Етти ҳикоят: Иккинчи ҳикоят (2)

0

(давоми)

Эътиборга лойиқ муҳим нуқта

Ўнта ўғил отага қарата шундай дейди:

«Отажон, не сабабдан сиз Юсуфни бизга ишонмайсиз

Бир қарашда ўринли саволга ўхшайди. Лекин…

Ҳақиқатда, нега Ёқуб баъзи фарзандларини баъзисига қўшмаган? Нима учун ота ўз ўғилларига ишонмаган? Нега Юсуфни акаларига ишонмаган?

Катта ўғилларнинг отага қаратган бу ғалати саволи ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас, албатта. Ўртада бир гап ўтган. Сабаб бор… Ота бир нарсани сезган, билган ва шунинг учун кичик ўғлини катталарига ишонмаган.

Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?

Тулки қуйруққа жуда ўч бўлар экан. Буни билган овчилар шудгорга қопқон қўйиб, устига тупроқ ташлаб, тепасига қуйруқ қўйишар экан. Баднафс лаққа тулки қуйруққа алданиб, тузоққа тушиб қолади. Ҳозиргина ёнида хиромон айлаб юрган шеригининг мўйнасини мўйнадўзнинг қўлида кўрган ҳушёр, айёр тулки эса шудгорда қуйруқни кўриб, қочар экан. Бу ҳолатни кузатган одамлар тулкининг тилидан: «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилурдеган сўзни айтишган. Бу гап тилдан тилга ўтиб, кейинчалик зарбулмасалга айланган.

Шунга ўхшаш Ёқуб алайҳиссалом ҳам бекордан-бекорга Юсуфни улардан ажратмаган. Бир сабаб бор, албатта.

Бизнинг у сабабни излашимиз ўринсиз. Фойдаси йўқ. Лекин Қуръоннинг бу оятидан, Ёқубдек пайғамбарнинг тутумидан сабоқ олишимиз керак. Зотан, қиссалар шундай мақсадда ҳикоя қилинур. «Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг акаларида «қизиққанлар» учун оят-ибратлар бор».

Қиссадан ҳисса – ака-ука, опа-сингил гоҳ яхши ниятда, гоҳ ёмон, гоҳ билиб, гоҳ билмай, бир-бирига зарар етказиб қўйиши мумкин экан. Шунинг учун фарзандлар камолини, уларнинг равнақини, тинч-тотув, аҳил-иноқ яшашини истаган ҳар бир ота-она улар ўртасидаги муносабатларни кузатиб-билиб бориши керак.

Ҳа, тақозо қилса, уларни бир-биридан узоқ тутилади. Ёши каттайгач, уларнинг тўшаги алоҳида-алоҳида бир биридан узоқ жойга солинади. Ҳаммасини бир хонада, бир ҳовлида олиб ўтириш ҳикмат эмас! Бир қоринга сиққан болалар бир ҳовлига сиғмайди. Ака-укалар макри ёмон!..

Юсуф бошига тушган қудуқ, қуллик, қамоқ каби оғир мусибатлар, нафақат Юсуф, балки Ёқуб бошига тушган турли мусибатлар, хонадонга келган ҳар-хил кулфатлар, Ёқубнинг кўр бўлиши, буларнинг барига сабаб ака-укалар эмасми?!

«Ўтган кунлар»ни эсланг. Кумушнинг заҳардан ўлиши, Зайнабга уч талоқ тушиши, охир-оқибат, эс-ҳушидан айрилиб, савдойи бўлиши, Тошкент ва Марғилондаги иккита шодумон хонадонга тушган мусибат, аза… буларнинг ортида ким турибди, ким?! Биласизми?!

Бу кулфатлар ортида саҳнада кўринмаган ғаламис опа-сингиллар турибди. Ҳа, ҳа, опа-сингиллар.

