Умар розияллоҳу анҳу: Ибодатларга қаттиқ эътибори (3)

0

 

Закотга эътибори

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу закот масаласига алоҳида аҳамият қаратди. Уни йиғиш ва тарқатиш ишларини қатъий тартиб-интизомга солди. Закот давлатнинг асосий киримларидан бирига айланди. Бу ҳақда унинг давридаги молиявий муассасалар иши ҳақидаги мавзуда сўз боради, иншааллоҳ.

Ҳажга эътибори

Ҳажга келсак, у халифалик даврида ҳар йили ўзи одамларга бош бўлиб ҳажни ўтказарди. Бир ривоятда ўн марта, яъни халифалигининг ҳар йили ҳаж қилгани, бошқа ривоятда тўққиз йил ҳаж қилгани айтилган.

Қуйидаги ишлар халифанинг ёки унинг вилоятлардаги ноибларининг вазифаларидан саналарди:

  • одамларга ҳаж вақтини ва ҳажга доир маросимларни адо этиш пайтларини эълон қилиш;

  • уларнинг ҳаж ибодатларини шариатга мувофиқ бажаришларини таъминлаш;

  • ибодатлар адо этиладиган ўринларни белгилаб бериши ва ўзи ҳам ўша ерда туриши;

  • ҳажнинг рукнлари беками кўст бажарилишини назорат қилиш;

  • намозларда имомлик қилиши ва хутбалар ўқиши[1].

Умар одамларни ҳаж қилишга тарғиб этарди ва буюрарди. Ҳатто унинг шундай дегани ривоят қилинган эди: “Истардимки, ўлкаларга одамлар юборсам, улар имконияти бўлатуриб ҳаж қилмаётган кишиларни аниқласалар ва уларга жизя солиғи солсалар”[2].

Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ойларидан бошқа пайтда ҳам Байтуллоҳ одамлар билан гавжум ва обод бўлишини истарди ва шунга тарғиб қиларди. Чунки Абу Бакр ва Умар даврларида одамлар узоқ жойлардан асосан ҳаж мавсуми пайтида умрага келишар, бошқа ойларда умра қилишмас эди. Умар ибн Хаттоб мусулмонларни ҳаж ойларидан бошқа ойларда ҳам умра ибодатини адо этишга чорлади, Аллоҳнинг Байти йил ўн икки ой ибодат қилувчилар ва зиёрат этувчилар билан обод бўлишини истади. Ҳазрат Умарнинг йўлга қўйган ишларидан яна бири, у ҳар йили Каъбанинг ёпқичини садақа қиларди ва уни ҳожиларга улашиб берарди[3].

Рамазон рўзасига эътибори

Рамазон ойи рўзасига келсак, Умар розияллоҳу анҳу бу ибодат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тутди.

Саҳиҳ ривоятда келишича, бир куни ҳаво булутли эди, Умар розияллоҳу анҳу ифтор вақти бўлди, деб ўйлаб рўзасини очди, кейин қуёш кўриниб қолди. Шунда у: “Иш енгил (яъни бир кун қазосини тутиш кифоя), биз ижтиҳод қилдик”, деди[4].

Умарга бир кишининг узлуксиз рўза тутиб юриши хабари келганида у бориб унга дарра ўқталди ва: “Е, эй умбод рўза тутадиган!” деди[5].

Тоат-ибодатларга маҳкамлиги

Умар розияллоҳу анҳу тоат-ибодатларга берилган киши эди, кўп намоз ўқирди, кўп рўза тутарди, айниқса, умрининг охирги йиллари кўп рўза тутган, кўп садақа берган эди, халифалик даврида ҳар йили ҳаж қилган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ғазотларида у зотнинг ёнларида бўлди. У зотдан кейин ҳам кўп ғазотларда иштирок этди. Ўзининг халифалик йилларидаги барча ғазот ва фатҳларда унинг улкан ҳиссаси бор, у буларнинг барчасининг ажрига шерик, чунки уларга сабабчи бўлди.

Шу билан бирга, у зикр аҳлидан эди, унинг: “Аллоҳни зикр этишга маҳкам бўлинглар, чунки у шифодир, одамларни зикр этишдан четланинглар, чунки у дарддир”, деган сўзлари машҳур[6].

У: “Узлатдан ҳам насибадор бўлинглар!” деган эди[7].

[1] “Ас-султатут-танфизия” (1/328).
[2] “Фароидул-калом” (173-бет).
[3] “Фатово” (31/14).
[4] “Муватто” (1/303).
[5] “Фатҳул-Борий” (4/261).
[6] “Тафсири Қуртубий” (16/336). “Маҳзус-савоб” (2/677).
[7] Вакеъ, “Зуҳд” (2/517).

Изоҳ қолдиринг