Никоҳ: Никоҳ тўйининг муддати ва тўйга бориш ҳукми

0

Валима неча кунгача давом этиши мумкин?

Уламолар бу борада ихтилоф қилишган. Чунки мавзуга оид ҳадисларда муайян чеклов зикр қилинмаган. Баъзи уламолар валима-никоҳ тўйининг етти ёки саккиз кунгача давом этишини жоиз деганлар. Бироқ валима уч кундан ортиққа чўзилмаслиги афзалдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийяга уйландилар. Уни озод қилганларини маҳрга ҳисобладилар ва уч кун валима қилдилар»[1].

Ушбу ҳадис валиманинг уч кундан ортиқ давом этиши жоиз эмаслигига далолат қилмайди. Фақат бунинг учун тўйга риёкорлик аралашмаслиги шарт. Зеро, инсон тўйга айтилиши лозим бўлган кишилар кўплигидан уч кун мобайнида барчага зиёфат беришга улгурмаслиги мумкин. Ибн Абу Шайба Ҳафса бинти Сириндан ривоят қилади. У шундай дейди: «Отам уйланганида етти кун саҳобаларга зиёфат бердилар. Ансорларнинг навбати келганида Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқаларни чақирдилар…»[2]

Ҳадисдаги «Ансорларнинг навбати келганида», деган сўздан маълум бўладики, ҳар куни турли одамлар зиёфатга айтилган. Ҳар куни бошқа-бошқа одамлар чақирилгач, мақтаниш ва риё бўлмайди, валлоҳу аълам.

Шу боис, Имом Бухорий китобида «Етти кун ва шунга яқин муддат валима қилганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (валима учун) бир ёки икки кун белгиламаганлари тўғрисидаги боб», деган сарлавҳа қўйган[3].

Валиманинг учинчи кунга ўтиши риёкорлик – одамлар кўриши ва эшитиши учун бўлиши тўғрисидаги ҳадислар заифдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далолатига кўра, бой-бадавлат ва мурувватли кишилар валима – никоҳ тўйи ўтказишда куёвга ёрдам беришлари мустаҳабдир. Ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафийяга куёв бўлган ҳолларида тонг оттирдилар. У зот: «Кимда нима бўлса келтирсин», дедилар-да, теридан бўлган тўшакни ерга ёздилар. Кимдир қурут, кимдир хурмо ва яна кимдир ёғ келтирди. Ҳаммасини аралаштириб ҳайс[4] тайёрладилар. Шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам валима қилдилар»[5].

Никоҳ тўйига бориш

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Биронтангиз валимага (бошқа бир ривоятда: «никоҳ валимасига»[6]) чақирилса, борсин»[7]. Яна бошқа бир ривоятда: «Биронтангизни биродари тўйга чақирса, никоҳ тўйи бўладими ёки шунга ўхшашми, албатта. борсин»[8], дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким чақирилган жойга бормаса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди»[9].

Ушбу ҳадислар валимага чақирилган киши унга бориши вожиблигига далолат қилади. Зотан, уламоларнинг машҳур фикрига кўра, валимага бориш вожиб. Чақирилган тўйга бориш вожиб бўлишининг бир неча шарти бор. Улар қуйидагилар:

  1. Тўй эгасининг мусулмон бўлиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Биронтангизни биродари тўйга чақирса…» деганлари шунга далолат қилади.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар кофир қўшнингиз уйланиб, сизни тўйига чақирса, бориш вожиб бўлмайди. Лекин борса, жоиз. Чунки кофир зиёфатга чақирса, бориш жоиздир. Аммо кофирларга хос байрамлардаги каби уларнинг диний муносабат ва маъракаларига қатнашиш жоиз эмас…»[10].

Шунга кўра, кофирларнинг никоҳ тўйи черковда ўтказилса, унга бориш дуруст эмас.

  1. Тўй эгаси тўйга чақирган бўлиши. Зеро, унинг чақириғига жавоб ўлароқ тўйга борилади. Чунки ҳадисда «тўйга чақирса», дейилган. Шунга биноан, чақирилмаган кишининг тўйга бориши вожиб бўлмайди.

  2. Тўйга шахсан чақирилган бўлиши. Ҳадисдаги «Биронтангиз биродарини тўйга чақирса», деган сўз шахсан тўйга чақирилган бўлишини тақозо қилади. Аммо тўй эгаси тўйга умумий тарзда, ёппасига чақирган бўлса, у ҳолда ҳар бир кишининг шахсан тўйга бориши вожиб бўлмайди. Чунки бу ҳолатда чақириқ оммага қаратилган бўлиб, муайян бир шахснинг тўйга қатнашмаслиги жоиздир. Мазкур ҳолатда тўйга қатнашиш ҳукми фарзи кифояга ўхшаб қолади: бир жамоатнинг тўйга бориши билан вожиб соқит бўлиб, қолганларнинг бориш, бормаслиги жоиз бўлиб қолади.

  3. Тўйда ношаръий ишларнинг бўлмаслиги. Агар тўйда ношаръий ишлар бўлса, у ҳолда одамларни ундан қайтариш, ножўя ишларни батараф этиш учунгина бориш жоиз. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен овқат ҳозирлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таомга чақирдим. У зот келдилар-у уйдаги расмларга кўзлари тушди ва ортларига қайтдилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин. Нега ортга қайтдингиз?» дедим. «Уйда расм чизилган парда бор экан. Расм бор уйга фаришталар кирмайди», дедилар»[11].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Абу Айюб розияллоҳу анҳуни уйига чақирди. Абу Айюб уйда деворга осилган матони кўрди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Аёлларнинг иши, ўз билганидан қолишмайди-да», деди. Абу Айюб: «Ҳаммадан кутсам ҳам, сендан кутмаган эдим! Аллоҳга қасам, сизлар пиширган таомни емайман!» дея ортига қайтди»[12].

Абу Масъуд Уқба ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши овқат пишириб, уни зиёфатга чақиради. Шунда Абу Масъуд: «Уйда сурат борми?», деб сўрайди. «Ҳа», дейди ҳалиги киши. Шунда Абу Масъуд суратни синдирмагунча унинг уйига кирмаслигини айтади. Сурат синдирилгач, унинг уйига киради[13].

Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ноғора ва танбур чалинган бирон валимага кирма»[14].

Агар бундай тўйларга борган киши ундаги ножўя ишларга чек қўйишга қодир бўлса ёки тўйда қатнашиши унда ножўя ишлар бўлмаслигини таъминласа, у ҳолда тўйга қатнашиши вожиб бўлади. Акс ҳолда, бундай тўйларга бориш ҳаромдир.

Агар тўйга борилмаса, тўй эгасига бормаслик сабабини айтиш лозимми, йўқми?

Жавоб: ҳа, узрли эканини билдириб қўйиш ва тўй эгаси келгусида ножўя ишлардан тийилиши ёки бу ишларнинг ҳаромлигини билмаса, билиб олиши учун айтиш лозим.

  1. Тўйга бормаслик учун бирон узр бўлмаслиги. Касаллик, сафарда бўлиш, олдинроқ бошқа тўйга чақирилганлик ва ҳоказо ишлар шулар жумласидандир.

[1] Абу Яъло ривояти, 6/446. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да (9/240): «Ҳасан санад билан ривоят қилинган», дейди.
[2] «Мусаннафи Ибн Шайба» (3/561), «Сунани Байҳақий» (7/261).
[3] Қаранг: «Фатҳул Борий», 9/240.
[4] Ҳайс – қурут, ёғ ва хурмони аралаштириб тайёрланган овқат (тарж.).
[5] Бухорий (371), Муслим (135), Насоий (6/131) ривояти.
[6] Муслим (1429), Абу Довуд (3738) ривояти.
[7] Бухорий (5173), Муслим (1429), Абу Довуд (3736) ривояти.
[8] Муслим ривояти, 1429.
[9] Бухорий (5177), Муслим (1432), Абу Довуд (3742), Ибн Можа (1913) ривояти.
[10] «Аш-шарҳул мумтеъ», 5/337. «Исломийя» нашриёти.
[11] Муслим (2017), Насоий (8/215) ривояти. Бухорий (5957) ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган.
[12] Бухорий «муаллақ» ҳолда («Фатҳул Борий», 9/349) ривоят қилган. Ушбу муаллақ ҳадис санадини Имом Аҳмад «Ал-вараъ»да ва Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (5/204) туташ ҳолда ривоят қилишган.
[13] Байҳақий ривояти, 7/268. Албоний «Одобуз-зифоф»да (93-бет) саҳиҳ деган.
[14] Албоний саҳиҳ деган ва «Одобуз-зифоф»да (93-бет) уни Ҳарбийинг «Ал-фавоидул мунтақоҳ» китобига нисбат берган.

Изоҳ қолдиринг