Юсуфнинг акалари: «Юсуфни ўлдирсангиз, отангиз сизга юзланади», деганидек, «Ўтган кунлар»да Зайнабнинг опалари «Кумушни ўлдирсанг, кундошингга заҳар берсанг, эринг сенга юзланади», деган эди. Опа Зайнабга бемаъни маслаҳат берди. Бу иккала фожеа ўтмишда содир бўлган. Ҳозирги кунда бундай аянчли ҳодисалар қалашиб ётибди. Мен бир оилани биламан. Улар шаънига доғ туширмаслик учун номларини айтмайман. Ёш эр-хотин ишқ-муҳаббатда мисли Фарҳоду Ширин, Лайли ва Мажнун эди. Лекин ўртада фарзанд йўқ. Орадан йиллар ўтади. Фарзанддан дарак йўқ.

Муҳаббат эса кундан кунга зиёда бўлмоқда. Хотиннинг ўзи эрига иккинчи хотин излайди. Бу иш уларнинг муҳаббатига қилча таъсир қилмайди.

Шунда қизнинг опаси синглисини айнитиб, гиж-гижлаб, қўрқитиб, у қилиб, бу қилиб, эр-хотиннинг ўртасига раҳна солади. Оилани бузади, ажратади.

Биров нуқул: «Кундошлик – кўнгил ғашлик», «Эшикдан кундош кирса, тешикдан уруш киради», «Кундошли ошим – заҳарли ошим», «Кундош – бошингда тош, кўзингда ёш», деб шиханглаб турса, гиж-гижласа, қўрқитса, ҳар қандай одам ҳам айнийди-да.

Шунча шиханг, шунча гиж-гиждан сўнг эр-хотин кўзда ёшлар билан ажрашади. Қайнона, қайинсингиллар аллақачон уйнинг асл қизига айланган бу севикли келинларини йиғлаб-йиғлаб кузатадилар. Бу каби ажрашишни ҳали ҳеч ким кўрмаган. Ажрашгандан кейин ҳам эр бечора аввалги хотинини қайтариб олишга кўп ҳаракат қилади. Опа эса уялмасдан сингилнинг ишига аралашиб, уни айнитар эди.

Охирги пайтларда «13 яшар қиз ўз акасидан фарзанд кўрди», «12 яшар қизалоқ ўз акасидан фарзанд кўрди», «15 яшар қизни акаси зўрлади», деган гаплар кўпайиб қолди. Бу хабарлар газета-журналларнинг харидоргир мавзусига айланган. Агар ҳозир мен бунга биттадан мисол келтирсам, «энг гўзал қисса»миз энг хунук қиссага – фожеа, трагедияга айланиб кетади. Шекспирнинг «Отелло»си, Навоийнинг «Лайли ва Мажнун»и, Қодирийнинг «Ўтган кунлар»и ҳозирги кунлардаги фожеалар олдида ҳолва бўлиб қолади.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болалар орасини тўшакда ажратинглар», деганлар.

Улар алоҳида-алоҳида ётсин. Керак бўлса, имкон бўлса, уларга алоҳида хона қилиб беринг. Уларнинг ўзларини ёлғиз қўйиш хатарли. Улар улғайган сайин назоратни кучайтириш керак, дейилмоқда ушбу кўрсатмада.

Кўпчилик билмаган нарсаларни билган, кўплар сезмаган нарсаларни сезган Ёқуб алайҳиссалом жажжи Юсуфни ўз акаларига ишонмаслиги бежиз эмас, албатта.

Шунинг учун ўнта ўғилнинг отага қарата:

 «Отажон, не сабабдан сиз Юсуфни бизга ишонмайсиз?» деган саволи аслида ўринсиз саволдир.

Бола ота билган нарсаларни ўзи ота бўлгандан кейин билади! Ўзи ота бўлмагунча отанинг ташвишини билмайди, ғамини англамайди, ҳис этмайди…

 «Ичимдан чиққан балога қайга борай давога», деган нолаи афғон аслида дилбандлар тиғидан бағри қон ота-оналар оғзидан чиққан.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг