Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (6)

0

Дарҳақиқат, пешволар ҳокимиятни қўлга олиш, оломонни қул қилиш борасида ўзаро баҳслашадилар. Гоҳида эса, – демократияда бўлганидек – ҳукуматдан қанча миқдорини ўзларида сақлаб қоладилару яна қанча миқдоридан оломонни овутиш учун воз кечишлари ҳақида ўзаро ҳамда халқ билан ҳам ҳисоблашадилар. Лекин пайғамбар келиб, «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ», «Аллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ», деганида эса, масаланинг моҳияти тубдан ўзгариб қолади. Чунки масала ҳукмронликни пешволарнинг, балки, барча одамзоднинг қўлларидан тортиб олишга, сўнг уни ҳукмронликнинг, ман қилиш ва рухсат бериш ҳуқуқининг мутлақ эгаси бўлмиш Аллоҳгагина қайтариш масаласига айланади.

Шунинг учун ҳам «пешволар»ни «Ла илаҳа иллаллоҳ»га бўлган чақириқ дунё ҳукмронлиги учун бўлган рақибларидан ҳам кўра бир неча баравар кўпроқ безовта қилиб, бор кучларини ушбу даъватга қарши курашиш учун сафарбар этадилар, бу уруш учун ишлатаётган қуроллари орасида оломоннинг ўзидан ҳам фойдаланадилар; гоҳида ҳақиқатларни сохталаштириш билан, гоҳида эса, терроризм билан!

Фиръавн (ўз қавмининг зодагонларига): “Менга қўйиб беринглар, Мусони ўлдирай. У (ўзини Пайғамбар қилиб юборган деб даъво қилаётган) ўша Раббига дуо қилсин (ва ўша Рабби уни биздан қутқариб олсин). Зеро, мен у сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки (Миср) ерида бузғунчилик чиқаришидан қўрқяпман”, деди (Ғофир сураси, 26).

Кейин у (пайғамбар)лардан сўнг Биз Мусо ва Ҳорун (алайҳимассалом)ни (ўз сўзлари ростлигига далил бўлувчи) мўъжизалар билан Фиръавнга ва унинг аъёнларига (элчи қилиб) юбордик. Улар (ҳақни қабул қилишдан) кибрландилар ва (инкор қилувчи, мушрик,) жиноятчи қавм бўлдилар.

(Мусо келтирган) ҳақ (Фиръавн ва унинг қавмига) етиб келган пайтда улар: “(Мусо мўъжиза деб келтирган) бу нарсалар очиқ-ойдин сеҳр, холос”, дедилар.

Мусо (уларнинг сўзларидан ажабланиб,) деди: “Сизларга ҳақ келганда «Бу очиқ-ойдин сеҳр» деб айтасизларми?! (Келган нарсанинг белги ва аломатларига боқинглар, ҳақни топасизлар!) Сеҳргарлар нажот топмайдилар (дунё ва охиратда муваффақиятга эришмайдилар)”.

(Фиръавн ва унинг одамлари) Мусога дедилар: “Сен бизни ота-боболаримиз амал қилиб келган ишдан – Аллоҳдан бошқага сиғинишдан – буриб юбориш учун ва (Ҳорун) икковингиз (Миср) ерида улуғлик ва мутлақ ҳукмронликни қўлга киритиш учун келдингми? Биз икковингиз(нинг бизни шериксиз ягона Аллоҳнинг ибодатига чорлаш учун юборилган элчи эканингиз)га ишонувчи эмасмиз”(Юнус сураси, 75-78).

(Фиръавн) ўз қавмининг ақлини паст санади (уларни залолатга чорлади). Улар ҳам унга итоат қилдилар (ва Мусони ёлғончига чиқардилар). Албатта, улар (Аллоҳнинг тоатидан ва тўғри йўлидан) четланган – фосиқ қавм бўлдилар (Зухруф сураси, 54).

* * *

Маккада ҳам масала айни масала эди. Даъват йўлига тўғаноқ бўлиб, унга қарши жанг қилаётган Қурайш ўша «пешво» эди. Аслини олиб қараганда, у Қурайш ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртасидаги жанг эмас, балки, улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган даъват – чақириқ ўртасидаги жанг эди:

Зеро, улар (ич-ичларида) сизни ёлғончи деб билишмайди (балки сизнинг ҳақ эканингизга эътиқод қилишади). Лекин зулму адоватлари сабабли (сизнинг рост пайғамбар эканингизга далолат қилувчи) Аллоҳнинг очиқ-равшан ҳужжатларини инкор қилишади (ва сиз келтирган нарсани ёлғонга чиқаришади)(Анъом сураси, 33).

Жараён авж олиб чўққига етганда эса, Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи юбориб, ушбу даъватидан воз кечиши учун у кишига подшоҳлик, мол-мулк ва дунё неъматларининг барини таклиф қилишди. Демак, ўртадаги адоват у зотнинг шахсиятига нисбатан бўлмаган, балки, у киши даъватларини маҳкам ушлаб, уни тарк қилмаганларидан душманлик келиб чиққан эди. Улар эса бунга асло тоқат ҳам, сабр ҳам қилиша олмасди! Шундай бўлгандан кейин, бу нарса охирида улар билан ушбу даъват вакили (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўртасидаги жангга айланишидан бошқа чора қолмади.

* * *

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг