Витр намозини ўқиш тартиби ҳақида

1

Савол:

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича витр намозини ўқиш сифати қандай? Яъни рожиҳ ва саҳиҳ қавлга кўра қандай қилиб витр намозини ўқисак суннатга мувофиқроқ бўлади? Сиздан илтимос, витр намозини ўқиш кайфиятини бизларга баён қилиб берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ!

Витр намози Аллоҳга яқинлаштирувчи улуғ ибодатлардан биридир. Ҳаттоки ҳанафий уламолари витр намозини вожиб деганлар. Бироқ, тўғрироғи витр намози суннати муаккада бўлиб, мусулмон киши давомли тарзда уни адо этиб бориши ва тарк қилмаслиги лозим. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ким витр намозини тарк қилса, у яхши одам эмас. Унинг гувоҳлиги қабул қилинмаслиги керак”. Бу витр намозининг таъкидли суннат эканига далолат қилади.

Витр намози тўғрисидаги маълумотларни қисқача қуйидаги нуқталарда хулоса қилиш мумкин:

  • Витр намозининг вақти:

Витр намозининг вақти хуфтон намози ўқилгандан бошланиб, то бомдод вақтига қадар давом этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга витр деган бир намозни ато этди ва унинг вақтини сизларга хуфтон намози билан субҳи содиқ киргунига қадар бўлган оралиқда қилди”. Ҳадисни Термизий (425) ривоят қилган ва Албоний “Саҳиҳи Термизий” китобида саҳиҳ деган.

  • Витрни аввалги вақтда ўқиган афзалми ёки кечиктириб ўқиганми?

Суннатда кўрсатилишича, кечанинг охирида намоз ўқишга кўзи етган киши витрни кечиктиргани афзал. Негаки, кечанинг охирида ўқилган намоз афзалдир. Қолаверса, бу вақтда ўқилган намозга фаришталар гувоҳ бўлишади. Кечанинг охирида ухлаб қолишдан қўрққан киши ухлашдан олдин витр ўқийди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким кечанинг охирида намозга тура олмаслигидан қўрқса, витрни кечанинг аввалида ўқисин. Ким кечанинг охирида намоз ўқишга кўзи етса, у ҳолда витрни кечанинг охирида ўқисин. Зеро, кечанинг охирида ўқилган намоз фаришталар гувоҳ бўладиган намоздир. Шундай қилгани афзалдир” (Муслим (755) ривояти).

Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мана шу фикр тўғридир. Витр хусусида келган бошқа умумий ҳадислар (яъни витрнинг афзал вақтини тайин қилмаган ҳадислар) витрни ўқишнинг афзал вақтини кўрсатиб берган ушбу ҳадисга мувофиқ равишда талқин қилиниши лозим. Ундан ташқари қуйидаги ҳадис ҳам шунга далолат қилади: “Халилим (яъни мен суйган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) витрни ўқимасдан олдин ухламасликни васият қилдилар”. Албатта, бу ҳадис кечанинг охирида уйғонишга кўзи етмаган кишиларга тааллуқлидир” ((Иқтибос тугади) “Шарҳи Муслим” (3\277)).

  • Витр намози неча ракаат?

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, арабча “витр” сўзи ўзбекчада “тоқ” маъносини англатади. Витрнинг энг ози бир ракаатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Витр бир ракаат бўлиб, кечанинг охирида ўқилади” (Муслим (752) ривояти). Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тун намози икки ракаат-икки ракаатдан иборат. Борди-ю, биронтангиз бомдод вақти киришидан қўрқса бир ракаат ўқисин  ва бу бир ракаат билан унгача ўқиган намозлари тоқ бўлади” (Бухорий (911) ва Муслим (749) ривояти). Агар инсон шу бир ракаат билан кифояланса ҳам витр суннатини адо этган ҳисобланади.

Шунингдек, витр намозини уч, беш, етти ва тўққиз ракаат ҳам ўқиш жоиз.

Агар инсон уч ракаат витр ўқимоқчи бўлса, бунинг икки кўриниши мавжуд бўлиб, ҳар иккиси жоиздир:

Биринчиси, уч ракаатни бир ташаҳҳуд (яъни қаъда) билан кетма-кет ўқиш. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам   витрнинг икки ракаатидан кейин салом бермас эдилар”. Ривоятнинг бошқа бир матнида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ракаат витр ўқир ва фақат охиридагина қаъдада ўтирар эдилар”, – дейилади (Насоий (3\ 234) ҳасан ровийлар шажараси ва Байҳақий (3\31) саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилган).

Иккинчиси, икки ракаатдан кейин салом бериб, сўнгра фақат бир ракаат ўқиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у икки ракаат намоз ўқиб салом берар, сўнгра бир ракаат ўқир ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганликларини айтар эди. Ибн Ҳиббон (2435) ва Ибн Ҳажар “Ал-фатҳ”да мазкур ҳадиснинг ровийлар шажараси тўғрисида “қавий” (кучли) деган.

Агар беш ёки етти ракаат витр ўқийдиган бўлса ракаатларни бир-бирига улаб, фақат охирида қаъдада ўтириб салом беради. Бунга далил Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган қуйидаги ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ўн уч ракаат намоз ўқир, шундан беш ракаати витр бўлиб, уларни охиридагина қаъдада ўтирар эдилар” (Муслим (737) ривояти).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беш ёки етти ракаат витр ўқир, улар ўртасини на салом ва на калом билан ажратар эдилар” (Имом Аҳмад (6\290) ва Насоий (1714) ривоят қилган). Шунингдек, ҳадиснинг ровийлар шажараси ҳақида Нававий (“Ал-фатҳур раббоний, 2\297) асарида “жаййид” деган ҳамда Албоний “Саҳиҳи Насоий” китобида ҳадисни саҳиҳ деган.

Агар тўққиз ракаат витр ўқиса ракаатларни кетма-кет улаб, саккизинчи ракаатда қаъдада ўтиради ва ташаҳҳудни ўқийди. Сўнгра салом бермасдан қиёмга туриб бир ракаат ўқийди ва қаъдада ўтириб салом бериб намозни тугатади. Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз ракаат намоз ўқир, улардан фақат саккизинчи ракаатдагина қаъдада ўтирар эдилар. Қаъдада Аллоҳни зикр қилар, Унга ҳамду сано айтар ва дуо қилар, ундан сўнг салом бермай қиёмга туриб тўққизинчи ракаатни ўқир, ундан сўнг яна қаъдада ўтирар эдилар. Қаъдада яна Аллоҳни зикр қилиб, Унга ҳамду сано айтиб ва дуолар қилиб, сўнгра бизга эшиттириб салом берар эдилар”.

 Агар ўн бир ракаат витр ўқиса, ҳар икки ракаатда салом бериб, охир бир ракаатда витр ўқийди.

  • Витрнинг энг кам мукаммал кўриниши ва унда ўқиладиган суралар:

Витрнинг энг кам мукаммал кўриниши икки ракаат ўқиб салом бериш ва ундан сўнг яна бир ракаат ўқиб салом беришдир. Шунингдек, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу уч ракаатни бир салом ва бир қаъда билан ўқиса ҳам жоиздир.

Витрнинг биринчи ракаатида тўлиқ “Аъло” сураси, иккинчи ракаатда “Кофирун” сураси ва учинчи ракаатда эса “Ихлос” сураларини ўқиш суннатдир. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрда “Саббиҳисма Раббикал аъло” (“Аъло”), “Қул я айюҳал кафирун” (“Кофирун”) ва “Қул ҳуваллоҳу Аҳад” (“Ихлос” суралари)ни ўқир эдилар” (Албоний “Саҳиҳи Насоий” китобида саҳиҳ деган).

Витр намозининг мазкур барча кўринишлари суннатда мавжуддир. Витрнинг энг мукаммал даражада адо қилиш учун фақат бир кўринишга чекланмаган афзал. Балки инсон суннатнинг барча кўринишларини ҳаётда татбиқ этиши учун гоҳида бу кўринишда, гоҳо нариги кўринишда ўқиши мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳанафий мазҳабидаги сингари витр намозини шом намози каби икки қаъда ва бир салом билан уч ракаат ўқиш далил жиҳатдан заиф фикрдир. Қолаверса, витр намозини бу кўринишда ўқишдан қайтарган ҳадис ҳам мавжуд: Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилиб, “Бухорий ва Муслимнинг шартига мос саҳиҳ ҳадис, бироқ иккиси ривоят қилмаган”, деган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Шом намозига ўхшатиб уч ракаат витр ўқиманглар. Балки беш, етти, ўн бир ёки ундан ҳам кўпроқ ракаатлар билан витр ўқинглар”. Заҳабий “Талхис” китобида мазкур ҳадис ҳақида шундай дейди: “Ушбу ҳадис Бухорий ва Муслим шартига мос ҳадис. Шунингдек, ҳадисни Ибн Ҳиббон ҳам “Саҳиҳи”да ривоят қилган бўлиб, юқоридаги матн Ҳокимга тегишли матндир, валлоҳу аълам.

Discussion1 комментарий

  1. Замира

    Изоҳингиз тахажжуд намозини тулик тартибини езинг илтимос

Изоҳ қолдиринг