Маҳрумлар (9)

0

Яна бир воқеа: Исломдан фақат исмини биладиган, намоз ўқимайдиган, ҳидоятдан йироқ бир йигитга ўлим мастлиги – хатарли, шиддатли, қўрқичли лаҳзалар – келганида: “Ла илаҳа иллаллоҳ, дегин”, деб айтилса, нима деб жавоб берганини биласизми? “Мен бу сўзга кофирман, мен бу сўзга кофирман”, деб қайта-қайта айтиб жон берибди. Аллоҳдан ҳусни хотима сўраймиз.

Йўлда ҳалокатга учраган яна бир йигитга ёрдам бериш учун, йўловчилар машина олдига келиб қарашса, йигитнинг жони ҳалқумига келган, ғарғара ҳолатда ётибди, магнитафондан эса ғарб мусиқасининг овози баралла эшитиляпти. Дарҳол магнитафонни ўчириб, йигитга “Ла илаҳа иллаллоҳ, дегин”, дейишса, йигит динга ҳақоратли сўзларни айтиб, охирида: “Намоз ўқишни ҳам, рўза тутишни ҳам хоҳламайман”, деганча жон топширибди. Бундай ҳолатдан бизни Ўзи асрасин.

Йўл транспорт назорати ходимларидан бири ҳикоя қилади: “Тўсатдан қаттиқ тўқнашув товушини эшитдик. Қарасак, икки машина бир-бирига шундай қаттиқ урилганки, таърифлашга тил ожиз… Қаттиқ шикастланган икки кишини тезлик билан машинадан чиқариб ерга узала ётқизиб қўйдик. Кейин иккинчи машинага бориб қарасак, ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмган экан. Ҳалиги икки кишининг олдига қайтдик. Улар ўлим талвасасида ётган эдилар. Шеригим уларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни талқин қила бошлади, лекин уларнинг тилларидан қўшиқ эшитиларди. Бу ҳолат мени даҳшатга солди. Менга акс ўлароқ шеригим бундай ҳолатлардан хабардор экан, шаҳодат калимасини уларга талқин қилиб турди. Аммо фойдаси бўлмади, улар қўшиқ айтишда давом этавердилар. Аста-аста товушлар пасайиб аввал биринчисининг товуши буткул тўхтади, кейин иккинчиси ҳам жим бўлиб қолди. Ҳаётимда бундай манзарани кўрмаган эдим. Уларни машинага жойладик. Шеригим: “Одамлар ўзларининг ички ва ташқи ҳолатларига кўра ё яхшиликда, ёки ёмонликда вафот этадилар”, деди. Мен ўлимдан қўрқиб қолдим, бу ҳодисадан қаттиқ таъсирландим. Ўша куни намозларни астойдил ўқидим.

Бу ҳодисадан кўп ўтмай бошқа бир ҳодиса устидан чиқдик. Бир йигит ўзининг машинасида кетаётганда, тўсатдан машинаси бузилиб қолибди. Мадинага олиб борувчи ер ости йўлларнинг бирида, машинадан тушиб тузатиб турганида, орқасидан бошқа бир машина тезлик билан келиб, йигитнинг машинасини уриб юборган. Натижада, йигит жиддий жароҳат олиб, ерда ётган эди. Зудлик билан машинага олдик ва ёрдам кўрсатишга тайёр туришлари учун касалхонага хабар бердик. Қарасам, ёшгина йигит, кўринишидан динда мустаҳкамлиги билиниб турарди. Машинага чиқариш учун кўтарганимизда, лаби нималарнидир айтиб пичирлар, аммо тушунарсиз, нима деяётганини англаб бўлмас эди. Лекин йўлда йигитнинг сўзлари тушунарли бўла бошлади. У Қуръон тиловат қилаётган эди. Субҳоналлоҳ! Шундай тиниқ тиловат қилар эдики, уни кийимига ўраб қўйилганини айтмасангиз, суяклари синиб, жароҳатланган, жон таслим қилиш арафасида турган одам деб ўйламайсиз. Сўнг гўзал овозда ўқиб турган йигит жим бўлиб қолди. Қарасам, кўрсатгич бармоғини кўтариб, шаҳодат калимасини айтаётган экан. Сўнг боши эгилди. Қўлимни узатиб қўлини, юрагини ушлаб кўрсам, нафас олмаяпти… жим-жит. Ҳаётдан ажралди. Оламдан кўз юмди. Унга анча тикилиб қолдим. Беихтиёр кўзимдан ёшлар дув-дув оқа бошлади. Шеригимга йигитнинг жони узилганини айтган эдим, у ҳам йиғлаб юборди. Иккаламиз ҳам йиғидан ўзимизни тўхтата олмадик. Манзара ўта таъсирли эди. Касалхонага етгач, йигитнинг ҳолатини гапириб бердик. Кўпчилик йиғлади, ҳатто бир киши ўта таъсирланганидан бориб, йигитнинг пешонасидан ўпди. Масъуллардан бири йигитнинг уйдагилари билан боғланди. Қўнғироққа жавоб берган йигитнинг акаси экан. У укаси ҳар душанба қишлоқдаги бувисини бориб кўришини, у ердаги бева-бечора, етим ва камбағаллар ҳолидан хабар олиб туришини, қишлоқ аҳли уни яхши танишларини, уларга китоблар, маърузалар ёзилган тасмалар олиб бориб беришини, бугун ҳам шу мақсадда уйдан чиқиб кетганини айтди. Дарҳақиқат, машинаси гуруч, шакар ва болалар учун ширинликларга тўла эди. Йўлнинг узоқлигини айтиб уни сафардан тўсмоқчи бўлганларга: “Мен йўлнинг узоқлигидан унумли фойдаланаман. Қуръон ёдлайман, ёд олган сураларни такрорлайман, фойдали маърузалар эшитиб бориб келаман ва бундан ташқари, ҳар бир босган қадамимга Аллоҳдан ажр умид қиламан”, деб жавоб берар экан…”

Ҳодисани айтиб берган ходим сўзида давом этиб: “Мен беқарор ҳаёт кечирардим. Бўш вақтим кўплиги, билимим озлиги ва Аллоҳдан узоқлигим туфайли ҳайрат-кўрлик мени у куйдан бу куйга соларди. Йигитга жаноза ўқиб, уни дафн қилгач, йигит охиратнинг биринчи кунига юзланган бўлса, мен гўёки дунё кунларининг биринчисини бошладим. Шу вақтдан бошлаб Аллоҳга ҳақиқий тавба қилдим. Шояд Аллоҳ ўтган гуноҳларимни кечириб, тоат-ибодатда собит қилиб, чиройли хотима билан вафот топтирса”, деб сўзини тугатди йўл транспорт хизмати ходими.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ тўғри айтган эканлар: “Субҳоналлоҳ, бундай ибратларнинг қанчасига одамлар шоҳид бўлишган ва яна қанча-қанча жон таслим қилаётганларнинг ҳолатларидар хабарлари йўқ”.

Ўзини истиқоматдан, Аллоҳ таолога тоат-ибодатдан маҳрум қилган, қалби Аллоҳдан узоқ, Ундан ғафлатда қолган ҳамда шаҳвати ва нафси-ҳавосига қул бўлган киши гўзал хотимага қандай ҳам эришсин?! Аллоҳим, амалларимизнинг яхшиси энг охиргиси бўлишини насиб эт. Тавбаларимизни қабул қил. Сен тавбаларни қабул қилувчи ўта Меҳрибон Зотсан.

Абу Абдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: “Сизга ушбу воқеани қандай ҳикоя қилиб беришни ҳам билмайман… Бу воқеа менинг ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборган. Бу ҳақиқатни очишга хеч ботинолмасдан юрардим. Лекин Аллоҳ олдидаги масъулият ҳисси мени ҳикоя қилишга ундади. Токи, Раббига осий бўлиб юрган йигитлар ва ясама, пуч хаёлларни “севги” номи билан атаб юрган қизларга бир огоҳлантириш, ибрат бўлсин.

Биз роса енгилтак, манман учта дўст эдик. Йўқ, тўртта эдик. Тўртинчимиз шайтон эди.

Биз содда қизларни ўзимизнинг мулойим, ширин сўзларимиз билан алдаб-сулдаб чекка далаҳовлиларга олиб чиқардик. У ерда эса биз тўсатдан йиртқич бўриларга айланар, уларнинг ялиниб ёлборишларига ҳам парво қилмас эдик. Чунки бизнинг қалбларимиз, ҳисларимиз ўлган эди.

То унутилмас ўша кун келгунча, бизнинг куну тунларимиз шу тарзда, далаларда, чодирларда, денгиз қирғоқларида, машиналарда ўтиб борарди.

Бир куни одатимиз бўйича, далаҳовлига чиқди. Ҳамма нарса ҳозирланган эди. Ҳар биримизда биттадан “ниҳол”, лаънати ичкилик ҳам етарли. Лекин егулик олиш ёдимиздан чиқибди. Бироздан cўнг биттамиз кечки овқат олиб келиш учун машинасида кетди. Соат, тахминан, кечки еттилар эди. Негадир, орадан бир неча соат ўтса-да ундан дарак бўлавермади. Соат ўнларда безовта бўла бошладим ва машинамда уни ахтаришга чиқдим. Бир вақт не кўз билан кўрайки, йўлда йўл ҳодисаси бўлган экан. Етиб борганимда дўстимнинг машинаси бир ёнга ағдарилган кўйи алангага бурканиб ёниб ётарди. Эсим оғиб қолаёзди, югуриб бориб, машина ичидан дўстимни чиқаришга ҳаракат қилдим. Деярли танасининг ярми кўмир каби қорайиб, куйиб кетган дўстимни кўрганимда, бир муддат серрайиб қотиб қолдим. Ҳали ҳаёт аломати билиниб турган танани кўтариб, ерга етқиздим. Бир неча дақиқалардан cўнг у кўзини очди ва: «Олов! Олов!» дея алаҳсирай бошлади. Машинамга ётқизиб, касалхонага олиб боришга аҳд қилдим, лекин у: “Фойдаси йўқ. Барибир етиб боролмайман”, деди инграган овоз билан. Кўз олдимда жон бераётган дўстимга қараб турарканман, кўз ёшларим сел каби оқарди. Бирдан у бақира бошлади: “Энди нима дейман унга?! Нима дейман унга?!” Унга даҳшат билан қарадим ва: “Ким у?” деб cўрадим. Чуқур қудуқ каъридан келаётган каби овоз билан: “Алло-о-о-ҳ!”, деди. Ток ургандек сесканиб кетдим. Кутилмаганда дўстим охирги нафасларини жамлаб, бир қичқирди-да, бўшашиб қолди. Кунлар ўтса-да, кўз ўнгимдан ёнаётган олов ва вафот этган дўстимнинг: “Энди нима дейман унга… Нима дейман?”, деб қичқираётган манзараси кетмас, қайта-қайта хаёлимга қуйилиб келаверар эди. Ўзимга ўзим савол бера бошладим: “Мен нима дейман Унга?”. Шунда кўзимдан ёшлар қуйила бошлади. Бир пайт муаззиннинг бомдод намозига айтаётган нидоси таралди: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар… Ҳаййа алас солат…”. Бу нидо хоссатан мен учун, мени нур ва ҳидоят йўлига чақириш учун деб ҳис қилдим. Бошдан-оёқ чўмилдим, таҳорат олдим. Йиллар давомида тўпланиб қолган разилликлардан жисмимни покладим. Намозни адо этдим. Ўша кундан бошлаб фарзларни тарк этмай адо эта бошладим. Аллоҳга ҳамд айтаман, чунки Ундан бошқаси ҳамдга лойиқ эмас. Бутунлай бошқа инсонга айландим. Аҳволларни ўзгартирувчи Зот қандай ҳам пок! Аллоҳ изни ила умрага тайёрланяпман. Иншааллоҳ, ҳажга ҳам ният бор, яна қайдам, ахир умрлар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қўлида-ку”.

Энди шундан сўнг шояд ҳар бир маҳрум: “Тўғри йўл қаерда? Иллатларимизга даво нимада?” деб бир ўйлаб кўрар. Мен уларга: “Даво Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафийга айтган сўзларида”, деб айтаман. Суфён розияллоҳу анҳу: “Эй Росулуллоҳ, менга Исломдан шундай бир сўз айтингки, сиздан бошқадан қайтиб сўрамай”, деганида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга иймон келтирдим дегин-да, кейин истиқоматда — Исломга тўла амал қилишда маҳкам бўл”, дедилар.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг