Сийратнинг аҳамияти (2)

0

Агар бу уммат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тутса, яна ерда ҳоким бўлиб, ўз устуворлигини қайтадан қўлга киритиши ва Аллоҳнинг шариатини ерда татбиқ қилиши аниқ. Зеро Аллоҳ таоло шундай деган:

Айтинг: “Аллоҳга бўйсунинглар ва Пайғамбарга бўйсунинглар! Агар (унинг тоатидан) юз ўгирсангизлар, (Пайғамбарга) юкланган нарса (яъни одамларга Аллоҳнинг динини етказиш) унинг зиммасида, сизларга юкланган нарса (яъни Пайғамбарга бўйсуниш) эса ўзларингизнинг зиммангиздадир. Агар унга бўйсунсангизлар ҳидоят топасизлар. Пайғамбарнинг вазифаси (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга ҳақ динни) етказишдир”” (Нур, 54).

Юқоридаги оят ерда ҳоким бўлишнинг ягона йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш эканини баён қилади. Чунки ундан кейинги оятларда ерда ҳоким бўлиш ҳақида сўз юритилиб, унинг шартлари баён қилинган:

Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли)ларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарлардан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қиладилар ва Менга бирон нарсани шерик қилмайдилар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони неъмат қилса, улар итоатсиз кимсалардир” (Нур, 55).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари ерда ҳоким бўлишнинг барча восита-сабабларини бажардилар: улар иймонни тўлиқ маънода ва барча рукнлари билан адо этиб, ҳар турли солиҳ амалларни қилиб, барча яхшилик ва эзгулик ишларини қилишга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Уларнинг ҳаётлари ибодатдан иборат эди. Улар ширкнинг барча тури, ҳатто энг махфий кўринишларига ҳам қарши курашдилар. Улар ерда ҳоким бўлишнинг ҳам маънавий, ҳам моддий восита-сабабларига шахс ва жамият ўлароқ амал қилиб, Мадинада ўз давлатларини барпо этдилар. Шундан кейин Аллоҳнинг динини бошқа миллат ва элатларга ёйдилар.

Бугунги кунда мусулмонлар ер юзига ҳокимлик қила олмаётганлари тибиийдир. Чунки улар Аллоҳ тарафидан келган рисолатни унутиб, уни назарга илмай, ҳар хил шубҳалар билан раббоний суннатларни эътибордан четда қолдирдилар.

Мусулмонлардаги бундай иймоний заифлик, фикрий чалғиш, руҳий тушкунлик ва хаёлпаришонлик ҳамда ахлоқий бузилишнинг сабаби уммат Қуръони Карим, Пайғамбаримизнинг суннатлари, хулафои рошидинлар асри ва улуғ тарихимизнинг ёрқин саҳифаларидан бутунлай узилиб қолганидир.

Қуръондан, Пайғамбаримиз суннатларидан, хулафои рошидинлар сийратидан бехабар бўла туриб, ислом номидан гапирувчиларнинг кўпайиб қолганига бир қаранг!  Улар ўз маърузаларига янги-янги истилоҳларни қўшадилар. Бу эса ғарб маданияти олдида руҳий мағлубиятнинг натижаси демакдир. Сўз ўйини қилиб, ҳақ сўзларнинг маъносини буриб, соатлаб гапиришади, чиройли мақолалар ёзишади, ҳаёт, инсон, коинот ва ислоҳот услублари ҳақида фалсафий китоблар ёзишади. Лекин биз уларнинг бу гаплари ёки мақолаларида ерда ҳоким бўлиш тушунчаси, халқларни ўзгартиришдаги Аллоҳнинг суннати, Қуръон ва набавий дастур асосида давлат барпо қилиш ёки пайғамбарлар ўз халқларини қандай даъват қилганлари мавзусига жиддий ёндашишни кўрмаймиз. Улар бизга улуғ тарихимизни баён қилиб, Нуриддин Маҳмуд, Салоҳиддин Айюбий, Юсуф ибн Тошфин, Маҳмуд Ғазнавий ёки Муҳаммад Фотиҳлар каби умматни тарбиялаш ва давлат барпо этишда Пайғамбаримиз дастурлари асосида юрган кишилардаги тараққиёт омилларини кўрсатиб берсалар бўлмайдими?!  Улар бизга баъзи сиёсатчи, муфаккир, шарқ ёки ғарб маданиятидан таъсирланган, ҳолбуки ўзлари самовий ваҳийдан, раббоний дастурдан йироқ кишиларни ўрнак қилиб кўрсатишади. Биз бошқа халқ ва миллатларнинг тажрибаларидан фойдаланишга қарши эмасмиз. Зеро, ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси бўлиб, қаерда топса ҳам уни олишга ҳақли. Лекин биз раббоний дастурни билмайдиган, билса ҳам тан олмайдиган, умматимизнинг ибрат ва намуналарга тўла тарихий хотирасини унутиб, кейин эса ўзларининг Қуръон нури ва Пайғамбаримиз ҳидоятларидан йироқ бўлган фикр ва ғоялари билан мусулмонларни бошқаришга мутасадди бўлаётган кишиларга қаршимиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг