Соч, қош ва киприк эктириш ҳукми

0

Савол:
Эркак ё аёлнинг сочи, қоши ёки киприклари тўкилса, уларни эктириш жоизми?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ…

Соч, қош ва киприк экиш амалиёти, бизга маълум бўлишича, инсон танасининг бир қисмидан соч толаларини олиб, бошқа қисмига кўчириш орқали амалга оширилади.

Агар соч, қош ёки киприк муайян бир касаллик туфайли ёки ирсий (яъни қонида, авлодида) бўлгани учун ёки бундан бошқа сабабларга кўра тўкилган бўлса, даволаниш мақсадида уларни эктириш жоиз. Бунга Арфажа ибн Асъаддан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Арфажа айтади: “Жоҳилият даврида Кулоб жангида бурним кесилди. Шундан кейин кумушдан бурун ясатиб олдим. Бироқ у (йиринглаб) ёмон ҳид чиқара бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олтиндан бурун ясатиб олишимга буюрдилар” [Термизий: 1770. Шайх Албоний саҳиҳ деган].

Энди, Имом Бухорий (5931) ва Муслим (2125) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: ““Вашм” қилувчи ва “вашм” қилдирувчи, қош терувчи ва тердирувчи ҳамда ҳусн учун тиш орасини очувчи, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин!” деган ҳадисига келсак, Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай дейди: ““Ҳусн учун тиш орасини очувчи”, яъни чирой талабида Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб, тишлари орасини очувчи аёл. Ҳадисда мазкур ишни чирой талабида қилиш ҳаромлигига ишора қилинмоқда. Аммо даволаниш ёки тишдаги бир айбни кетказиш учун тиш орасини очишга эҳтиёж туғилса, бунинг зиёни йўқ” (“Шарҳи муслим”, 14-жуз, 107-бет).

Демак, инсон танасидаги ноодатий кўринишни кетказиш мақсадида ундаги ортиқча аъзони олиб ташлаши ёки ноқис бўлган аъзони қўшиши жоиз бўлиб, бу Аллоҳнинг яратган хилқатни (кўринишни) ўзгартириш саналмас экан.

“Ислом фиқҳи академияси” ҳижрий 1428 йил, жумодул-увло ойининг 24- ва 29-кунлари (милодий 2007 йил, июл ойининг 9- ва 14-кунлари) Малайзия давлатида пластик жарроҳлик амалиётига бағишланган ўн саккизинчи йиғилишида қуйидаги қарорга келди:

“Пластик жарроҳлик амалиёти қуйидаги ҳолатларда жоиз бўлади:
а) танани яратилган пайтидаги асл ҳолатига қайтариш мақсадида. Зеро, Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал кўринишда яратдик”, деб айтган;
б) тана аъзолари одатда бажарадиган вазифани тиклаш мақсадида;
в) туғма айбларни тўғирлаш мақсадида. Масалан, иккига ажралган лабни, ўта қийшиқ буринни, холларни, ортиқча бармоқ ёки тишни, бир-бирига ёпишиб қолган бармоқларни, агар булар инсонга моддий ёки маънавий зарар келтирса, пластик жарроҳлик амалиёти билан тузатиш жоиз;
г) куйиш, автоҳалокат, касаллик ва бундан бошқа офатлар натижасида кейинчалик пайдо бўлган айбларни тузатиш мақсадида. Масалан, эҳтиёж туғилган жойга тери тикиш ёки ямаш, кўкрак бутунлай йўқ бўлиб кетса, асл ҳолатига қайтариш ёки кўкрак ҳажми кичик ё катта бўлса, қониқарли кўриниш ҳосил бўладиган даражада қисман ўзгартириш учун пластик жарроҳлик қилдириш жоиз. Шунингдек, соч тўкилиш ҳолатида соч эктириш, хусусан, аёл кишиларга рухсат”.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланган эди:
“Соч тўкилиш дардига дучор бўлган одам бошининг орқа қисмидан соч толаларини олиб, тўкилган қисмига эктириши жоизми?”

Шайхнинг жавоби қуйидагича бўлди:
“Ҳа, жоиз. Чунки бу иш танани Аллоҳ таоло яратган асл хилқатга (кўринишга) қайтариш ва ундаги айбни кетказиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло яратган хилқатга қўшимча нарса қўшиш ёки гўзаллик талабида уни ўзгартириш эмас, балки инсон ўзидаги камчиликни тўлдириш ва айбни кетказиш дуруст саналади. Уч киши ҳақида айтилган ҳадис кўпчиликка маълум бўлса керак. Уларнинг бири кал бўлади. Фариштадан Аллоҳ таоло унга соч ато этишини сўрайди. Шунда фаришта уни силаганда Аллоҳ азза ва жалла унга гўзал соч ато этади. (Бундан инсон танасидаги айбни кетказиш мақсадида саъй-ҳаракат қилиши жоизлиги келиб чиқади)” (“Фатово уламоил-баладил-ҳаром”, 1185-бет).

Шайх роҳимаҳуллоҳ зикр қилган ҳадисни Бухорий, (3277) ва Муслим, (2964) ривоят қилган.

Бир инсоннинг соч толаларини олиб бошқа инсонга экиш ҳақида IslamQA веб саҳифаси уламоларидан сўрашганда, қуйидагича жаво беришган:

“Зоҳиридан экилажак соч толаси инсоннинг ўз танасидан олиниши ёки бошқа инсон танасидан олиниши ўртасида фарқи йўқ, иккиси ҳам жоиз”.

Эслатма:

Соч, қош ёки киприк экиш юқорида айтиб ўтилганидек, инсон кўринишига салбий таъсир қиладиган ёки ноқулайлик келтириб чиқарадиган ҳолатларда жоиз бўлади. Аммо ноодатий кўриниш ҳосил қилмайдиган ёки ноқулайлик туғдирмайдиган даражада тўкилган бўлса, у ҳолда бу ишга қўл урмай, Аллоҳ азза ва жалла насиб қилган миқдорга қаноат қилиш мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ушбу фатвони тайёрлашда Islamweb ва IslamQA веб саҳифаларидан фойдаланилди.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг