Аббосийлар давлати: Мутаваккил ибн Мўътасим

0

Ўнинчи халифа Жаъфар Мутаваккил ибн Муҳаммад Мўътасим

(Халифалик даври ҳижрий 232-247 йиллар)

Жаъфар Мутаваккил ҳижрий 205 йили туғилди, онасининг исми Шужоъ бўлиб, асли хоразмлик умму валад[1] (чўри) эди.

Ўзи буғдойранг, юз-кўзи чиройли, озғиндан келган эди.

Халифалик тахтига оғаси Восиқнинг вафотидан сўнг, ҳижрий 232 йил зулҳижжа ойида ўтирди. Турк ҳарбийлари Восиқнинг ўғли Муҳаммад тахт соҳиби бўлишини исташарди, бироқ унинг ёши кичиклиги учун мажбур Мутаваккилга байъат бердилар. Унга биринчи бўлиб Аҳмад ибн Абу Дуод байъат берди.

Мутаваккил Восиқнинг вазири Муҳаммад ибн Абдулмалик Зайётни ҳибсга олди. У уни ёмон кўрарди, сабаби Ибн Зайёт Восиқнинг ўғли Муҳаммадни халифа қилишга ҳаракат қилган эди, шунингдек, у Восиққа Мутаваккилни ёмон кўрсатишга уриниб юрарди. У зиндонда ташлангач, кўп ўтмай азоб остида вафот этди.

Мутаваккил туркларнинг давлат бошқаруви ишларига тобора чуқурроқ кириб бораётганидан ва уларнинг ҳарбий ва идоравий мансабларнинг деярли барчасини эгаллаб олишганидан хавотирга тушиб, уларнинг шавкатини синдиришга ва нуфузларини пасайтиришга қасд қилди. Шундан сўнг бир баҳона билан давлатнинг энг муҳим бир неча мансабини эгаллаб турган ва етарлича тарафдорлари бўлган лашкарбоши Итохни Мансур ва Музаффар номли икки ўғли ҳамда бир неча ёрдамчилари билан биргаликда ҳибсга олди. Итох қамоқдаги қийинчиликларга дош беролмасдан ҳижрий 237 (мелодий 849) йил қамоқда ўлди.

Мутаваккил девон котибларидан бир неча нафарига ҳам ғазаб қилиб, уларни жазога гирифтор этди.

Аҳли зиммаларни (Ислом давлатида жизя тўлаб яшовчи ғайридинларни) мусулмонлардан фарқли кийинишга буюрди.

Ғайридинларнинг ибодатхоналарини буздириб юборди.

Карбалодаги Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумонинг қабрини, шунингдек, унинг атрофидаги тураржойларни буздирди.

Ўғли Мунтасирни Яман билан Ҳижозга волий қилиб юборди.

237 йили Аҳмад ибн Абу Дуод унинг ғазабига гирифтор бўлди, у фалаж бўлиб қолди, сўнг 240 йили вафот этди.

Мутаваккил учта ўғлини валиаҳд деб эълон қилди ва уларни қуйидаги тартибда тахт вориси этиб тайинлади:

  1. Муҳаммад исмли ўғли. Уни Мунтасир деб номлади;

  2. Зубайр исмли ўғли. Уни Муътаз атади;

  3. Иброҳим исмли ўғли. Унга Муайяд лақабини берди.

 Мунтасир ихтиёрига Африка, Мағриб (Марокаш), Арабистон ярим ороли, Шом чегара ҳудудларини топширди.

Муътазга Хуросон, Табаристон, Рай, Форс, Арманистон ва Озарбайжонни берди.

Муайядга эса Шом ўлкаларини тортиқ қилди.

Мутаваккил Қуръонни махлуқ дейишни ман қилди, бу ҳақда фармон битиб, барча ўлкаларга юборди. Шу фитна сабабли юз берган барча меҳнат-машаққатларни бекор этди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбални эҳтиром қилди, уни Бағдоддан ҳузурига чорлаб, иззат-икром кўрсатди. Қозиларни фақат унинг маслаҳати билан тайинлайдиган бўлди. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг  тавсияси билан Ибн Абу Дуод ўрнига Яҳё ибн Аксамни бош қози (қозий-қузот) лавозимига қайтарди.

Мутаваккил шофеий мазҳабини тутган эди ва у бу мазҳабни  тутган биринчи халифа бўлди.

Ҳижрий 240 йили Яҳё ибн Аксамни бош қозиликдан бўшатди ва ўрнига Жаъфар ибн Абдулвоҳидни қўйди.

Мутаваккилнинг Дамашққа меҳри бошқача эди, уни халифалик пойтахтига айлантиришни ва унга кўчиб ўтишни истарди. Шу ниятда у 244 йили Дамашққа келди ва унда қасрлар, девонлар қуришга амр этди. Бироқ шаҳар ҳавоси мизожига тўғри келмасдан, кўп ўтмай бу ерни тарк этди. Дория йўли узра, яъни Дамашқнинг жануб томонида қасрлар қуришни буюрди. Дорияда унга атаб қаср бино қилинди.

Дамашқда икки ойдан ошиқроқ туриб, қайтиб келганидан сўнг Сомарро яқинида Моҳуза шаҳрини бино қилиш амрини берди. Бу шаҳар Мутаваккилия деб танилди, уни Жаъфария ҳам дейиларди. Бу шаҳарда халифалик қасрини бино қилдирди ва у Луълуа қасри деб аталди. Ҳижрий 246 йили у янги шаҳарга кўчиб ўтди.

Умрининг охирларида иккинчи ўғли Муътазни валиаҳдликда акаси Мунтасирдан олдинга ўтказишни истади ва Мунтасирдан тахт ворислигидан воз кечишини талаб қилди, бироқ Мунтасир кўнмади. Шундан сўнг уни таҳқирлайдиган, омма олдида обрўсини тўкадиган бўлди, бу эса ўғилда отасига нисбатан нафратни шакллантирди. Турк ҳарбийлари бир неча сабаблар туфайли Мутаваккилдан юз ўгириб, ўғли Мунтасир билан уни ўлдиришга тил бириктирдилар. Шундан сўнг ҳижрий 247 йил шаввол ойининг учинчи куни (мелодий 861 йил 10 декабр) тунда қароргоҳига бостириб кириб, у билан вазири Фатҳ ибн Хоқонни қатл этдилар, сўнг Мунтасирга байъат бердилар.

[1] Умму валад – саййидидан (хожасидан) фарзанд кўрган чўри. Бундай чўрининг ўзига хос ҳукмлари бор, жумладан, у саййиди вафот этиши биланоқ озод бўлади ва уни сотиш жоиз  бўлмайди.

Изоҳ қолдиринг