Нусайрийларнинг хатари

0

Нусайрийлар – ботинийларнинг ашаддий фирқаларидан бири бўлиб, у ҳижрий учинчи асрда ўн икки имомийлар фирқасидан ажралиб чиққан.

Нусайрийлар ҳам ислом ақидасининг бошқа душманлари каби доим мусулмонларга зарар беришга пайт пойлаб туришади. Зеро, тарихда фурсат топишган заҳотлари мусулмонларга қўлларидан келганича зарар беришган. Улар мусулмонларга зарар берар экан, шу ишга савоб оламиз, деб эътиқод қилишади. Уларнинг эътиқодича, бирон киши мусулмонларга қанчалик кўп зарар берса, шунчалик савоби кўпаяди.

Бугунги кунимизда Сурия ва Ливан каби мусулмон ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ва болаларни қатл қилиниши ҳамда нусайрийларнинг маронийлар ва хумайнийлар билан бир сафда туришгани уларнинг қандай ақидада эканларини янада ёритиб беради. Улар тарихда ҳам мўғуллар ва салбчилар учун мусулмонларни қатл қилишга жуда ҳам қулай имконият яратиб беришган. Бу нарсани нусайрий тарихчиларнинг ўзлари ҳам тан олишган.

Қаерда аҳли суннатга қарши фитна чиқса, нусайрийлар душманлар тарафида бўлган. Уларнинг қилмишлари туфайли тўкилган қонларнинг ҳисоби чексиз. Буларнинг барчаси уларнинг мусулмонларга, салафи солиҳлар: Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларга қанчалик душман эканларини исботлайди.

Уларнинг эътиқодларидаги куфр, худосизлик ва хурофотларни кўриб, улар ҳидоятга қайтишларидан ноумид бўласан киши. Буни тасдиғини кўрмоқчи бўлсангиз уларнинг “Ал-Ҳафт Ал-Шариф” китобига мурожаат қилишингиз мумкин. Азиз ўқувчи, сизга бу китобдан намуна сифатида бир мисол келтирамиз:

“Ҳусайн Ироққа чиқди. Аллоҳ таоло Ҳусайннинг ичига кириб олган эди. У қай бир манзилга бормасин, Жаброил унинг олдига келиб гаплашар эди. Аскарлар унга қарши бирлашиб, ҳузурида қўшинлар саф тортганида мавломиз (Ҳусайн розияллоҳу анҳу) Жаброилни чақириб, унга: “Эй биродарим, мен кимман?” – деди. Жаброил: “Сиз ундан бошқа илоҳ бўлмаган, тирик, ухламайдиган, ўлдириб тирилтирадиган Аллоҳсиз! Осмонлар сизнинг амрингиз билан ёмғир ёғдиради, ер сизнинг амрингиз билан ҳеч нарса бермай қўяди. Тоғлару денгизлар амрингизга мунтазир. Сизга маккорларнинг макри-ю, зарар берувчиларнинг зарари зиён бермайди…” Кейин Жаброил Ҳусайнга қарши урушиш учун келган умавийларнинг лашкарбошиси Умар ибн Саъдга шундай деди: “Қуриб кетгур, сен оламларнинг рабби, аввалги-ю охиргиларнинг илоҳи, осмонлару ер ва улар ўртасидаги нарсаларни яратган зотни ўлдирасанми?!” – деди. Бу гапни эшитган Умар ибн Саъд қўрқиб кетди”.

Нусайрийларнинг “Савра” журналида нашр этилган бир мақолада: “Аллоҳ, пайғамбарлар, муқаддас китоблар – буларнинг барчаси эскилик сарқитлари, уларни музейга қўйиш керак” – деган. Сионист яҳудийлар Масжидул Ақсога бостириб киришганида нусайрийлар: “Муҳаммад ўлди, ортида қизлар қолди, йўқолсин ислом!” – деб шеър айтишган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг