Таҳорат: Таҳоратни бузувчи амалларга доир мулоҳазалар

0

Таҳоратни бузувчи амалларга доир мулоҳазалар:

  1. Бадандан чиққан қон, оз ёки кўп бўлишидан қатъи назар, таҳоратни бузмайди (нажосатлар бобидаги қоннинг ҳукмига мурожаат этинг).

  2. Қусиш ёки қорин тўқлигида кекириш сабабли ичдан чиқадиган нарса таҳоратни бузмайди. Чунки қусиш таҳоратни бузиши тўғрисида бирон саҳиҳ ва очиқ далил келмаган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қусдилар ва рўзалари бузилди. Мен у зотга таҳорат суви қуйиб турдим»[1], деган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қусиш сабабли таҳорат олганларини очиқ англатмайди. Балки бу иттифоқо юз берган ишдир. Яъни у зот қусганлар ва бу таҳорат олиш вақтларига тўғри келган.

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким қусса, таҳорат олсин», демадилар ёки таҳорат олишларига қусиш сабабчи эканини ифода этадиган бирон нарса билдирилгани йўқ».

  1. Ҳайздан бошқа вақтда аёл кишининг бачадонидан чиққан оқ, сариқ, лойқа (кул)ранг, қизил ёки гўшт чайиндиси каби қонлар, шунингдек, ҳайз пайтида ҳомиладор аёлдан келадиган қонлар сабабли на таҳорат ва на ғусл вожиб бўлади[2].

  2. Қаҳқаҳа отиб кулиш хоҳ намозда, хоҳ намоздан ташқарида бўлсин, таҳоратни бузмайди. Бироқ намозда қаҳқаҳа отиш намозни ботил қилади. Намоздан ташқарида қаҳқаҳа отиб кулиш яхши иш бўлмагач, намоз асносида қаҳқаҳа отиш янада қабиҳ ва қораланган иш саналади. Чунки намозда қаҳқаҳа отиб кулиш Аллоҳнинг ибодатларига нисбатан одобсизлик ва уни улуғламасликдир.

  3. Инсон таҳорати бузилгани ҳақида шак қилса, яъни авратидан бирон нарса чиққандек бўлса, токи чиққанига аниқ ишонч ҳосил қилмагунча таҳорати бузилмайди. Аббод ибн Тамим амакисидан ривоят қилишича, амакиси бир кишининг ҳолатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга арз қилиб, унинг намозда таҳорати бузилгандек бўлаверишини айтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Токи овоз эшитмагунча ёки ҳид сезмагунча намозини бузмасин»[3].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бундан мақсад мазкур икки ишдан бири содир бўлганини билишдир. Уламолар ижмосига кўра, (таҳорат бузилиши учун) бир вақтнинг ўзида ҳам овозини эшитиш, ҳам ҳидини сезиш шарт эмас»[4].

Шунингдек, инсон қорнида қулдираган овоз эшитса, таҳорати бузилмайди. Балки таҳорат бузилиши учун орқа авратдан ел чиқиши шарт.

  1. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсон таҳорат олганини аниқ билса-ю, лекин таҳорати бузилган-бузилмаганида шак қилса, таҳорати бор, деб ҳисоблайди. Аксинча, таҳорати бузилганини аниқ билса-ю, таҳорат олган-олмаганида шак қилса, у ҳолда таҳоратсиз саналади. Ҳар икки ҳолатда шубҳадан олдин аниқ билганига амал қилади, шубҳага парво қилмайди»[5].

  2. Инсоннинг бирон нарса еб-ичиши сабаб таҳорати бузилмайди. Агар таом серёғ бўлса, оғзини чайиши кифоя. «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сут ичганлар. Сўнг сув чақириб, оғизларини чайганлар ва «Сут серёғ экан», деганлар[6].

  3. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, олд авратидан ел чиқиши таҳоратни бузмайди. Чунки бу ҳолатда ел ноодатий жойдан чиққан ҳисобланади. Умуман олганда бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф бор.

  4. Рожиҳ фикрга кўра, ёш боланинг авратини ушлаш таҳоратни бузмайди. Шунга кўра, ёш болаларга қаровчилар уларни ювинтириш асносида авратларини ушлаши таҳоратни бузмайди.

  5. Инсон баданига нажосат тегиши таҳоратни бузмайди. Балки у бу ҳолатда фақат баданидаги нажосатни кетказиши вожибдир.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (2381), Термизий (87), Аҳмад (5195) ривояти.
[2] Қаранг: «Ал-муҳалло», 1/348, 169-сонли масала.
[3] Бухорий (137), Муслим (361), Абу Довуд (176), Насоий (1/98), Ибн Можа (513) ривояти.
[4] «Шарҳу Муслим», 4/49.
[5] «Ал-муғний», 1/226.
[6] Бухорий (211), Муслим (358), Абу Довуд (196), Термизий (89), Насоий (1/109), Ибн Можа (498) ривояти.

Изоҳ қолдиринг