Умар розияллоҳу анҳу: Тавҳидни ҳимоя қилиши ва бидъатларга қарши кураши

0

Нилга аталган келинчак

Миср волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу халифа Умар розияллоҳу анҳуга Миср халқининг ҳар йили биттадан қизни Нил дарёсига отиш одати ҳақида ёзиб юборди. Чунки, улар унинг ҳузурига келишиб: “Эй волий, Нилимизнинг бир одати бор, шуни қилмасак, унинг суви кўпаймайди”, дейишган эди. У: “Нима одат экан?” деб сўраганида: “Ҳар йили шу ойнинг ўн иккинчи кечасида бир қизни танлаймиз, унинг ота-онасини рози қиламиз, кейин уни келинчаклардек ясантириб, зеб-зийнатлар тақиб, энг чиройли суратга келтирамиз, сўнг уни Нилга ташлаймиз”, дейишди. Амр айтди: “Бу нарса Исломда мумкин эмас, Ислом ўзидан олдинги бу каби удумларни бекор қилган”. Шундан сўнг шу йили бу удумни қилмадилар. Аммо бир қанча вақтгача дарёда сув кўпаймасдан тураверди. Шундан сўнг Амр бу ҳақда Умар розияллоҳу анҳуга ёзиб юборди. Умар розияллоҳу анҳудан шундай жавоб келди: “Тўғри иш қилибсан. Мен бу мактубга бир битоқа (бир парча қоғоз) қўшиб юборябман. Сен уни Нилга ташла”. Умарнинг хати етиб келгач, Амр битоқани олиб ўқиди. Унда шу сўзлар ёзилган эди: “Аллоҳнинг қули ва мўминлар амири Умардан Миср халқининг Нилига. Аммо баъд… Агар сен ҳеч кимнинг амрисиз, фақат ўз хоҳиш-ироданг билан оқиб ётган бўлсанг, майли, оқмай қўяқол, бизга керагинг йўқ. Аммо агар ягона ва қудратли Аллоҳнинг амри билан оқаётган бўлсанг ва сени У оқизаётган бўлса, биз Аллоҳ таолодан сени оқизишини сўраймиз”.

Амр хатни Нилга ташлади. Шундан сўнг  шанба кунидан бошлаб, дарё Аллоҳнинг амри билан ўн олти газ кўтарилиб, тўлиб оқа бошлади. Аллоҳ таоло Миср аҳлидан то қиёматгача бу ёмон удумни кўтарди[1].

Битоқада Форуқ розияллоҳу анҳу тавҳидга йўлловчи маънони, яъни Нил фақат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ва қудрати билангина оқиб турганини баён қилди, одамларга уларнинг нафсларида илдиз отиб кетган бузуқ эътиқодларини фош қилди. У ўзининг доно сиёсати билан мисрликлар қалбидан бу эътиқодни юлиб ташлади.

Сен фойда ҳам, зарар ҳам беролмайдиган тошсан

Аббос ибн Рабеадан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу ҳажарул асвад (Каъба деворига ўрнатилган қора тош) олдига бориб, уни ўпди, сўнг шундай деди: “Мен биламанки, сен зарар ҳам, фойда ҳам етказолмайдиган бир тошсан, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпганларини кўрмаганимда ўпмаган бўлардим”[2].

Умар розияллоҳу анҳунинг бу иши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг гўзал суратда, энг тўғри маънода эргашишдир.

Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида Табарийнинг ушбу гапини келтиради: “Умарнинг бундай дейишига сабаб одамлар бутларга сиғиниш замонига яқин эдилар, шу боис жоҳиллар ҳажарул асвадни ўпиш арабларнинг жоҳилият даврида қилганларидек тошларни улуғлаш туридан деб ўйлаб қолмасинлар деб қўрқди. Шунинг учун у қора тошни ўпиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ишларига эргашиш бўлганини билдириб қўйишни истади”.

Ибн Ҳажар  сўзида шундай давом этади: “Умарнинг бу сўзни айтишида дин ишларида шариатбошига бўйсуниш ва маънолари аниқ очиб берилмаган, ҳикмати номаълум ишларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чиройли эргашиш бордир”[3].

Ризвон дарахтини кестириб ташлагани

Ибн Саъд саҳиҳ санад билан Нофеъдан ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳуга бир қавм Ризвон дарахти (Ҳудайбияда саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга остида байъат берган дарахт) олдида намоз ўқишни одат қилгани хабари етди. Шунда у зот ҳалигиларга таҳдид қилиб, ўша дарахтни кестириб юборди”[4].

Амирул мўъминин Умар розияллоҳу анҳунинг тавҳидни ҳимоя қилишда ва фитна келиб чиқиш ўринларини бартараф этишда тутган мавқифи (позицияси) шундай эди, чунки у одамлар саҳобалар қилмаган ишни қила бошлаган эдилар. Бундай қилиш эса, бидъат бўлиб, бора-бора ўша дарахтга сиғинишга олиб бориши мумкин эди.

Дониёлнинг қабри

Тустарда Дониёлнинг қабри борлиги маълум бўлгач, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бу ҳақда Умар розияллоҳу анҳуга ёзиб юборди. Умар унга шундай жавоб йўллади: “Кундузи ўн учта қабр ҳозирлатгин-да, тунда уни улардан бирига дафн эт, қай бирига кўмилганини одамлардан махфий тут, токи одамлар фитнага тушмасинлар”[5].

“Пайғамбарингиз қадамжоларини масжид қилиб олмоқчимисизлар?!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сафарда юрганида одамлар бир жойни қасд қилиб, ўша ерда намоз ўқиётганларини кўрди. Сабабини сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ерда намоз ўқиган эканлар, дейишди. Шунда у: “Сизлардан илгари ўтганлар шу каби нарсалар сабабли ҳалок бўлишган, пайғамбарларининг қадам изларини намозгоҳ қилиб олишган. Намоз вақтига тўғри келган одам намоз ўқисин, бўлмаса, йўлида давом этсин”, деди[6].

Яратувчи Аллоҳ эканини билдириб қўймоқчи бўлдим

Умар розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидни Шомдаги қўшин қўмондонлигидан бўшатиши сабаби умматнинг умумий манфаатидан бошқа нарса эмасди. Умар Форуқ одамларнинг қалби Холидга боғланиб қолишидан ва Холид бор жойда, албатта, ғалаба бор деб эътиқод қилиб қолишларидан, ғалабани Холиднинг баракотига ва ҳарбий маҳоратига боғлиқ деб санашларидан қўрқди. Ҳақиқий ғалаба берувчи Аллоҳ эканини, фақат У истаганини қилувчи зот эканини уларга билдириб қўйишни истади ва Холидни қўмондонликдан бўшатиш ҳақида қарор чиқарди. Барча вилоятларга юборилган ва унинг бу қарорини шарҳлаган мактубида шундай деб таъкидлаган эди: “Мен Холидни ёмон кўрганимдан ё хиёнаткорлиги учун бўшатмадим, балки одамлар у билан фитналаниб қолишди. Мен ҳамма нарсани ҳал қилувчи Аллоҳ эканини уларга билдириб қўймоқчи бўлдим”[7].

Ҳақиқий таваккул қилувчи ерга уруғ ташлаган одам бўлади

Муовия ибн Қурра айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ямандан (йўл озуқасисиз) келган бир тўп одамларни кўриб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Биз таваккул қилувчилармиз”, дейишди улар. “Йўқ, сизлар одамларнинг қўлига қараб қолган ялқовларсиз, таваккул қилувчи аввал ерга уруғ қадайди, сўнг Аллоҳга таваккул қилади”, деди у зот”[8].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/102). Али Тантовий айтади: “Биз бу ҳикояни машҳурлиги учун нашр этдик, саҳиҳлиги учун эмас”.
[2] Бухорий (1597).
[3] “Фатҳул Борий” (3/590).
[4] Ибн Саъд, “Табақот” (2/100).
[5] “Фатово” (15/90).
[6] “Фатово” (10/235).
[7] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/82).
[8] “Асҳобур-расул” (1/168), санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг