Умар розияллоҳу анҳу: Ибодатларга қаттиқ эътибор бериши

0

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатларидан олган таълимига кўра, ибодатни ҳаётнинг ҳамма соҳасини қамраб олган, динни ҳаётни ҳар тарафлама тартибга солиш учун келган, у ейиш-ичиш ва қазои ҳожат одобидан тортиб, давлат қурилиши, бошқарув сиёсати, молиявий тартиботлар, жиноят ва жазоларга оид ишлар, давлатлар ўртасидаги тинчлик ва уруш ҳолатидаги ўзаро алоқалар кўриниши каби соҳаларга чуқур кириб борган Аллоҳнинг манҳажи, деб тушунарди. Унинг тушунчасига кўра, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг ҳам динда салмоқли ўрни ва алоҳида эътибори бор, бироқ булар ибодатнинг ҳаммаси дегани эмас, балки Аллоҳ таоло истайдиган ибодатнинг бир қисмидир. Ибодат ҳақидаги шу тушунчани татбиқ қилиш ер юзида ғолиб бўлиш шартларидандир. Қолаверса, ибодатнинг инсоният ҳаётида эътиқодни мутаҳкамлаш, ахлоқий қадриятларни ўрнатиш, ижтимоий соҳани ислоҳ қилишда муҳим аҳамияти бор.

Қуйида Умар Форуқнинг намоз, закот, ҳаж, рўза, Аллоҳни зикр этиш каби ибодатларга нечоғли аҳамият қаратганига ва ибодатнинг асл маъноларини Ислом жамияти ичида ёйишга нақадар ҳарис бўлганига бир неча мисоллар келтирамиз.

Намоз

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни намозга буюрар, жамоат намозидан қоладиган кимсаларга қаттиқ дашном берар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам шу йўлда юриб ўтдилар. Умар Форуқ халифа бўлгач, у ҳам намозга қаттиқ аҳамият берди, одамларни намозга тарғиб қилди, уни тарк қилганларни аяб ўтирмади. Волийларига юборган мактубида шундай деб ёзган эди: «Менинг наздимда сизларнинг энг муҳим вазифангиз намоздир, ким намозни муҳофаза қилса, динини асрабди, ким намозни зое этса, бошқа нарсаларни ҳам, албатта, зое этади»[1].

Намозда хушу билан туришга кўп аҳамият берарди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умарнинг орқаларида намоз ўқидим, унинг йиғисини уч саф орқада туриб эшитдим»[2].

Бир ривоятда: «У бомдод намозида: «Мен ўз ғам-қайғум ва ҳасратимни фақат Аллоҳга арз этаман» (Юсуф сураси, 86) оятини ўқиркан йиғлади, унинг йиғиси охирги сафларга ҳам эшитилди»[3].

Намозида бепарво турган одам ҳақида: «Агар қалбида хушу бўлсайди, аъзоларида ҳам унинг асари кўринарди», деган эди[4].

Умар розияллоҳу анҳу жангга кетган лашкарлар ҳақида хабарлар кечикиб кетса, қунут ўқирди[5].

Намозида қунут ўқиб, мужоҳидлар ҳақига дуо қиларди. Аҳли китоблар билан уруш олиб борганида фарз намозларда уларга қарши қунут дуоси ўқиган эди[6].

У одамларни ҳам, ўзини ҳам фарзу суннат намозларига кўп аҳамият бериш билан тарбия қиларди, одамларни суннатга эргашишга йўлларди, бидъатдан қайтарарди.

Бир куни одамларнинг муаммолари билан машғул бўлиб, шом намозини кечиктириб юборди, ҳатто бир-иккита юлдуз кўриниб қолди. Шунда намоздан кейин иккита қул озод қилди[7].

Ҳеч қандай узрсиз намозларни жамлаб ўқишни катта гуноҳ деб биларди. Асрдан кейин намоз ўқишдан қайтарарди.[8]

Жума намозига кеч келадиган одамларга қаттиқ дашном берарди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир куни Умар розияллоҳу анҳу жумада хутба қилиб турганида катта муҳожир саҳобалардан бир киши кириб келди. Умар унга: «Ҳозир қайси соат?!» деди кечикиб келганига танбеҳ бериб. «Иш билан машғул бўлиб, уйга ҳам боролмадим, азон овозини эшитиб, таҳорат қилиб келавердим», деди у. «Таҳорат қилиб дегин, яна! – деди Умар танбеҳ бериб, – яхши билардинг-ку, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғусл қилишга буюрардилар»[9].

Умар розияллоҳу анҳу масжидда овозни кўтаришдан ҳам қайтарарди. Соиб ибн Язид айтади: Масжидда турган эдим, биров мен томонга майда тош отди. Қарасам, Умар экан. “Бор, анави икки кишини чақириб кел”, деди. Уларни чақириб келдим. “Кимсизлар?” (ёки қаерликсизлар?) деб сўради улардан. “Тоифликмиз”, дейишди улар. “Мусофир экансизлар, агар шу ерлик бўлганларингизда, жонларингни ачитган бўлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида овозларингни кўтаряпсанлар!” деди[10].

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига буюк эҳтиром билан ёндашарди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларингиз масжидга боришга изн сўраса, ман қилманглар!” деган эдилар. Умар ибн Хаттобнинг аёли масжидда намоз ўқирди. Умар унга: “Мен нимани ёқтиришимни яхши биласан”, деганида, аёли ҳам: “То ман қилмагунингизча масжидга боравераман”, дерди. Умарга ханжар урилган куни ҳам аёли масжидда эди[11]. Бу эса мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳунинг шариат буйруқларини нақадар улуғлашини, Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатларини нечоғли ўрнига келтиришини ва уларни ўз кўнгил истагидан устун қўйганини кўрсатади.

[1] “Фатово” (10/249). “Муватто маъа шарҳиҳи авжаз ал-масалик” (1/154).
[2] “Ҳилятул авлиё” (1/52).
[3] Фатово” (10/374).
[4] “Фатово” (18/154).
[5] Фатово” (23/62).
[6] Фатово” (21/91).
[7] Ҳумайдий, “Тарихул ислом” (19, 20-бетлар).
[8] Фатово” (21/98).
[9] “Фатҳул Борий” (2/415).
[10] “Фатҳул Борий” (1/668).
[11] Бухорий (865) ривояти.

Изоҳ қолдиринг