Омир ибн Абдуллоҳ Тамимий (2)

0

Омир ибн Абдуллоҳ кечаларни ибодат билан ўтказадиган обидгина эмас, балки кундузлари жиҳод майдонларида жанг қилувчи мужоҳид ҳам эди. Ҳар қачон жарчилар Аллоҳ йўлида жиҳодга чақирсалар, биринчилардан бўлиб уларнинг чақириқларига ижобат қиларди. Мужоҳидлар билан бирон ғазотга чиқмоқчи бўлса, ўзига муносиб ҳамроҳ излар эди. Муносиб ҳамроҳларни топса, уларга: “ Биродарлар, учта шартим бор, агар шартларимга рози бўлсангиз, сизларга ҳамроҳ бўламан”, дерди. Улар: “Қани, шартингизни айтинг-чи”, десалар, “Шартим шуки, биринчидан, сафаримиз асносида сизларга хизматни фақат мен қиламан, бунда ҳеч ким мен билан тортишмасин. Иккинчидан, мен сизларга муаззин бўламан, намозга азонни  мен айтаман. Учинчидан, имконим етганича сарф-харажатлар мени ҳисобимдан бўлади”, деб шартларини айтар эди.  Агар шу шартларга рози бўлишса, уларга ҳамроҳ бўлар, йўқса, шартига кўнадиган бошқа ҳамроҳ қидириб кетар эди.

Омир ибн Абдуллоҳ хавф-хатар ва ёрдам керак дамларда пайдо бўлиб қоладиган, ўлжалар тақсим қилинаётган вақтда эса топилмайдиган мужоҳидлар жумласидан эди. У шундай жанг қилардики, ҳеч ким бундай жанг қила олмасди. Ғаниматлардан эса, бошқалардан кўра кўпроқ тийилар эди.  Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу “Қодисия” жангидан сўнг, Кисронинг қасрига тушиб, Амр ибн Муқарринга қўлга киритилган ғаниматларни йиғиб-ҳисоблашни, бешдан бирини мусулмонларнинг Байтул-молига, қолганини эса мужоҳидларга тақсимлаб беришни амр қилдилар. Ўлжалар йиғилганда ҳар қандай васф-у таърифдан юқори ва сон-саноқсиз мол-дунё, нафис-қимматбаҳо зеб-у зарлар жамланди. Форсларнинг шоҳлари таомланадиган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган, тилло ва кумушларга тўла саватлар… Нафис ёғочдан ясалган, ичига Кисронинг либослари, дур-у гавҳарлар билан безатилган совут ва камарлари солинган сандиқлар… Ичи нафис тақинчоқлар билан тўла идишлар… Тарих мобайнида халқларни бўйсундириб келган форс подшоҳ ва қўмондонларининг қилич ва қинлари… Хуллас, ақл бовар қилмас бойлик тўпланган эди. Мусулмонларнинг шоҳидлигида хизматчилар бу ғаниматларни санаб турган вақтда, сочлари тўзиган, устбоши чанг бир киши ҳажми катта ва оғир яшикни икки қўллаб кўтариб олиб келиб қўйди. Яшикка диққат қилсалар, аввалда бундай идишни кўзлари кўрмаган ва жамлаган ғаниматларининг ичида ҳам унга тенг келадигани йўқ эди. Ичини очиб қарадилар, дур ва гавҳарларнинг энг нафислари билан лиқ тўла эди. Уни олиб келган кишидан: “Буни қаердан олдинг?” деб сўрашди. У: “Фалон жангда, фалон ерда ўлжа қилиб олдим”, деди.  Улар: “Ичидан бирон нарса олдингми?” деб сўрашди кейин. У: “Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин… Аллоҳга қасамки, нафақат бу яшик, балки Форс шоҳлари эга бўлган барча нарсалар ҳам менинг наздимда тирноқчалик эмас. Агар мусулмонлар Байтул-молининг ҳақи бўлмаганида, уни турган еридан кўтармасдим ва олдингизга ҳам олиб келмасдим”, деди. Улар: “Аллоҳ сизни азиз қилсин, ўзингиз ким бўласиз?” дейишди. У киши: “ Йўқ, мени мақтаб юрмаслигингиз учун кимлигимни айтмайман. Мен Аллоҳ таологагина ҳамд айтаман ва ажр-мукофотни ҳам Аллоҳнинг Ўзидан умид қиламан”, деди-да, чиқиб кетди. Улар бу кишининг кимлигини билиш учун ортидан одам жўнатишди. Жўнатилган одам  унинг кетидан билдирмай, то у ҳамроҳларига етгунича эргашиб борди, сўнг шерикларидан унинг кимлигини сўраганида: “Ия, сиз бу кишини танимайсизми? Бу киши Басранинг зоҳиди Омир ибн Абдуллоҳ Тамимий бўлади”, деб жавоб беришди.

Омир ибн Абдуллоҳ шундай улуғ сифатлар соҳиби бўлишига қарамай, унинг ҳам ҳаёти дилхиралик ва озорлардан холи бўлмади. Одатда ҳақ сўзни баралла айтувчи ҳамда мункарни инкор қилиб, уни йўқотишга ҳаракат қилувчиларга етадиган балолар унга ҳам рўбарў келди. Унинг озор чекишига тўғридан тўғри сабаб бўлган ҳодиса мана бу эди: Кунларнинг бирида Омир ибн Абдуллоҳ Басра шурта (полиция) мудирининг ёрдамчиси бир зиммийнинг бўйнидан ушлаб, судраб олиб кетаётганини кўриб қолди. Зиммий эса одамлардан ёрдам сўраб: “Мени ҳимоя қилинглар! Аллоҳ сизларни ҳимоя қилсин. Пайғамбарингиз зиммасига кирган кишини ҳимоя қилинглар, эй мусулмонлар”, деб қичқириб борарди.

Омир зиммийга: “Бўйнингдаги жизяни тўлаганмисан?” деди.

Зиммий айтди: “Ҳа, тўлаганман”.

Омир зиммийни судраб кетаётган кишига қараб: “ Бундан нима истайсан?” деб сўради.

У: “Мен билан бориб мудиримизнинг боғларини тозалашини ҳоҳлайман”, деди.

Омир зиммийдан сўради: “ Айтилган ишни қилишни хоҳлайсанми?”.

“Йўқ, асло, – деди зиммий, – чунки бу иш менинг кучимни олади ҳам тирикчиликдан қолдиради”.

Омир мудирнинг ёрдамчисига қараб: “ Уни қўйиб юбор!” деди.

У: “ Қўйиб юбормайман” деди.

Бошқа йўл йўқлигидан Омир ридосини зиммийнинг устига ёпиб: “Аллоҳга қасамки, мен тирик эканман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳдлари бузилмайди”, деб қаттиқ туриб олди. Бир зумда одамлар йиғилиб, Омирга ёрдам беришди ва зиммийни мудир ёрдамчисининг зулмидан халос этишди. Бошқа чораси қолмаган полис ходимлари Омирга туҳмат қилиб, уни итоатсизликда ва Аҳли сунна ва жамоадан чиққанликда айблай бошлади: “У аёлларга уйланмайди, ҳайвон сутини ичмайди, гўштини емайди. Бошлиқлар мажлисларига келишдан бош тортади”, деб халифа Усмон розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Халифа Басранинг волийсига Омир ибн Абдуллоҳни ҳузурига чақиришни, унга тиркалаётган айбловлар ҳақида сўраб-суриштириб, натижаси ҳақида хабар беришни буюрди.

Волий Омирни чақириб: “Мўминларнинг амири сенга қўйилаётган айбловлар ҳақида сўраб-суриштиришни менга амр қилди”, деди.

Омир: “Мўминларнинг амири амр қилган нарсалар ҳақида сўрайверинг”, деди.

Волий айтди: “Нега сен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириб, уйланмай юрибсан?”

“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгирганимдан уйланишни тарк қилмаганман, – деди Омир, – балки роҳиблик Исломда йўқ эканига гувоҳлик бераман. Аммо кўрдимки, менда бир дона қалб бор экан, шунинг учун уйланиш  нафсимга ғолиб келишидан қўрқиб, нафсимни Аллоҳга атаб юбордим”.

Волий сўради: “Нега сен гўшт емайсан?”

Омир жавоб берди: “Нега энди, гўшт ейман. Гўшт топа олсам ва иштаҳам бўлса, албатта, ейман, аммо иштаҳам бўлмаса ёки иштаҳам бўлса-ю, гўшт бўлмаса, унда емайман-да”.

Волий: “Нега пишлоқ емайсан?” деди кейин.

“Мен мажусийлар пишлоқ тайёрлайдиган минтақада яшайман. Мажусийлар эса ўлакса билан сўйилган ҳайвонни фарқламайдилар. Пишлоқ қилинадиган модда ширдон, ҳаром ўлган қўйдан олинган бўлишидан қўрқаман, агар икки мусулмон, бу шариатга мувофиқ сўйилган қўйдан олинган деб гувоҳлик берса, ейман”, деди Омир.

“Нега амирлар ҳузурига келмайсан, мажлисларида ўтирмайсан?” деб сўради волий.

Омир: “Шундоқ ҳам, сиз амирларнинг остонангиз ҳожатталаблар билан тўлган. Ана шуларни ҳузурингизга чақириб, ҳожатларини ўтанг. Сизларга эҳтиёжи йўқларни эса холи қўйинг”, деди.

Омир ибн Абдуллоҳнинг сўзлари халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга етказилди. Мўминларнинг амири унинг бу сўзларидан итоатдан бўйинтовлаш ва ёки аҳли сунна вал жамоадан чиқишни топмадилар. Бироқ шунда ҳам ёмонлик ўти ўчмади. Омир ибн Абдуллоҳ ҳақида миш-мишлар кўпайди. Фитна зўрайиб кетишининг олдини олиб, Усмон розияллоҳу анҳу   уни Шом диёрларига кўчиб, ўша ерни ватан тутишга амр қилдилар. Шомдаги волийлари Муовия ибн Абу Суфёнга эса  Омир ибн Абдуллоҳ яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйишни тайинладилар.

Омир ибн Абдуллоҳ Басрадан кўчаётганда уни кузатиш учун биродарлари ва шогирдларидан иборат катта жамоа чиқиб, Марбат номли Басранинг энг чекка маҳалласигача эргашиб бордилар. Шу ерда Омир ибн Абдуллоҳ уларга қараб: “Мен дуо қиламан, сизлар “Амин” деб туринглар”, деди. Одамлар уни кўриш учун бўйинларини чўздилар, ҳаракатлар сукунатга айланди, кўзлар унга қадалди. Омир ибн Абдуллоҳ икки қўлини кўтариб: “Аллоҳим, менга ёлғон тўқиб, мен ҳақимда миш-миш тарқатиб, мени шаҳримдан чиқарилишим ва биродарларимдан айрилишимга сабаб бўлганларни… Парвардигоро, мен уларни кечирдим, Сен ҳам кечиргин. Дин-у дунёсида офият бергин. Мени ҳам, уларни ҳам ва бошқа мусулмонларнинг ҳам гуноҳ-у камчиликларини Раҳматинг, Мағфиратинг ва Лутфинг билан яширгин, эй Раҳмли, Меҳрибон Зот”, деб дуо қилди ва уловини Шом тарафга буриб йўл олди.

Омир ибн Абдуллоҳ қолган ҳаётини Шом диёрларида ўтказди. Байтул мақдисни ўзига ватан қилиб олди. Шомнинг амири Муовия ибн Абу Суфён тарафидан ўзига лойиқ тарзда эътибор, ҳурмат, иззат-икром кўрди.

Ўлим соати яқинлашиб, касал бўлиб ётганида, биродарлари зиёратига кирсалар, йиғлаб ётган экан. Улар:

“Ахир сиз тақволи ва солиҳ киши бўлсангиз, нега йиғлайсиз?”дедилар.

Омир айтди: “Аллоҳга қасамки, мен дунёга иштиёқим ёки ўлимдан қўрққанимдан йиғлаётганим йўқ. Балки сафарнинг узоқлиги, озуқанинг камлигидан йиғлаяпман. Мен баландлик ва жарлик оралиғида турибман… ё жаннатга ва ё дўзахга. Қай бирига киришимни билмайман”.

Омир ибн Абдуллоҳнинг сўнгги нафаси тили Аллоҳнинг зикри билан нам бўлган ҳолда чиқди. Мусулмонларнинг биринчи қибласи, икки ҳарамнинг учинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сайр қилган Муқаддас заминда Омир ибн Абдуллоҳ Тамимий мангу қўним топди.

Аллоҳ унинг қабрини мунаввар айласин ва абадий Жаннатда юзини ёруғ қилсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг