Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 38–48-оятлар

0

قُلْنَا اهْبِطُوا مِنْهَا جَمِيعاً فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُمْ مِنِّي هُدًى فَمَنْ تَبِعَ هُدَايَ فَلا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ ٨٣

  1. Аллоҳ уларга деди: «Барчангиз жаннатдан тушинг, сизларга ва ортингиздан келувчи зурриётингизга Менинг ҳузуримдан ҳаққа йўлловчи ҳидоят келгай. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, улар учун ўзлари юзланажак охират ишларида ҳеч бир хавфу хатар бўлмас, улар қўллари етмаган дунё ишларига ғамгин ҳам бўлмаслар».

وَالَّذِينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِآيَاتِنَا أُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ ٩٣

  1. Кофир бўлган ва Бизнинг тиловат қилинадиган оятларимизни ва тавҳидимизга далил бўлувчи оят-аломатларимизни ёлғон санаган кимсалар – ана ўшалар мангу дўзахда қолгайлар ва ундан ҳеч қачон чиқарилмагайлар.

يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِي الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَوْفُوا بِعَهْدِي أُوفِ بِعَهْدِكُمْ وَإِيَّايَ فَارْهَبُونِ ٠٤

  1. Эй Яъқуб авлоди (Бани Исроил), сизларга инъом этган кўпдан-кўп неъматларимни ёдга олинглар ва Менга шукр қилинглар! Менинг китобларимга ва барча пайғамбарларимга иймон келтиришингиз ва шариатларимга амал қилишингиз ҳақидаги аҳдимга – амримга тўла амал қилинглар! Шундай қилсангиз, Мен ҳам сизларга ваъда қилганим бу дунёдаги раҳмат ва охиратдаги нажотни тўла-тўкис ато этаман. Фақат Мендангина қўрқинглар! Аҳдни бузсанглар ва Менга кофир бўлсанглар, азобимдан ҳазир бўлинглар!

وَآمِنُوا بِمَا أَنزَلْتُ مُصَدِّقاً لِمَا مَعَكُمْ وَلا تَكُونُوا أَوَّلَ كَافِرٍ بِهِ وَلا تَشْتَرُوا بِآيَاتِي ثَمَناً قَلِيلاً وَإِيَّايَ فَاتَّقُونِ ١٤

  1. Эй Бани Исроил, пайғамбарим ва элчим Муҳаммадга нозил қилганим, асл (бузилмаган) Тавротдаги ўзингиз билган нарсаларга мувофиқ бўлган Қуръонга иймон келтиринглар, аҳли китоблар ичидан унга кофир бўладиган дастлабки гуруҳ бўлманглар! Менинг оятларимни қийматсиз ўткинчи дунё матоларига алмаштирманглар, фақат Менга тоат-ибодат қилинглар ва Менга осий бўлишни бас қилинглар!

وَلا تَلْبِسُوا الْحَقَّ بِالْبَاطِلِ وَتَكْتُمُوا الْحَقَّ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ ٢٤

  1. Мен сизларга баён қилган ҳақни ўзингиз тўқиб чиқарган ботилга аралаштирманглар, китобларингизда мавжуд бўлган, Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари борасидаги очиқ ҳақиқатни беркитманглар, сизлар унинг белгиларини қўлларингиздаги китоблардан ўқиб, билиб турибсиз.

وَأَقِيمُوا الصَّلاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ ٣٤

  1. Намозни Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берганидек тўғри кўринишда адо этиш, фарз закотни белгиланган кўринишда ўташ, унинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматидан рукуъ қилувчилар билан бирга бўлиш билан Ислом динига киринглар!

أَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنسَوْنَ أَنفُسَكُمْ وَأَنْتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَ أَفَلا تَعْقِلُونَ ٤٤

  1. Сизларнинг ҳолингиз ва олимларингиз ҳоли нақадар қабиҳки, одамларни яхшиликларга чорлаб, ўзингизни унутасиз, ўзингизни энг буюк яхшилик бўлган Исломга чорламайсиз! Ҳолбуки, сизлар Таврот ўқийсиз, унда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ва у зотга иймон келтириш вожиблиги битилган. Ақлингизни тўғри ишлатсангиз бўлмайдими?!

 وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلاَّ عَلَى الْخَاشِعِينَ ٥٤ الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُمْ مُلاقُو رَبِّهِمْ وَأَنَّهُمْ إِلَيْهِ رَاجِعُونَ ٦٤

45, 46. Барча ишларингизда сабрнинг ҳамма турлари билан, шунингдек намоз билан қувватланинглар! Албатта, намоз ўқиш Аллоҳдан қўрқадиган, Унинг ҳузуридаги ажр-савобларни умид қиладиган, ўлгандан сўнг, сўзсиз, Рабларига йўлиқишларига ва қиёмат куни ҳисоб-китоб учун Унинг ҳузурига қайтишларига ишонадиган ўзларини ҳокисор тутувчи зотлардан бошқаларга оғирдир.

يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِي الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَنِّي فَضَّلْتُكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ ٧٤

  1. Эй Яъқуб авлоди, сизларга берган кўплаб неъматларимни эсланглар ва уларнинг шукрини адо этинглар. Кўплаб пайғамбарлар ва Тавроту Инжил каби китоблар нозил қилиш билан сизларни ўз замонангизда бутун олам аҳлидан афзал қилганимни эсланглар.

وَاتَّقُوا يَوْماً لا تَجْزِي نَفْسٌ عَنْ نَفْسٍ شَيْئاً وَلا يُقْبَلُ مِنْهَا شَفَاعَةٌ وَلا يُؤْخَذُ مِنْهَا عَدْلٌ وَلا هُمْ يُنصَرُونَ ٨٤

  1. Биров бировнинг бирон ҳожатига ярамайдиган, Аллоҳ кофирлар ҳақида ҳеч кимнинг шафоатини-воситачилигини қабул қилмайдиган, улардан ер юзининг бутун бойлигини бўлса-да, тўлов сифатида қабул қилмайдиган, уларга ёрдам бериш ва азобдан қутқариб олиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган кундан – қиёмат кунидан қўрқинглар!

Изоҳ қолдиринг