Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Ҳалим исмининг маъноси (1)

0

Луғавий маъноси

«Ҳалим» сўзи араб тилидаги حَلُمَ، يَحْلُمُ، حِلْمًا  феълидан ясалган от-исм бўлиб, оғир-босиқ, вазмин, ғазаб пайтида сабр-бардошли, эс-ҳуш ва ақл билан иш тутувчи деган маъноларни билдиради.

Роғиб Асфаҳоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳалимлик инсон ўзини ғазабга берилишдан тийишидир[1].

Қуръонда келган ўринлари

Ҳалим исми Қуръони каримнинг ўн бир жойида зикр этилган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

Ва билингизки, албатта, Аллоҳ ичларингиздаги нарсани билади. Бас, Унинг (азобидан) эҳтиёт бўлинг! Ва билингизки, албатта, Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир” (Бақара, 235);

Яхши гап ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалим зотдир” (Бақара, 263);

Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ билувчи ва ҳалим бўлган зотдир” (Аҳзоб, 51);

Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган зотдир” (Фотир, 41).

Аллоҳ таолога нисбатан қай маънода қўлланиши

Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг Ҳалим исми бардошли, бандаларининг қилган гуноҳларига жазо беришга шошилмайдиган зот, деган маънони билдиради[2].

Бошқа ўринда Ҳалим исмини изоҳлаб шундай деган: “Унга ширк ва куфр келтирган бандаларига ҳалимлик қилиб, уларга азоб беришга шошилмайди[3].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг Ҳалим исмини шарҳлаб дейди: “Ҳалим кечиримли ва бардошли зот дегани. Ғазаби Ўзини идора этишдан ман қилмайди, жоҳил банданинг жоҳиллиги ва осий банданинг исёни тўғри қарор қабул қилишдан тўсмайди.

Ожизлиги туфайли кечиримли бўлган кишига ҳалим дейилмайди. Ҳалим деб интиқом олишга қодир бўлатуриб, кечирадиган ва дарров жазо беришга шошилмайдиган кишига айтилади[4].

Ибн Ҳассор раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эътироз билдириб айтилсаки: “Ҳалимлик қандай қилиб босиқлик маъносини ифода этади? Ҳолбуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашаж Абдулқайсга айтган сўзларида: “Сенда Аллоҳ яхши кўрадиган икки хислат бор: ҳалимлик ва босиқлик[5], дея иккисини икки хислат санаган бўлсалар?

Бунга жавобан айтамиз: “Шуни билингки, босиқлик гоҳида ҳалимликдан келиб чиқмаслиги ҳам мумкин. Ҳалимлик эса ҳеч қачон босиқликсиз бўлмайди (яъни ҳалимлик босиқликни тоқазо қилади). Аслида, босиқлик шошмаслик дегани. Гоҳида муайян бир сабабга кўра босиқ бўлиш, яъни шошилмаслик мумкин. Аммо ҳалимлик эса ҳар қачон шошмасдан ва босиқлик билан иш тутишни тоқазо қилади. Шунга эътибор қаратинг!

Шунингдек, ҳалим хислатига эга зот, албатта, ҳар ишни ўрнига қўядиган ҳаким, (қўл остидагилар қилмишларидан) бохабар ва (қилмишларига яраша жазо беришга) қодир бўлади. Агар ҳалим зот жиноятга яраша жазо беришга қодир бўлмаса, ҳалимлиги ожизлик, заифлик ва кучсизликдан келиб чиққан бўлади. Агар бехабар бўлса, жиноятдан хабарсиз қолгани учун жазо бермаган бўлади. Агар ҳаким (ҳикмат билан иш юритувчи) бўлмаса, баъзан ҳалимлиги эсипастлик саналади ва ҳоказо”.

Асбаҳоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳалимосий бандаларига нисбатан кечиримли ва бардошли зот. Чунки бандаси гуноҳ қилган пайтидаёқ, агар  истаса, унга жазо берарди. Лекин бандасига ҳалимлик (бардошлилик) қилади ва жазосини маълум муддатга кечиктиради. Бу исм бандаларда ҳам бўлиши мумкин. Аммо бандаларнинг ҳалимлиги гўдаклигидан бўлмайди, балки улғайганда пайдо бўлади. Уларнинг ҳалимлиги баъзан касаллик, ғазаб, айрим ҳодисалар туфайли ўзгариши мумкин. Шунингдек, банда ўлими билан ҳалимлиги ҳам ниҳоясига етади. Аллоҳ азза ва жалланинг ҳалимлиги эса азалдан бўлган ва ҳеч қачон кетмайди.

Қолаверса, банда бир нарсада ҳалимлик қилиб, бошқасида ҳалимлик қилмаслиги мумкин. Кучи етмайдиган инсонга ҳалим бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло эса, қодир бўлатуриб ҳалимлик кўрсатади[6].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Фотир сурасидаги “Дарҳақиқат У ҳалим ва мағфиратли бўлган зотдир”, оят тафсирида шундай дейди: “Бандалари Унга куфр келтиришлари ва осий бўлишларини кўратуриб, уларга ҳалимлик қилади ва жазоларини маълум вақтга кечиктиради, шошмайди. Айрим бандаларининг гуноҳларини яширади ва кечиради[7].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Нуния” номли шеърида қуйидаги мазмунда мисралар битган: “Аллоҳ ҳалим зотдир. Бандаси тавба қилишини кутиб, унга жазо беришга шошмайди”[8].

Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳалим – бандалари гуноҳ ва кўп хатоларга йўл қўйишига қарамай, уларга ошкор ва махфий неъматларни мўл-кўл қилиб берадиган зот. Осийларга гуноҳлари учун дарров жазо беришга шошилмайди, тавба қилишлари учун дашном, тўғри йўлга қайтишлари учун муҳлат беради[9].

[1] Асфаҳоний, “Ал-муфрадот”, (129-бет).
[2] Табарий, “Жомеул-баён”, (2\327).
[3] Табарий, “Жомеул-баён”, (22\95).
[4] Хаттобий, “Шаънуд-дуо”, (63-63-бетлар). Қаранг: Ибн Асир, “Ниҳоя”, (10\433-434).
[5] Муслим, (1\189).
[6] Асбаҳоний, “Ал-ҳужжа фил-маҳажжа”, (1\156).
[7] Ибн Касир, «Тафсирул-Қуръонил-азийм», (3\561).
[8] Қаранг: “Нуния”, Аҳмад ибн Иброҳим шарҳи (2\227).
[9] Саъдий, “Тайсиру ал-Каримур-Раҳмон”, (5\304).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг