Закот: Садақага оид айрим масалалар ва ҳукмлар (4)

0
  1. Ҳалол ва покиза молдан садақа қилиш

Ҳалол ва покиза молдан қилинган садақанинг қабул этилишига умид боғлаш мумкин. Зеро, ҳаром молдан берилган садақа Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Таҳоратсиз бирон намоз ҳамда ғулул (ўғрилик ва хиёнат билан қўлга киритилган мол)дан қилинган бирон садақа қабул бўлмас»[1].

  1. Садақани вақф қилиш

Садақа қилувчи инсон садақа объектини сотишни тақиқлаган ҳолда ундан келадиган даромадни садақа қилиши жоиз. Шариатда бу муомалага «вақф» дейилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттобга Хайбар ўлжаларидан бир ер насиб қилди. У ер тўғрисида маслаҳат олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. У зот айтдилар: «Хоҳласанг ерни вақф қилиб, даромадини садақа қил». Умар сотилмаслик, ҳадя қилинмаслик ва мерос сифатида олинмаслик шарти билан ерни садақа (вақф) қилди. Ундан келадиган даромадни фақирларга, қариндошларига, (озод бўлиш учун ҳаракат қилаётган) «мукотаб» қулларга, мужоҳид (ёхуд ҳожи)ларга, (пулсиз қолган) мусофирларга, меҳмонларга вақф қилди. Вақф ерига назоратчилик қилган киши урфга кўра (эҳтиёжи доирасида) ундан маош олиши, ундан чиққан ҳосилдан сармоя орттирмаган ҳолда бошқаларга эҳсон қилишининг зиёни йўқ»[2].

  1. Маййит номидан садақа қилиш

Гарчи маййит васият қилмаган бўлса ҳам, унинг номидан садақа қилиш жоиздир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб деди: «Ё Расулуллоҳ, онам вафот этдилар, лекин васият қолдирмадилар. Унинг номидан садақа қилсам, савоби тегадими?» Дедилар: «Ҳа, сув садақа қилгин»[3].

  1. Бошқа турли-туман садақалар

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир мусулмон зиммасида садақа қилиш бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг набийси, (садақа қилиш учун ортиқча мол) топмаган нима қилади?» деб сўрашди. «Қўли билан меҳнат қилиб, (топганидан) ўзига сарфлайди ва (оз бўлса ҳам бошқаларга) садақа қилади», дедилар у зот. «(Бирон касб ёки ҳунар билан шуғулланиб ҳам садақа қилиш учун мол) топмаган нима қилади?» деб сўрашди. Дедилар: «Мазлум ва ожиз ҳожатмандга (жисмоний кучи ва сўзи билан) ёрдам беради». Кейин: «(Бировга кучи ёки сўзи билан ёрдам беришга имкон) топмаган нима қилади?» деб сўрашди. У зот: «(Фарзга қўшимча нафл) тоат-ибодатлар қилсин, ёмонликдан тийилсин. Шунинг ўзи (яъни ёмонликдан тийилиш) унга садақадир», дедилар»[4].

Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш чиққан кун борки, ҳар бир жон унда ўзига садақа қилиши лозим», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, молимиз бўлмаса, қаердан садақа қиламан?» дедим. У зот: «Қуйидагиларнинг ҳар бири садақа ҳисобланади: такбир («Аллоҳу акбар»), субҳоналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, астағфируллоҳ, дейиш, амри маъруф қилишинг (яхшиликка буюришинг), наҳий мункар қилишинг (ёмонликдан қайтаришинг), одамлар ўтадиган йўлдан тикан, суяк ва тошларни олиб ташлашинг, кўрни етаклашинг, кар ва соқовга гап тушунтиришинг, бирон юмуш учун йўл-йўриқ сўраганга йўл кўрсатишинг, ёрдам сўраган мазлум ва ожизнинг нидоси томон елиб-югуришинг, заифга ёрдам бериш учун билагингдаги бор кучни сарф этишинг, буларнинг барчаси ўзингнинг ўзингга қилган садақаларинг жумласидандир. Аёлинг билан жинсий яқинлик қилишингда ҳам сенга ажр-савоб бор», дедилар». Абу Зар дейди: «Шаҳватимни қондирганим учун қандай ажр-савоб бўлиши мумкин?» деб сўрадим. Дедилар: «Айт-чи, агар фарзанд кўрсанг-у, вояга етиб, яхшилигини умид қилиб турганингда оламдан ўтса, шу фарзандни деб Аллоҳдан ажр-савоб умид қилган бўлармидинг?» «Ҳа», дедим. У зот: «Нима, уни сен яратганмидинг?» дедилар. «Йўқ, – дедим, – балки Аллоҳ яратган». «Уни сен ҳидоят қилганмидинг?» дедилар. «Йўқ, – дедим, – балки Аллоҳ ҳидоят қилган».«Унга сен ризқ берганмидинг?» дедилар. «Йўқ, – дедим, – балки Аллоҳ ризқ берган». «Шундай экан, шаҳватингни ҳалоли билан қондир, ҳаромидан тий. Агар Аллоҳ хоҳласа, пайдо бўлган фарзандни яшаттиради, хоҳласа ўлдиради, сенга бўлса, ажри қолади», дедилар у зот[5].

Садақа турларидан яна бири сув бериш, экин-тикинлардан садақа қилиш, соғин ҳайвоннинг сутини садақа қилишдир. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қайси мусулмон бирон дарахт ёки экин экса-ю, ундан қушлар, инсонлар ёки ҳайвонлар еса, албатта, бу унинг учун садақа бўлади»[6].

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қирқ хислат бор… Уларнинг энг олийси соғин эчки(нинг сутини садақа қилиш)дир. Ким савобини умид қилиб, унинг эвазига ваъда қилинган мукофотни тасдиқлаб ушбу хислатлардан бирига амал қилса, албатта Аллоҳ уни жаннатга киргизади»[7].

[1] Муслим (224), Термизий (1), Ибн Можа (272) ривояти.
[2] Бухорий (2737, 2764), Муслим (1630), Абу Довуд (2878), Термизий (6375) ривояти.
[3] Табароний «Ал-авсат»да (8/91) ривоят қилган. Албоний «Саҳиҳут-тарғиби ват-тарҳиб»да (961) саҳиҳ деган.
[4] Бухорий (1445), Муслим (1008), Насоий (5/64) ривояти.
[5] Аҳмад (5/168), Насоий «Кубро»да (5/325) ривоят қилган. Албонийнинг «Ас-саҳиҳа» (575) китобига қаранг.
[6] Бухорий (2320), Муслим (1552), Термизий (1382) ривояти.
[7] Бухорий (2631), Абу Довуд (1683) ривояти.

Изоҳ қолдиринг