Жасади шарифни ўғрилашга уринишлар

0

Савол:

Бир ерда ўқиб қолдим. Испаниялик насронийлар ҳижрий 557 йилда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадларини ўғрилаб, мусулмонлар орасида фитна қилишмоқчи бўлишган экан. Шу тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.
Тарих китобларида айтилишича, бугунга қадар тўрт маротаба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ўғрилашга ҳаракат қилинган. Бу ҳаркатларнинг иккитаси ботинийлар, иккитаси христианлар томонидан амалга оширилган. Қуйида ҳар бир уриниш ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Биринчи уриниш: “Вафоул вафо” (2/652) китобида айтилишича, ҳижрий бешинчи асрда лаънати Ҳоким Биамриллаҳнинг буйруғи билан бўлган. Баъзи зиндиқлар Ҳоким Биамриллаҳга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг қабрини Мисрга олиб келишни маслаҳат берган, агар бу иш амалга ошса, бутун ер юзидан одамлар зиёрат учун Мисрга келишларини ва бу мисрликлар учун шараф бўлишини таъкидлаган. Бу фикр Ҳокимга маъқул келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадлари учун махсус жой тайёрлатган ва у ерга катта миқдорда маблағ сарфлаган. Қабрни кавлаб олиш учун Абулфаттуҳни Мадинага юборган. Абулфаттуҳ Мадинага борганида аҳоли билан гаплашган. Одамлар унинг нима мақсадда келганини билишган. Мадина аҳли билан бирга Залбоний номли қори ҳам бориб, қуйидаги оятни ўқийди: “Агар аҳд берганларидан сўнг қасамларини бузсалар ва динингизга таъна тоши отсалар, бундай куфр бошлиқларига қарши жанг қилинглар, зеро, улар қасамларига риоя этмайдилар, шояд бу қабиҳ ишларидан тийилсалар. Қасамларини бузган, Расулуллоҳни чиқармоқчи бўлганларга қарши жанг қилмайсизларми, ваҳоланки, улар биринчи бўлиб уруш бошлаб турибдилар?! Улардан қўрқяпсизларми?! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ қўрқишингизга ҳақлироқдир” (Тавба, 12-13). Мазкур оятни эшитиб, одамлар Абулфаттуҳ ва у билан бирга келганларни ўлдириб қўяёзди. Бу воқеани кўрган Абулфаттуҳ қўшинига: “Аллоҳдан қўрқиш ўринли. Аллоҳга қасам, агар Ҳоким жонимни олишидан қўрқмаганимда бу ишга қўл урмаган бўлардим”, деди. Ўша куни кеч кириши билан Аллоҳ таоло кучли шамол юборди. Бу шамол туя ва отларни ерда коптокдек юмалатди. Оқибатда, Абулфаттуҳ қўшинидаги аксар от ва туялар, ҳатто бир қанча аскар ҳам ўлди. Шу сабабли Абулфаттуҳ буйруқни бажара олмагани учун Ҳоким томонидан жазога тортилмаслигига амин бўлди.

Иккинчи уриниш: бунисини ҳам Ҳоким қилган. Бу ҳақда “Вафоул вафо” (2/653) китобида шундай дейилади: “Сўнг Ҳоким Биамриллаҳ Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини қазиш учун одам юборди. Қабрни қазмоқчи бўлган киши масжид яқинидаги уйга жойлашди ва ер остидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бориш учун лаҳм қаза бошлади. Шунда бир нур кўриниб: “Пайғамбарларинг ўғриланмоқда”, деган товуш эшитилди. Дарҳол текширув ўтказилди ва жиноятчилар қўлга олиниб, қатл қилинди”.

Учинчи уриниш ҳижрий 557 йил адолатли Султон Нуриддин Зинкий роҳимаҳуллоҳ даврида христианлар томонидан амалга оширилган. Бир куни Султон Нуриддин роҳимаҳуллоҳ тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки малласочни кўрсатиб: “Ёрдам бер, мени бу иккаласидан қутқар”, деганларини кўриб, қўрқиб уйғонган. Таҳорат олиб, намоз ўқиб ётган ва ёна худди шу тушни кўрган. Яна ўрнидан туриб, таҳорат олиб, намоз ўқиб ётган ва худди шу туш такрорланган. Султон ўрнидан турган ва Жамолиддин Мавсилий номли солиҳ вазирини чақириб, бўлган воқеани айтиб берган. Вазир: “Унда, нега ҳали ҳам кутиб турибсиз?! Ҳозироқ Мадинага чиқинг ва кўрган тушингизни ҳеч кимга айтманг”, деб маслаҳат берган. Султон тонг отгунича тайёрланиб, эрталаб вазир билан бирга йўлга чиққан. Мадина аҳолиси масжидга йиғилганида вазир: “Султон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилишга келди. Ўзи билан бирга садақа учун пул ҳам олиб келди. Исмларингизни ёзиб беринглар”, деган. Ҳамма исминиёзиб берган. Султон уларнинг ҳаммасини чақириб, ўз қўли билан берган. Шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган кўринишдаги одамларни учратсам, дея садақа олаётганларни бирма-бир кузатган. Бироқ ўзи излаган кўринишдаги инсонларни топа олмаган. Рўйхатдагилар тугаганидан сўнг Султон: “Садақа олмаган бирон киши қолдими?” деб сўраган. Аҳоли эса ҳеч ким қолмаганини айтган. Султон: “Ўйлаб кўринглар”, деганида улар: “Икки мағриблик киши қолди. Улар ҳеч кимдан ҳеч нарса олмайдилар. Иккаласи ҳам солиҳ, бой-бадавлат, доим муҳтожларга садақа қилади”, деган. Шунда султон уларни олиб келишга буйруқ берган. Султон улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган инсонлар эканини кўрган ва уларни сўроққа тутган:

– Қаерликсизлар?
– Мағрибликмиз, ҳажга келгандик, мана шу ерда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларида туришни ихтиёр этдик.
– Тўғрисини айтинглар!

Улар шу гапни такрорлагач, султон улардан турар жойларини сўраган. Улар ҳужраи шарифа яқинида туришларини айтишган. Мадина аҳолиси бу иккаласи доим рўза тутишлари, кўп садақа беришлари, Бақеъ ва Қубони доим зиёрат қилишларини айтади. Султон у иккаласини ҳибсга олиб, яшаш жойларини шахсан ўзи кўздан кечиради. Уйдаги бир бўйрани кўтарганида ҳужраи шарифага олиб борадиган ер ости йўли қазилганининг гувоҳи бўлади. Буни кўрган аҳоли саросимага тушиб қолади. Султон бу икки “ҳожи”дан: “Тўғрисини айтинглар, нима мақсадда келгансизлар”, деб сўрайди ва уларни қаттиқ калтаклайди. Шунда бу икки “ҳожи” аслида христиан эканларини, христианлар уларни биронҳийла ўйлаб топиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ўғрилашлари учун мағриблик ҳожилар билан бирга юборганини, бунинг эвазига катта миқдорда пул берганини тан олишади. Маълум бўлишича, уларда мағрибликлар кийими шаклида тикилган чарм халта бўлиб, кечаси билан ер қазир, йиғилиб қолган тупроқларни халталарига солиб, Бақеъ “зиёрати”га борганларида ташлаб келар эканлар. Улар бир қанча вақтдан буён шу ишни қилаётгани маълум бўлади.Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хоналарига яқинлашганларида осмондан чақмоқ чақиб, момоқалдироқ бўлган ва худди тоғ жойидан жилгандек қаттиқ зилзила содир бўлган. Худди шу кеча тонгида султон Мадинага ташриф буюрган эди.

Жиноятчилар мақсадларини тан олганларидан сўнг қатл қилинади. Султон Нуриддин Аллоҳ таоло уларнинг мудҳиш қилмишларини тўхтатиб қолишга бошқаларни эмас, уни лойиқ кўрганига шукр қилиб қаттиқ йиғлайди. Сўнг кўп миқдорда қўрғошин йиғдиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари атрофини айланасига хандақ қаздириб, йиғилган қўрғошинларни эритиб, хандаққа қуяди. Шу тариқа, ҳужраи шарифа атрофи қўрғошин деворлар билан ўралиб қолган. Сўнг султон саройга қайтиб, христиан ва кофирлар бирон ишда мансабга қўйилмасин, деб буйруқ беради.

Бу ҳодисани Жамолиддин Абдураҳим ибн Ҳасан ибн Али Аснавий (ҳижрий 772 йилда вафот этган) ўзининг “Насийҳату улил албоб фий манъи истихдомин насоро” номли рисоласида келтирган. Баъзилар бу китобни “Ал-интисоротул исломийя” деб ҳам атайди. Буни Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий (ҳижрий 911 йил вафот этган) “Вафоул вафо биахбори дорил Мустафо” номли китобида (2/648-650) нақл қилган. Шунингдек, бу воқеани Ҳофиз Жамолиддин Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад (ҳижрий 756 йил вафот этган) ҳам айтиб ўтган.  У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларида муаззинлар раиси ва тарихчи бўлган. Унинг “Ал-эълом фий ман дахалал Мадийната минал аълом” номли китоби ҳам бор. У мазкур воқеа ҳақида: “Мен уни Фақиҳ Аламуддин Ёқуб ибн Абу Бакрдан эшитганман, у эса ўзи кўрган ёши улуғ инсонлардан эшитган экан”, деб, воқеани юқоридагидан бироз бошқачароқ йўсинда айтиб берган.

Тўртинчи уриниш: Аллома Ибн Жубайр (ҳижрий 614 йилда вафот этган) ҳижрий 578 йил воқеа ва ҳодисалари ҳақида шундай дейди: “Юқорида айтиб ўтилган санада (яъни, зулқаъда ойида) Искандарийяга етиб борганимизда бир қанқа одамлар тўпланиб турганини кўрдик. Улар румлик асирларни кўришга чиққан эканлар. Асирлар туяга тескари ўтиргизилган, атрофларида довул ва карнайлар бор эди. Биз улар ким эканини сўраган эдик, жавобни эшитиб қўрқувдан жигарларимиз тилка-пора бўлаёзди. Хуллас, воқеа бундай бўлган. Шомдаги бир гуруҳ насронийлар[1]йиғилиб, Қизил денгизга энг яқин ўзларига тегишли ерда бир нечта кема ясаганлар. Сўнг яқинларидаги араблар билан келишган ҳолда уларнинг туяларини ижарага олиб, кема бўлакларини туяда соҳилга олиб келганлар. Соҳилда кема бўлакларини бирлаштириб, ҳожиларнинг йўлини тўсиш учун денгизга тушганлар. Сўнг Наъама[2]ярим оролига бориб, у ерда ўн олтига яқин кемани ёқиб юборганлар. Сўнг Айзоб[3]га бориб, у ерга Жиддадан ҳожиларни олиб келадиган бир кемага ва қуруқлик орқали келаётган бир карвонга ҳужум қилиб, бирон кишини қолдирмай, барчани қатл этганлар. Сўнг Ямандан тижоратчиларни олиб келаётган икки кемани тортиб олиб, Айзобдан Макка ва Мадинага юборилиши керак бўлган бир қанча озиқ-овқатларни ёқиб юборганлар. Улар Ислом тарихида мисли кўрилмаган ва ҳануз бирон бир румлик журъат қилолмаган бундан бошқа яна бир қанча қабиҳ ишларни қилганлар. Бу ишларнинг энг даҳшатлиси шуки, улар Мадинага бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни муқаддас қабрларидан олиб қочишга қарор қилиб, бу мақсадларини элу юртга достон қилиб юрганлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор беришга журъат қилганлари сабабли Аллоҳ таоло уларни тийиб қўйди. Улар Мадинага етишларига бир кунлик масофа қолганида Мисрдан кемада келган Луълуъ Ҳожиб ва мағриблик денгизчилар орқали Аллоҳ таоло уларнинг зулмларига чек қўйди. Бу қаҳрамонлар душман қочиб қутулишига бир лаҳза қолганида барчасиниқўлга олдилар… бир қисмини қатл қилдилар, бир қисмини асир олдилар. Асирлар қатл қилиниши учун турли шаҳарларга тақсимланди. Бир қисми Макка ва Мадинага ҳам юборилди. Шу тариқа Аллоҳ таоло мусулмонларни оғир мусибатдан асраб қолди. Бутун оламлар Парвардигорига беадад ҳамду санолар бўлсин!” (“Риҳлату Ибн Жубайр”, 34-35 (бироз қисқартириб олинди)).

Тарих китобларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ўғрилашликка қилинган уринишлар шулардан иборат. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларига душманлар зарар етказишига асло йўл қўймаган, валлоҳу аълам.

Фатво IslamQAсаҳифасидан баъзи жузъий ўзгартиришлар билан олинди.

[1]Аниқроғи, Керак қалъасидаги насронийлар. Керак қалъаси Иорданияда салбчилар томонидан қурилган энг катта қалъаларнинг бири. Майдони 25300 м2. Қалъа Байтул Мақдис қироли Фулк V (1089/1092 – 1143) томонидан қурилган.
[2]Мисрнинг Шармуш-шайх вилоятидаги ярим орол.
[3]Миср ва Судан чегарасида жойлашган ва бугунга қадар икки давлат орасида тортишилаётган Ҳалойиб вилоятидаги порт номи. Бу шаҳар қадимдан муҳим рол ўйнаган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг