Усмон розияллоҳу анҳу: Вилоятлар ва волийлар (2)

0

Тўртинчи: Яман ва Ҳазрамавт

Умар розияллоҳу анҳу вафот этган пайтда унинг Ямандаги волийси Яъло ибн Умайя бўлиб, у ўша кунлари Умар розияллоҳу анҳунинг буйруғига кўра Мадина сари йўлга чиққан эди. Йўлда эканида унга Усмон розияллоҳу анҳунинг хати етиб келди. Хатда Умар розияллоҳу анҳунинг вафот этгани, ўзи эса Усмон тарафидан Санъога волий этиб тайинлангани хабар берилган эди. Шундай қилиб, у Санъога йўл олди ва то Усмоннинг вафотигача Санъода волий бўлиб қолди[1].

Жанад шаҳрига эса Усмон розияллоҳу анҳу даврининг бошидан охирига қадар Абдуллоҳ ибн Рабеа волий бўлиб турди[2].  Афтидан, ушбу ўлкада бошқа волийлар ҳам бўлиб, улар Яманнинг бошқа минтақаларини бошқарган, лекин манбаларда асосан мазкур икки волий тилга олинади. Қолаверса, манбаларда Усмон даврида Яманда бўлган воқеалар ҳақида батафсил гапирилмаган. Шунингдек, барча волийларга жўнатилган умумий фармонлардан ташқари Усмон ва унинг Ямандаги волийлари ўртасидаги ёзишмалар ҳақида ҳам деярли маълумот учрамайди[3]. Яман аҳли Усмон розияллоҳу анҳу даврида волийларга итоат этиши ва уларга бўйсуниши билан танилган эди. Бунга қуйидаги ривоят ҳам далил бўлади:

Усмон розияллоҳу анҳу Яманга сақифлик бир кишини юборди. У қайтиб келгач, Усмон ундан Яман аҳли ҳақида сўради. Шунда у бундай жавоб берди: “Хоҳ ҳақ, хоҳ ноҳақ бўлсин, сўралган нарсани берадиган қавмни кўрдим”[4].

Маълумки, бир нечта яманлик қабилалар Умар розияллоҳу анҳу давридаги фатҳлар асносида Ироқ, Миср ёки Шомда бўлсин, янги фатҳ қилинган исломий шаҳарларга кўчиб ўтишган эди. Кейинчалик Яман ва унинг аҳолисининг бу шаҳарлар билан алоқалари Усмон розияллоҳу анҳу даврида ҳам тўхтамади. Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлган ўша машъум фитна воқеаларида Яман яҳудларидан бўлган кишиларнинг ҳам хавфли иштирокини кўрамиз. Ана ўша фитначи қонхўрларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Сабаъ бўлгани гапимизга яққол мисолдир. Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилганидан сўнг унинг бир қанча волийлари Яманни ташлаб, содир бўлаётган бу ҳодисаларда қатнашиш учун Ҳижозга келишди. Улар орасида Яъло ибн Мунайя ва Абдуллоҳ ибн Рабеалар бор эди[5].

Бешинчи: Шом вилояти

Усмон розияллоҳу анҳу халифаликка сайланган пайтда Муовия розияллоҳу анҳу Шом диёрининг аксар қисмига волий эди. Ҳазрати Усмон Яман, Баҳрайн, Миср ва яна баъзи вилоятлар волийлари қаторида уни ҳам ўз вазифасида қолдирди[6]. Ҳодисалар ривожлана бориб, бошқа баъзи минтақалар ҳам унинг вилоятига қўшилиши натижасида Муовия Шом диёрининг мутлақ волийсига, Усмоннинг волийлари ичида энг нуфузли ва энг қудратлисига айланди.

Усмон ибн Аффон халифалигининг дастлабки даврида Шомда Муовиядан бошқа волийлар ҳам бор эди. Мисол учун, Умайр ибн Саъд Ансорий Ҳимс волийси бўлиб, Усмон ибн Аффон ҳузурида обрў-эътибор қозониш борасида Муовияга асосий рақобатчи эди. Бироқ шу орада касалликка чалиниб, волийлик вазифасини бажаришга ожизлик қилиб қолди ва халифадан истеъфо сўради. Усмон розияллоҳу анҳу унинг истеъфосини қабул қилиб, вазифасидан озод этди ва унинг вилоятини ҳам Муовияга қўшиб берди. Сўнг Муовия Ҳимсга ўзи тарафидан Абдураҳмон ибн Холид ибн Валидни волийликка тайинлади. Фаластин волийси Алқама ибн Муҳриз вафот этгач, Усмон розияллоҳу анҳу унинг вилоятини ҳам Муовияга қўшиб берди. Шундай қилиб, Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан икки йил ўтгач, Шом ўлкаси тўлалигича Муовия волийлиги остига ўтди. Усмон розияллоҳу анҳу вафот этганида ҳам Муовия Шом амири эди[7].

Муовия розияллоҳу анҳу волийлиги даврида Шомда жуда кўп воқеа-ҳодисалар юз берди ва у энг муҳим жиҳод минтақаларидан бири бўлди. Шом диёри умуман олганда барқарор ҳолатда ва тўлалигича Ислом ҳукми остида бўлиб, унда румликларнинг беқарорлик пайдо қилиш ва ғавғо чиқаришга уринишлари анча камайган эди. Шом Рум давлатига чегарадош бўлганидан ўша тарафларга жиҳод қилиш учун Муовия олдида майдон кенг очиқ эди ва у бу фурсатдан имкон қадар фойдаланди.

Халифа Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги даврларига келиб Муовия розияллоҳу анҳу Ислом давлати бошқарувида анчагина салмоқли вазнга эга эди. Усмон розияллоҳу анҳу фитна булутлари осмонни қоплаб келаётган пайтда кенгашга чорлаган волийлар ичида у ҳам бор эди. Ушбу кенгашда у ўзига хос бир неча фикрларни ўртага ташлади, Аллоҳнинг изни билан бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритилади[8].

[1] «Тарихи Табарий» (5/442).
[2] «Тарих Халифа ибн Хайёт», 179-бет
[3] «Ал-вилоя алал-булдон» (1/171).
[4] Ҳасан Сулаймон, «Тарихул Яман ас-сиясий фил асрил исламий» (79-бет).
[5] «Тарихи Табарий», (5/442).
[6] «Тарих Халифа ибн Хайёт», 155-бет
[7] «Тарихи Табарий», (5/443).
[8] «Ал-вилоя алал-булдон» (1/176).

Изоҳ қолдиринг