Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (9)

0

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбдан хабар берганларида саҳобалар у зотни кўриб турганлари

(Давоми)

Яна улар хурмо дарахтининг танаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга инграб, овоз чиқарганига гувоҳ бўлганлар. Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо танасининг олдида хутба қилар эдилар. У зотга минбар ясаб берилгач, унга кўчиб ўтдилар, шунда хурмо танаси (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фироқига аламдан) инграб, овоз чиқарди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, уни бағирларига босган эдилар, тинчланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар уни қучоқламаганимда, қиёматгача инграр эди», дедилар»[1]. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоятида эса: «Ҳатто (унинг овозини) масжид аҳли эшитди», дейилади[2]. Ўзингизни масжидда ўтирган, икки қулоғингиз билан хурмо танасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узоқлашгани учун инграганини эшитган деб тасаввур қилиб кўринг.

Улар, шунингдек, емоқ-ичмоқ, қурол ва сиҳат-саломатлик борасида ҳам кўплаб мўъжизаларга гувоҳ бўлганларки, буларга мисоллар жуда кўп бўлиб, саноғига етиш мушкулдир. Шулардан бири Аҳзоб кунидаги Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг воқеасидир. Ўшанда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда қаттиқ очликни кўргач, у зот учун таом тайёрлаб, ҳеч кимга билдирмай уйига таклиф қилади. Овқат жуда оз бўлиб, ҳатто Жобир розияллоҳу анҳу уни «туъайм» (бирозгина егулик) деб атаган ва: “Эй Расулуллоҳ, менда озгина егулик бор. Икки ё учта ҳамроҳингиз билан келинг”, дейди. Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хандақ аҳлининг барчаларини чақирдилар. (Тасаввур қилинг, аҳли хандақнинг барчаларини ўзлари билан олиб бордилар!) Чақириқни эшитган одам (Жобир ибн Абдуллоҳнинг уйига) ташриф буюрди ва улар минг кишидан ортиқ эдилар. Уларнинг ҳаммалари таомланиб, тўйдилар. Овқат ҳозирланган «бурма» (чуқур идиш)нинг ичи тўлалигича қолди, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жобир розияллоҳу анҳунинг аёлига уни қўшниларга тарқатиб юборишни буюрдилар”[3]. Ҳозирда сиз бу ҳақда ўқияпсиз ва Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу хабарга иймон келтиряпсиз. Лекин тасаввур қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат 3-4 кишига етадиган кичкинагина идиш кўтариб турган ҳолатда у зотнинг қўлларидан овқат еган ўша кишиларнинг бири сиз бўлсангизу, сиз билан бирга яна минг киши таомдан тўйгач, қўшниларга ҳам тарқатиб юборилганига гувоҳ бўляпсиз?! Тасаввур қила оляпсизми?!

Уҳуд жангида Қатода ибн Нўмон розияллоҳу анҳунинг воқеасига эътибор қаратинг. Ўшанда унинг бир кўзи осилиб, лунжига тушиб қолган эди. Сўнг у кўзини қўлида тутган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзини ўрнига қайтариб қўйдилар. Сўнг ўша кўзи энг яхши ва энг ўткир кўз бўлиб қолди. Энди ўзингизни Қатода ибн Нўмоннинг ўрнида ё унинг кўзи қинидан чиқиб кетганига гувоҳ бўлган, кейинчалик ўша кўзни ўз ўрнида соғлом ҳолда турганини кўрган гувоҳларидан бири деб тасаввур қилиб айтинг-чи, ўша пайт қалбингиздаги иймоннинг миқдори қай даражада бўлар эди?

Бунга ўхшаш ҳодисаларнинг адоғи йўқ.

[1] «Муснади Аҳмад» (4/128). Санади саҳиҳ. Аҳмад Шокир таҳқиқи.

[2] Ҳайсамий «Мажмаъуз завоид»да (2/184) ривоят қилган.

[3] Бухорий (7/395), Муслим (3/161) ривоятлари.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг