Урва ибн Зубайр (2)

0

Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эди. У иссиқ кунларда рўзадор, узун тунларда бедор, тили эса доим Аллоҳнинг зикри билан машғул эди. Бунга қўшимча у Аллоҳнинг Китобига ҳамроҳ бўлиб қолган, Қуръон ўқишга шундай берилган эдики, кундузлари Қуръоннинг тўртдан бирини мусҳафга қараб, тунлари шунча қисмини ёддан тиловат қилар, эътиборли жиҳати – мана шу одатини ёшлигидан бошлаб то вафот топгунга қадар тарк қилмаган, фақат бир марта бошига тушган мусибат сабаб қолдирган эди. Бу ҳодиса тафсилотини кейинроқ баён қиламиз.

Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эканига далиллардан яна бири – намоз… Намоз унинг қалб роҳати, қўз қувончи ва ердаги жаннати эди. Намоз ўқиганида ниҳоятда гўзал, мукаммал ва узун ўқир эди. Урва ибн Зубайр ҳақида келган ривоятларда айтилишича: “У бир кишининг енгил намоз ўқиётганини кўриб, намоздан фориғ бўлгач ҳузурига чақирди ва: “Эй биродар, Аллоҳ таолодан сўрайдиган биронта ҳам эҳтиёжинг йўқми? Аллоҳга қасамки, мен намозда Аллоҳ таолодан ҳамма нарсани, ҳатто тузни ҳам сўрайман”, деб насиҳат қилди.

Урва ибн Зубайр саховатда ҳам пешқадам бўлиб, бағри кенг ва ниҳоятда қўли очиқ инсон эди. Сахийлиги ҳақидаги ривоятлардан бири: Мадинадаги энг катта боғлардан бири унга тегишли эди. Боғнинг ичи салқин, суви ширин, хурмо дарахтлари баланд ва кўп эди. Ҳайвонлар ва ёш болалар кириб дарахтларга шикаст етказмаслиги учун йил давомида боғнинг атрофини девор билан яхшилаб ўраб қўяр, хурмолар одамнинг иштаҳасини очадиган бўлиб ғарқ пишганда эса, одамлар бемалол кириб тўйгунларича еб, хоҳлаганларича олиб кетишлари учун қўрғондеворнинг бир неча тарафидан дарча очиб қўярди. Қачон боғига кирса, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини қайта-қайта ўқир эди: “Сен боғингга кирган ва ундан кўзинг қувонган пайтингда: “Мошооллоҳ, агар Аллоҳ куч-қувват бермасайди, буларга эришишга менда ҳеч қандай куч-қувват йўқ эди”, деб айтсанг эди!..” (Каҳф сураси, 39).

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Аллоҳ таоло Урва ибн Зубайрни, фақат иймон ва ишонч билан суғорилган қалб эгаларигина кўтара оладиган имтиҳон билан синашни ирода қилди. Мусулмонлар халифаси Урва ибн Зубайрни Дамашққа меҳмонга таклиф қилди. Урва ибн Зубайрга катта ўғли ҳамроҳ бўлди. Дамашққа етиб келишганда халифа уларни чиройли кутиб олди, иззат-икром кўрсатиб, ҳурматларини жойига қўйди. Сўнг кўнгиллар истамайдиган бир иш бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилди. Аввал Урва ибн Зубайрнинг ўғли халифанинг зотли отларини кўриш учун отхонага кирганида, отлардан бирининг тўсатдан тепиб юбориши натижасида, ўша ерда вафот этди. Кейин мусибатзада ота ўғлини тупроқга қўйиши кетидан, ўзи ҳам қорасон касали билан оғриб қолди. Болдири шишиб, оғриқ ҳам кундан кун кучая борди. Халифа ҳар тарафлардан табиблар чақириб, азиз меҳмонини даволашлари учун турли воситалар билан уларни рағбатлантирди. Лекин барча табиблар: “Касал бошқа аъзоларга ҳам тарқаб ҳалокатга олиб бормасдан аввал, оёқни кесиш керак”, деган якдил хулосага келдилар. Бунга кўнишдан бошқа чора йўқ эди. Жарроҳ келиб, оёқни кесиш учун асбобларни ҳозирлагач, Урва ибн Зубайрга деди: “Оёқни кесишдаги оғриқни сезмаслигингиз учун маст қилувчи ичимликдан ичишни маслаҳат қиламан”. Урва ибн Зубайр: “Ҳайҳот, йўқ-йўқ, даволаниш умидида ҳаромдан асло истифода қилмайман”, деди. Жарроҳ: “Унда наркоз берайлик”, деган эди, “Аъзоларимнинг биридан айрилишдаги оғриқни сезмай туриб, Аллоҳдан бунга ажр умид қилишни хоҳламайман”, деб жавоб берди. Жарроҳ оёқни кесишни бошлаётганида, бир қанча кишилар Урва ибн Зубайрни олдига келишди. Урва: “Булар кимлар?” деган эди. “Оғриқдан оёғингизни қимирлатиб юборсангиз, сизга бирон зарар бўлиб қолмаслиги учун ушлаб туришга келишди”, дейилди. Урва ибн Зубайр: “Буларнинг ҳожати йўқ, уларга жавоб бериб юбораверинг. Зикр ва тасбеҳ билан буларнинг ўрнини босишни умид қиламан”, деди. Жарроҳ тиғни олиб, тери ва гўштни кесди. Пичоқ суякка тақалгандан кейин аррани ишга солди. Урва эса: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар”, деб зикр айтиб ётарди. Жарроҳ суякни арралашда давом этди, Урва ҳам такбир ва таҳлил айтаверди. Ниҳоят, оёқ жасаддан ажралди. Қонни тўхтатиш ва газак олмай яра тез битиши учун, қиздириб турилган ёғга ботирилганда Урва ҳушидан кетиб, узоқ вақт беҳуш бўлиб ётди. Ана шундагина юқорида айтганимиз, Қуръондан кундалик улушини ўқий олмади. Ёшлигидан бошлаган бу хайрли одатини мана шунда бир мартагина тарк қилди.

Урва ўзига келгач, кесилган оёғини олиб келтиришларини сўради. Олиб келишгач, кесилган оёғини қўлига олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб туриб: “Кечалари сени устингда мени масжидларга юрғизган Аллоҳ биладики, мен сен билан асло ҳаромга бормадим”, деди ва Маън ибн Авснинг ушбу байтини ёдга олди (маъноси): “Қасамки, қўлимни асло шубҳага чўзмадим. Юргазмади мени фаҳш тараф оёқларим. Фаҳшга бошламади қулоғим ҳам кўзим. Ўйлатмади уни фикрим ва ақлим. Менга етган мусибат аввалгиларга ҳам етганин билдим”.

Азиз меҳмоннинг бошига тушган мусибатлар: ўғлидан, сўнг оёғидан ажралиши халифа Валид ибн Абдулмаликка ҳам оғир ботди. Шунинг учун меҳмонга таъзия билдириш, уни сабрга ундаш ва оз бўлса-да мусибатини енгиллатиш чораларини излади. Шу вақт Дамашққа “Бану Абс”дан бир жамоа келган эди. Уларнинг орасида кўзи кўр киши ҳам бор эди. Халифа ундан кўзининг кўрмай қолишига нима сабаб бўлганини сўраганида, шундай ҳикоя қилган эди: “Эй мўминларнинг амири, “Бану Абс”да мендан бой, мендан кўра хотин ва бола-чақаси кўп киши йўқ эди. Бир кун бутун мол-дунёйим, хотин ва болаларим билан қавмимга қарашли бир водийга келиб тушдим. Тўсатдан катта бир сел босдики, бунақасини ҳаётимда кўрмаган эдим. Бу сел мол-у дунёйимни ҳам, аҳли-аёл, бола-чақамни ҳам ҳаммасини оқизиб кетди. Қарасам, битта туя ва янги туғилган чақалоғимиз қолибди. Туя асов эди, бир силтаниб қўлимдан чиқиб кетди. Болани ерга қўйиб, туянинг кетидан югурдим. Туяга етган эдим ҳамки, у ёқда бола чинқириб қолди. Қарасам, бўри боламни тишлаб турган экан. Болага югурдим, лекин қутқаришга улгурмадим. Яна туянинг кетидан чопиб, уни ушлашга ҳаракат қилдим. Туяга яқинлашганимда оёғи билан тепиб юборди, пешанам ёрилиб, ана шунда кўзим ҳам кўрмай қолди… Шундай қилиб бир кечада аҳли-аёлим, бола-чақам, мол-дунёйим ва кўз нуримдан айрилиб қолдим…”

Унинг бу гапларини эшитган халифа ёрдамчисига: “Бу кишини меҳмонимиз Урва ибн Зубайрнинг олдига олиб бор. Бошига тушган бу мусибатни уларга ҳам айтиб берсин. Ҳаётда ўзидан кўра кўпроқ мусибатланганлар борлигини эшитса, шояд мусибати енгиллашар”, деди.

Урва ибн Зубайр Мадинага қайтиб, оиласи ҳузурига кирганида, уларга: “Эй аҳлим, қайғурманглар, Аллоҳ таоло бизга тўрт фарзанд берган эди, биттасини олиб, учтасини ўзимизда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Менга икки қўл ва икки оёқ берган эди, биттасини олиб, учтасини ўзимда қолдирди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳ мендан озини олиб, кўпини ўзимда қолдирди. Бир марта балолаган бўлса, кўп марта офиятда қолдирди”, деб тасалли берди.

Мадина аҳли ўз имомлари ва олимлари Урва ибн Зубайрнинг қайтганини билгач, у зотга таъзия билдириш ва кўнгил сўраш учун ҳар тарафдан кела бошладилар. Таъзия билдирганлар ичида энг чиройли ва таъсирли сўз Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳаники бўлди: “Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ, тана аъзоларингиз ва фарзандларингиздан бири сиздан аввал жаннатга кетди. Аллоҳ хоҳласа, барчангиз бир-бирларингизга эргашасиз. Аллоҳ таоло бизларга, биз муҳтож бўлган, сизнинг илмингиз ва фикрингизни қолдирди. Аллоҳ таоло илмингизни сизга ҳам, бизга ҳам фойдалик қилсин. Аллоҳ ажр-у савоб бериш ва гўзал ҳисоб қилиш Эгасидир”.

Урва ибн Зубайр бутун ҳаёти мобайнида мусулмонлар учун ҳидоят нури, нажотга йўлловчи ва яхшиликларга чорловчи бўлиб қолди. Энг катта аҳамиятни болаларга, хусусан, ўзининг фарзандлари ва, қолаверса, бошқа мусулмонларнинг фарзандлари тарбиясига қаратди. Ҳеч бир фурсатни қўймай, уларни тўғри йўлга йўллаб, насиҳат қилиб турди. Фарзандларини илм талаб қилишга қизиқтириб айтган сўзларидан баъзилари: “Болаларим, илм талаб қилинглар ва унинг ҳаққини тўла ўтанглар. Гарчи сиз қавмнинг кичиги бўлсангиз ҳам, илм билан Аллоҳ таоло сизни қавмнинг катталаридек қилиб қўяди”. Сўнг: “Бу дунёда илмсиз қариликдан ҳам қабиҳроқ нарса бормикин?!” дер эди.

Яна фарзандларини Аллоҳ азза ва жалла йўлида берадиган садақаларнинг яхшиларини танлаб, чин кўнгилдан беришга даъват этарди: “Болаларим, қавмингизнинг ҳурматли кишисига беришга уяладиган нарсани Аллоҳ йўлида садақа қилманглар. Чунки Аллоҳ энг Азиз ва энг Ҳурматли ва ҳамда энг яхшисини танлаб беришга Ҳақли Зотдир”.

Уларга одамларни танитиб, уларнинг туб мақсадларини кўра билиш ва англашни ўргатиб шундай дер эди: “Болаларим, гарчи одамлар наздида ёмон киши деб билинган одамдан бир яхши амал кўрсангиз, ундан яхшиликни умид қилаверинг, зеро, яхшиликнинг ака-укалари бўлади. Ва гарчи одамлар наздида яхши киши деб билинган одамдан бир ёмон амал кўрсангиз, ундан эҳтиёт бўлинглар, зеро, ёмонликнинг ҳам ака-укалари бўлади. Яхшилик ака-укаларига етаклайди ва ёмонлик ҳам ака-укаларига етаклайди, шуни билиб олинглар!”

Яна уларни содда муомала қилишга, ширин сўз ва очиқ чеҳрали бўлишга ундар эди: “Болаларим, ҳикматли сўзларда келган: “Сўзинг ширин, чеҳранг очиқ бўлса, одамларга пул бериб турувчи кишидан ҳам суюкли бўласан”.

Урва ибн Зубайр одамлар дунёга боқиб, неъматлар билан ҳузурланиб қолганларини кўрса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғир ва машаққатли ҳаётларини эслатар эди. Мана шулардан бирини Муҳаммад ибн Мункадир ҳикоя қилиб берган: “Бир кун Урва ибн Зубайр қўлимдан ушлаб: “Эй Абу Абдуллоҳ, мен холам мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирганимда, менга: “Эй ўғлим, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларида қирқ кунлаб ўт ёқилмас эди”, деди. Мен: “Нима билан кун кечирар эдингиз?” деб сўрадим. Оиша розияллоҳу анҳо: “ Хурмо ва сув билан”, дедилар.

Урва ибн Зубайр етмиш бир йил яхшилик ва эзгуликларга тўла, тақво билан бурканган умр кечирди. Қочиб қутилиб бўлмайдиган ажал унга ҳам келган куни у рўзадор эди. Аҳллари ифторлик ҳозирлашганида, Кавсар сувлари билан оғиз очишни умид этгани учун ифтор қилмади…

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг