Одам алайҳиссаломнинг яратилиши тўғрисидаги оятлар зикри (2)

0

Қуръони Каримда Одам алайҳиссаломнинг яратилиши ҳақида келган нарсалар тўғрисидаги боб

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эсланг, (эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман”, деганида улар айтдилар: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз”. (Аллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан”. Ва У зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг!”. Улар айтдилар: “Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан”. (Аллоҳ): “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: “Сизларга, Мен Еру-осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?”. Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб  кофирлардан бўлди. Ва айтдик: “Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз”. Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: “Тушингиз (жаннатдан ерга)!  (Сизлар) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсиз”. Кейин, Одам Парвардигор тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон зотдир. “У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушинг”, дедик. “Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида, шу ҳақ йўлга эргашган кишиларга хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар”. Оятларимизни инкор қилиб, ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар” [Бақара: 30-39].

Аллоҳ таоло  шундай дейди: “Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди”.   [Оли Имрон: 59].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй инсонлар!  Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!  Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!  Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир”.     [Нисо: 1- оят].

Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир”.   [Ҳужурот: 13].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юкли бўлиб, ўша (юк) билан юрди. Бас, қачонки, оғирлашганида, (улар) Парвардигорлари бўлмиш  Аллоҳга дуо қилдилар: “Қасамки, агар бизга солиҳ фарзанд ато қилсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз”.   [Аъроф: 189].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дейишимиз билан улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди: “Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?” “Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”, деди у. (Аллоҳ) деди: “У ҳолда ундан (жаннатдан) тушгин!  Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ!  Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!”. “Менга улар тириладиган Кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер”, деди у. (Аллоҳ) деди: “Сен муҳлат берилганлардансан”. У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ!  Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман. Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз. Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: “Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди”, деди. Ва уларга: “Албатта мен сизларга холисларданман”, деб қасам ичди. Бас, алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб (деди): ”Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!”. Улар: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз”, дедилар. Аллоҳ айтди: “Бир-бирингизга (яъни шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз!  Энди сизлар учун маълум бир вақтгача (яъни ажалингиз етгунча) ерда қарор топиб фойдаланиш бор. Унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан (ҳисоб-китоб учун) чиқарилурсизлар, деди У”  [Аъроф: 11-25].

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз”    [Тоҳа: 55].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Маълумки, Биз инсонни (Одамни асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам) сурати берилгач, қуритилган лойдан яратганмиз. Жинни (яъни  Иблисни) эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик. (Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Албатта, Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Инсон яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!” деганида  барча-барча фаришталар унга (яъни  Одамга) сажда килдилар. Магар Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди. (Шунда Аллоҳ) деди: “Эй Иблис, нечун сен сажда қилгувчилар билан бирга эмассан?”. У айтди: “Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман”. (Аллоҳ) деди: “Бас, ундан (яъни  жаннатдан) чиқ!  Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур”. (Иблис илтижо қилиб) деди: “Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин”. (Аллоҳ) деди: “Бас, сен маълум вақтда (етиб келадиган) Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан”. (Иблис) айтди: “Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)”. (Аллоҳ) деди: “Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)”. У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан уларнинг бир тўдаси кирур”  [Ҳижр: 26-44].

Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис (кибру ҳаво билан): “Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?” деди. У (яна шундай) деди: “Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, (яъни  ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман), магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар”. (Аллоҳ) айтди: “Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим). Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!  Улардан кучинг йетган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни  уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил”. Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур. Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устига эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли қўриқловчидир”  [Исро: 61-65].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эсланг, (эй Муҳаммад), фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари) Мени қўйиб, уни (яъни  Иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?!  Улар сизларга душман-ку!  У (Иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон “бадал – ўринбосардир”    [Каҳф: 50-оят].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. Сўнгра Парвардигори уни сайлаб Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди. (Аллоҳ) айтди: “(Ундан (яъни жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас.  Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”.  “Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку”, деган эди, (Аллоҳ) айтди: “Шундай, сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай “унутилурсан”    [Тоҳа:121-126].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Айтинг: “Ўша (яъни мен сизларга етказган мана шу сўзлар) улуғ бир хабардир. Сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасизлар!   Мен учун (Одамнинг ер юзига халифа қилиниши тўғрисида Аллоҳ таоло билан) тортишаётган фаришталар ҳақида ҳеч қандай билим йўқ эди. Менга фақат ўзимнинг очиқ-равшан огоҳлантиргувчи эканлигим ваҳий қилинмоқда холос”. Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: “Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман. Бас, қачон уни ростлаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!”. Бас, фаришталарнинг барча-барчалари (Одамга) сажда қилдилар. Магар Иблисгина кибру ҳаво қилиб  кофирлардан бўлди. (Шунда Аллоҳ) деди: “Эй Иблис, Мен Ўз қўлим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!  Кибру ҳаво қилдингми  ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!”. У айтди: “Мен ундан яхшироқдирман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг”. (Аллоҳ) деди: “Бас, ундан (яъни  жаннатдан) чиқ!  Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан. Ва албатта, то жазо (қиёмат) кунигача сенга Менинг лаънатим бўлур”. (Иблис илтижо қилиб) деди: “Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин”. (Аллоҳ) деди: “Бас, сен маълум вақтда етиб келадиган Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан”. (Иблис) айтди: “Энди, Сенинг иззатингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)”. (Аллоҳ) деди: “Ҳаққа (қасам). Фақат Хақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!”. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Мен (Қуръонни етказганим учун) сизлардан бирон ажр-ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан (яъни ёлғондан пайғамбарликни даъво қилгувчи кимсалардан) ҳам эмасман. (Ушбу Қуръон) фақат барча оламлар учун (Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган) бир эслатмадир, холос.  Албатта, сизлар унинг (илоҳий ваҳий эканлиги ҳақидаги) хабарни (озгина) вақтдан сўнг (Қиёмат куни) билиб олурсизлар”  [Сод: 67-88].

Юқоридаги оятлар ушбу қиссанинг Қуръондаги турли ўринлардаги зикридир. Дарҳақиқат, уларнинг барчаси ҳақида тафсир[1] китобимизда гапириб ўтдик. Энди эса, ушбу ояти карималар далолат қилган нарсанинг мазмунини ва мазкур оятларга тааллуқли, бу борада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисларни зикр қилайлик. Аллоҳ ягона ёрдам сўралинувчи Зотдир.

[1] Ушбу тафсирнинг номи: “Тафсирул Қуръонил азийм” бўлиб, энг ишончли ва тўғри тафсир китобларидандир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг