Сийрат: Хадича розияллоҳу анҳога уйланишлари

0

Хадичанинг тижоратини юргизишлари

Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо обрўли ва бадавлат бева аёл эди. У тижорат ишлари учун киши ёллар, одамлар маълум ҳақ эвазига унинг тижоратини юргизар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва гўзал хулқларидан хабар топган Хадича у зотга унинг савдо моллари билан Шомга тижорат сафарига чиқишни, эвазига бошқа савдогарларга берадиган маблағдан ошиқроқ ҳақ беришини таклиф қилди. У зот Хадичанинг таклифини қабул этдилар ва унинг молини олиб, Хадичанинг Майсара исмли ғуломи ҳамроҳлигида Шомга тижорат сафарига чиқдилар. Келтирган молларини сотиб, олиниши керак бўлган молларни харид қилдилар. Маккага қайтиб келганларидан сўнг Хадича у зот келтирган молларни сотиб, яхшигина фойда кўрди.

Хадичага уйланишлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур сафарлари Хадича розияллоҳу анҳога уйланишларига сабаб бўлди. Тижорат молида авваллари кўрилмаган бараканинг гувоҳи бўлган, ғуломи Майсарадан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийжаноблик, омонатдорлик, ростгўйлик ва ҳалол иш юритиш каби гўзал хислатлари ҳақида эшитган Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо кўнглидаги одамини учратганига амин бўлди. Сўнг дугонаси Нафиса бинти Мунаббиҳга дилини очди. Нафиса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотга Хадичага уйланишлари ҳақида гап очди. Унинг сўзлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга маъқул келди ва бу ҳақда амакилари билан маслаҳатлашдилар. Бу иш уларга ҳам маъқул бўлди. Сўнг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб ҳамроҳлигида Хадичанинг амакиси олдига совчиликка боришди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳога уйландилар. Маҳрига йигирмата туя бердилар. Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи уйланган аёлларидир. У вафот этгунга қадар бошқа аёлга уйланмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олти нафар фарзандлари – икки ўғил ва тўрт қиз Хадича онамиздан дунёга келди.

Катта ўғилларининг исми Қосим бўлиб, у зот унинг номи билан Абул Қосим деб куняланганлар.

Иккинчи ўғилларининг исми Абдуллоҳ бўлиб, уни Тоййиб ва Тоҳир деб ҳам аташган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари у зот пайғамбар бўлишларидан илгари, кичкиналикларида вафот этиб кетишган. Қосим эгарда ўтира оладиган ёшга етганида, Абдуллоҳ эса, гўдаклик чоғида ўтиб кетган.

Қизларининг исми Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима эди. Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам яшаб, Исломни қабул этиб, Мадинага ҳижрат ҳам қилишган. Барчалари турмуш қуришган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳога уйланганларида йигирма беш ёшда эдилар, Хадичанинг ёши қирқда эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадича розияллоҳу анҳога уйланишларидан маълум бўладики, у зот жисмоний ҳузур-ҳаловатга ўч ва бадан истакларига мойил бўлмаганлар. Зеро, бошқа ёшлар каби тана истак-хоҳишларига иштиёқли бўлганларида, Хадичадан кўра ёшроқ, ҳуснда ҳам, бойликда ҳам ундан қолишмайдиган қиз-жувонлар бор эди. У зот Хадича розияллоҳу анҳога фақат покдомонлиги ва шарафли аёл бўлгани учун рағбат билдирдилар. Зотан, Хадича жоҳилият пайтида ҳам афифа (иффатли) ва тоҳира (покиза) деган лақаблар эгаси эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадичага уйланишлари Исломга, унинг куч-қудратига адоват қилувчи ҳасадгўй шарқшуносларнинг ва уларнинг югурдаклари бўлмиш илмонийларнинг (секуляр, динсиз кимсалар) тилларини соқов, қаламларини тўмтоқ қилиб қўйган мавзу бўлди. Зеро, улар имкон топилди дегунча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва оилавий ҳаётлари мавзуси орқали Исломнинг жон жойига зарба беришни кўзлашади, у зотни хотинбоз ва шаҳвоний кимса қилиб тасвирлашга зўр беришади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма беш ёшга етгунларигача бузуқликлар билан тўлиб тошган жамият муҳитида яшашларига қарамай, ёшлар мойил бўладиган жинсий шаҳватларга асло рағбат кўрсатмаганлар, ўзларини бузуқликнинг ҳар қандай кўринишидан пок тутганлар. Кейин у зот ўзларидан сал кам икки баробар катта ёшли аёлга уйландилар ва у билан узоқ йиллар бирга яшадилар, кучга тўлган йигитлик йилларини у билан ўтказдилар. Бу турмуш то Хадича олтмиш беш ёшга етиб вафот этгунича давом этди, у пайтга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эллик ёшга яқинлашиб қолган эдилар. Шу муддат мобайнида у зот бошқа бирон аёлга уйланишни ўйламадилар. Ҳолбуки, йигирма билан эллик ёш оралиғи эркак кишининг хотинларга иштиёқи кучли ва шаҳвоний нафсни қондириш учун кўпхотинликка рағбат қиладиган ёш бўлади. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша даврда Хадичанинг устига яна бошқа аёлга уйланишни истасалар, жуда кўп қиз-жувонлар жон деб рози бўлган бўларди. Кўпхотинлик урф бўлган жамиятда ўсиб-улғайган Хадича ҳам, табиийки, бу ишга асло норозилик билдирмас эди.

Аммо кейинчалик Ойша розияллоҳу анҳога ва бошқа хотинларига уйланишларига келсак, улардан ҳар бирининг алоҳида қиссаси, ўзига хос сабаби ва ҳикмати борки, мусулмон кишининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюклиги, улуғлиги ва комил ахлоқига бўлган иймонини зиёда этади.

Изоҳ қолдиринг