Усмонийлар: туркларнинг келиб чиқиши ва уларнинг ислом оламига қўшилиши

0

Туркларнинг келиб чиқиши ва уларнинг асл ватанлари

Ўғуз қабилалари бугунги кунда биз Туркистон деб биладиган Мовароуннаҳр диёрларида яшар улар турклар деб танилган эдилар. Бу қабилалар милодий олтинчи асрнинг иккинчи ярмида ўз диёрларини ташлаб Кичик Осиёга (Анатолияга) кўчиб кетганлар. Тарихчилар уларнинг кўчиб кетиш сабаблари ҳақида турлича фикр билдирганлар. Баъзи тарихчиларга кўра, бунга иқтисодий омиллар сабаб бўлган. Қаттиқ қурғоқчилик ва серфарзандлик туфайли улар ўз диёрларида яшашга қийналганлар ва ўт-ўлан, яйловлар излаб бошқа юртларга кўчишга мажбур бўлганлар. Бошқа бир гуруҳ тарихчиларнинг фикрича, улар сиёсий сабабларга кўра кўчиб кетишган. Чунки улар ўзларидан ҳам сон жиҳатидан, ҳам куч-қувват жиҳатидан кучли Мўғул қабилалари тарафидан қаттиқ зуғум кўришгани боис тинчлик-хотиржамлик неъматидан баҳраманд бўлиш ниятида ўз юртларини ташлаб, бошқа ўлкаларга кўчишган.

Бу қабилалар ғарб томонга юриб, Амударёга яқин ерда жойлашдилар. Сўнг бир қанча муддат Табаристон ва Гўргонда яшадилар. Ҳижрий 21, милодий 641 йилда Наҳованд жангида Форс Сосонийлар давлати қулаганидан кейин бу қабилалар турган ерлар мусулмон диёрларига яқин бўлиб қолди.

Туркларнинг ислом оламига қўшилиши

Ҳижрий 22, милодий 642 йилда мусулмонлар қўшини Бобни фатҳ қилиш учун у ерга келдилар. Бобда турклар яшар эди. Ўша вақтда мусулмонларнинг қўмондони Абдураҳмон ибн Рабиа туркларнинг подшоҳи Шаҳрбароз билан учрашди. Шаҳрбароз Абдураҳмонни сулҳга чақирди ва арманларга қарши урушда мусулмонлар билан бирга иштирок этишини билдирди. Абдураҳмон уни лашкарбоши Суроқа ибн Амрнинг олдига юборди. Суроқа Шаҳрбароз билан учрашиб, унинг таклифини қабул қилди ва бу ҳақда халифа Умар розияллоҳу анҳуга хат йўллади. Умар розияллоҳу анҳуга ҳам бу иш маъқул бўлди. Шунда сулҳ тузилди ва мусулмонлар билан турклар орасида ҳеч қандай уруш бўлмади. Аксинча, улар биргаликда исломни ёйиш учун арман диёрларига йўл олдилар.

Форс давлати йиқилганидан кейин Форснинг шимоли шарқий тарафларини фатҳ қилиб, Аллоҳнинг даъватини тарқатиш учун мусулмонларнинг қўшинлари кела бошладилар. Улар бу минтақага ўтишларига Форс давлати тўсқинлик қилаётган эди. Бу тўсиқ кетиб, исломий фатҳлар кўпая бошлаганидан кейин бу ерда яшовчи аҳоли учун жойидан кўчишига йўл очилди. Бу аҳоли ичида турклар ҳам бор эди. Улар арабларга қўшилиб, исломни қабул қилдилар ва исломни ёйиш ҳамда Аллоҳнинг динини олий қилиш мақсадида мужоҳидлар сафига қўшилдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Табаристон ҳам фатҳ қилинди. Сўнг ҳижрий 31 йилда мусулмонлар Жайҳун дарёсидан ўтиб, Мовароуннаҳрга жойлашдилар. Аксар турклар исломга кирдилар ва исломни ҳимоя қиладиган, бутун дунёга Аллоҳнинг даъватини ёйишга ўз ҳиссасини қўшадиганлар сафидан ўрин олдилар.

Мусулмон қўшинлар бу диёрларда  юришларини давом эттириб, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу даврида Бухорони Фатҳ қилиб, Самарқандгача етиб бордилар. Бу ерларда исломий давлат ўрнатилиши билан Мовароуннаҳрдаги барча юртлар ислом адолати ва ислом маданияти остида ҳаёт кечира бошладилар.

Шундай қилиб Аббосий халифалар ва амирлар саройларида туркларнинг сони орта бошлади. Улар давлатдаги юқори лавозимларни  эгаллай бошладилар. Уларнинг ичида ҳарбийлар, раҳбарлар ва котиблар бор эди. улар секин-аста энг олий мансабларни қўлга киритдилар.

Муътасим халифа бўлганида туркларга йўл очиб, уларга давлатдаги раҳбарлик вазифаларини топшириб қўйди. Шундай қилиб улар давлатни бошқариш ишларида иштирок эта бошладилар. Халифа Маъмун давридан буён Аббосийлар давлатини бошқаришда минтақада форслар катта рол ўйнаётган эдилар. Муътасим уларни йўқотиш мақсадида бу йўлни тутган эди.

Муътасимнинг туркларни кўп қўллаб-қувватлагани оддий инсонлар ва аскарлар орасида унга нисбатан нафрат пайдо қилди. Одамлар унга ҳужум қилишидан қўрққан Муътасим Бағдоддан 125 км узоқликда Сомарро деган янги бир шаҳар қуриб, қўшини ва аъёнлари билан ўша ерга кўчиб кетди.

Шундай қилиб, ўша вақтларданоқ турклар исломий тарих саҳнасида муҳим рол ўйнай бошладилар. Улар Аббосийлар давлати соясида катта бир исломий давлат қурдилар. Бу давлат Салжуқийлар давлати номи билан машҳур бўлди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг