди. У бу ҳакамликдан ихтилофни йўқотиш, мусулмонларни бирлаштириш, сафларни жипслаштириш, фатҳ ҳаракатларини янгидан бошлаш каби кўп нарсаларни умид қилди.

Ҳар икки тараф Қуръонни ҳакам қилиш фикрига келишининг бир неча сабаблари бор эди:

а) бу уриниш Жамал воқеасидан кейин ихтилофни тўхтатиш ва қон тўкилиши олдини олиш мақсадида бошланган ва бирон наф келтирмаган жамоалар ёки шахслар тарафидан қилинган уринишларнинг охиргиси эди, шу кунгача икки тараф ўртасида бўлиб ўтган ёзишмалар ҳам бирон фойда келтирмаганди. Бу уринишларнинг охиргиси уруш авжига чиққан кунлари Муовия розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳуга урушни тўхтатиш талабида ёзган қуйидаги мактуб бўлди: “Ўйлайманки, бу уруш сизу бизни қандай оқибатга олиб бораётганини билдик, у икки тарафга ҳам фойда келтирмади. Ақлимизга енгилган бўлсак-да, олдимизда бир имконият бор, ўтган ишга пушаймон бўлиб, келажакка сулҳ билан киришдан ўзга чора йўқ”[5];

б) аёвсиз жанглар сабабли мусулмонларнинг қирилиб кетишлари қўрқуви пайдо бўлган эди;

в) уруш чўзилиб кетганидан одамлар зериккан ва ҳатто улар шундай чақириқни интиқлик билан кутиб тургандек эдилар. Ҳазрат Али қўшинининг асосий қисми сулҳ тарафдори эди, улар: “Уруш бизни еб битирди, сулҳга келишишдан бошқа қутулиш йўли йўқ”, дея бошлаган эдилар[6].  Бу эса мусҳафларни баланд кўтариш Амр ибн Ос тарафидан қилинган ҳийла бўлгани ҳақида зўр бериб ривожлантирилган тубан фикрга зид эди. Аслида, мусҳафларни кўтариш фикри Амр ибн Ос томонидан ўйлаб топилган янгилик ҳам эмасди, бундан олдин Жамал воқеасида ҳам Басра қозиси Каъб ибн Сур мусҳафни баланд кўтарган, бироқ камон ўқи билан ҳалок этилган эди;

г) ислоҳга чақирувчи ваҳий овозига ижобат этиш. Аллоҳ таоло айтади: “Ораларингизда бирор ишда келишмовчилик чиқса – Аллоҳга ва қиёмат кунига чин иймон келтирган бўлсанглар – унинг ҳукмини Аллоҳнинг китобига ва пайғамбарининг суннатига қайтаринглар” (Нисо сураси, 59). Буни Аллоҳнинг китобини ҳакам қилиш таклифига Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг берган жавоби ҳам қўллаб-қувватлайдики, у: “Ҳа, мен бунга лойиқроқман, сизлар билан бизнинг ўртамизда Аллоҳнинг китоби бор”, деган эди[7].

[1] “Комил” (5/662, 663).
[2] Мусаннаф Абу Шайба” “8/336). “Муснад Аҳмад маъал фатҳир-раббоний” (8/483).
[3] Бухорий (4189).
[4] “Ал-инсоф фиймо вақаъа фий тарихил асрир рошидий минал хилоф” (530-бет).
[5] “Диросот фий аҳдин нубувва” (432-бет).
[6] “Сиффин” (482-485-бетлар). “Диросот фий аҳдин нубувва” (432-бет).
[7] Мусаннаф Абу Шайба (8/336).

Изоҳ қолдиринг