Охирзамон қирғинлари (6)

0

Учинчи масала: Ислом, яҳудийлик ва насронийлик динларининг уруш тушунчасига бўлган  муносабати

Биринчидан: Исломнинг уруш тушунчасига бўлган муносабати

  • Исломда уруш тушунчаси:

Исломда уруш деганда дин, ор-номус, жон, мол-мулк ва шунга ўхшаш қадриятларни ҳимоя қилиш тушунилади. Аммо бу ўринда сўз Аллоҳ таолонинг сўзини устивор қилиш учун Унинг йўлида жанг қилиш ҳақида боради. Бинобарин, бу маънодаги урушдан Аллоҳ таолонинг сўзини устивор қилиш, Унинг савобига ва розилигига эришиш учун Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қилиш йўлида жонни қурбон қилиш назарда тутилади[1].

Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Шижоатини кўрсатиш учун ёки тарафкашлик учун ёки риё учун урушаётган кишилардан қай бири Аллоҳ йўлида уруш қилган саналади?» деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлсин, деб урушса, ана ўша Аллоҳнинг йўлидадир”, дедилар[2]. Урушнинг Аллоҳ йўлида бўлиши унинг шаръий ибодат эканини билдиради ва табиийки, бунинг учун бошқа ибодатлардаги сингари холис ният ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уруш борасида тутган йўлларига риоя қилган ҳолда у зотга эргашиш  шарт қилинади.

  • Аллоҳ йўлидаги урушдан мақсад

Исломда урушдан, яъни жиҳоддан иккита иш мақсад қилинади.

Биринчиси: ер аҳолисининг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳукми ва шариатига бўйсуниши. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, фитна (яъни ширк ва бандаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш) барҳам топмагунча ва дин (тоат-ибодат)нинг ҳаммаси Аллоҳ учун бўлгунча мушриклар билан жанг қилинглар. Агар улар (Аллоҳга ширк келтиришни ва динга тўсқинлик қилишни) бас қилсалар, (сизлар ҳам уларга қарши уруш қилишдан тўхтанглар). Албатта, Аллоҳ уларнинг амалларини кўриб турувчидир” (Анфол: 39). Бу мақсадни амалда бажариш мусулмонларнинг кучли ёки заифлигига ва уларнинг манфаатлари рўёбга чиқишига қараб белгиланади. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Душман тўғрисидаги шариатнинг ҳукми гоҳида уруш, гоҳида сулҳ ва гоҳида жизя олишдан иборат бўлиб, буларнинг ҳар бири вазият ва манфаат тақозосига қараб қўлланилади»[3].

 Бу мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврида[4] жиҳодга тааллуқли бўлган энг охирги ҳукм бўлиб, у Ийсо ибн Марям алайҳимассалом ерга тушгунига қадар давом этади[5].

Иккинчиси: Ер аҳолисининг барчаси мусулмон бўлиши. Исломни қабул қилмаганларга эса фақат қилич билан муомала қилинади. Бу босқич Ийсо алайҳиссаломнинг ерга тушишидан бошлаб, бутун инсоният оламлар Раббига иймон келтиришлари билан якун топади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан[6] ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Ибн Марям орангизга одил ҳакам сифатида тушиб, хочни синдириши, тўнғизни ўлдириши ва жизяни бекор қилишига яқин қолди»[7].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен билан унинг (яъни Ийсо алайҳиссаломнинг) орасида пайғамбар келмайди. Албатта, у тушади ва одамлар Исломни қабул қилишлари учун уларга қарши уруш қилади, хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради ва жизяни бекор қилади. Унинг замонида Аллоҳ таоло Исломдан бошқа барча динларни йўқ қилади»[8].

Бу мақсад мусулмонлар учун охирзамон қирғинларининг натижаларидан бири ҳисобланади. Зеро, қирғинлар дастлаб аҳли китоблар тажовузини қайтариш билан бошланиб, охирида куррайи заминда Ислом ҳукмронлиги ўрнатилиши билан ниҳоясига етади.

Ўша пайтда ва хусусан, Ийсо алайҳиссалом осмондан тушиб, Масиҳи Дажжолни ўлдирганидан кейин Исломнинг ҳақлигига далолат қиладиган фавқулодда аломатлар ва кучли ҳужжатлар зоҳир бўлгани боис одамлар Аллоҳ таолога иймон келтиришга ошиқадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, (Ийсо алайҳиссалом охирзамонда осмондан ерга тушганидан сўнг) аҳли китоблардан бирорта қолмай ўлими олдидан унга иймон келтирадилар. Қиёмат кунида Ийсо (алайҳиссалом улардан иймон келтиганларнинг иймонига ва кофир бўлганларнинг куфрига) гувоҳ бўлади” (Нисо: 159). Яъни, аҳли китоблар Масиҳ алайҳиссаломнинг ўлими олдидан унга иймон келтирадилар. Уламолар айтган гапларнинг тўғриси ҳам шудир[9]. Кимки мана шундай аломат ва ҳужжатлар равшан бўлганидан кейин ҳам унга иймон келтирмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни буйруғини ижро этиш учун Ийсо алайҳиссалом уни қатл қилади.

[1] Қаранг: Сарахсий, “Мабсут” (10/2-3), “Жомеъ ли аҳкомил Қуръон” (9/465), “Жавобус саҳиҳ” (6/37), “Мифтоҳу дорис-саода” (1/134-135), “Фатҳул Борий” (6/35).

[2] Бухорий, “Китобул жиҳод вас-сияр” (2810), Муслим, “Китобул имора” (1904).

[3] “Мажмуу фатово Ибн Таймия” (28/206).

[4] Қаранг:  Шофеий, “Умм” (5/397), “Аҳкоми аҳлиз зимма” (1/110-111), Сайид Қутб, “Фи зилолил Қуръон” (1/294-295, 3/1433-1435, 1447-1451), Али Алёний, “Ислом даъватини ёйишда жиҳоднинг аҳамияти” (158-191-бетлар).

[5] Уламолар Ийсо алайҳиссаломни масиҳ деб номланиши борасида бир неча фикрларни айтишган. Жумладан, у ҳар қандай беморни масҳ қилса, яъни силаса ўша заҳоти тузалгани ёки хушбўй ёғ суртилган ҳолда онасининг қорнидан чиққани учун шундай номланган. Қаранг: Қуртубий, “Тазкира” (2/367-370), “Фатҳул Борий” (6/544).

[6] Тўлиқ исми Абдураҳмон ибн Сахр Давсий, энг кўп ҳадис ёдлаб ривоят қилган саҳобалардан. Ҳижрий еттинчи йилда Исломни қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 5374 та ҳадис ривоят қилган. Умар розияллоҳу анҳу уни Баҳрайнга волий қилиб тайинлаган ва кейинчалик бўшатган. У ва отасининг исми тўғрисида ўн саккиз фикр айтилган. Ҳижрий 59 йилда вафот этган. Қаранг: “Истийъоб” (4/332), “Исоба фи тамйизи саҳоба” (4/348-362), “Таҳзибут таҳзиб” (12/237-240).

[7] Бухорий (3448), Муслим (155).

[8]  Ҳадисни Аҳмад “Муснад”да (7529), Абу Довуд “Малҳама китоби”, “Дажжолнинг чиқиши боби”да (4324) ва  Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да (6814) ривоят қилишган. Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да (6/564), Албоний “Саҳиҳа”да (2182) ва “Саҳиҳи сунани Абу Довуд”да (4324) ҳадис санадини саҳиҳ санашган.

[9] Қаранг: «Жомеул баён” (4/664-675), “Жомеъ ли-аҳкомил Қуръон” (7/213), “Жавобус саҳиҳ” (2/336-337, 4/34-41, 5/250-254), “Мажмуъу фатово Ибн Таймия” (4/316), “Тафсирул Қуръонил азим” (2/454), “Ниҳоя фил фитан вал малоҳим” (1/142), “Фатҳул Борий” (6/568).

Изоҳ қолдиринг