Аббосийлар давлати: Мустаин биллоҳ

0

Ўн иккинчи халифа Мустаин биллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Мўътасим 

(Халифалик даври – ҳижрий 248-252 йиллар)

Мунтасирнинг вафотидан сўнг турк қўмондонлар халифаликни Мутаваккилнинг ўғилларидан бирортаси эгаллаб олишидан ва оталарини ўлдиришгани учун улардан ўч олишидан қўрқиб, Мунтасирнинг амакиси Мустаин – Аҳмад ибн Муҳаммад Мўътасимни халифалик тахтига келтирдилар.

Мустаин ҳижрий 221 йили туғилган. Онаси Мухориқ исмли умму валад (хожасидан фарзанд кўриб, озод бўлган чўри) эди.

У оқюзли, чиройли киши эди. Юзида чечак изи қолган, тили чучукроқ эди. Яхши ишлар қилишга кўнгли мойил, фозил, ҳозиржавоб, адиб эди. Кенг енгли либос кийишни биринчи бўлиб у йўлга қўйганди.

Мустаин турк қўмондон Отамишни ўзига вазир қилди ва ўғли Аббосга тарбиячи этиб  тайинлади. Отамиш ҳаддидан ошиб, кўп исрофгарчиликка йўл қўйди, шундан сўнг бошқа турк пешволар ундан қутулишга қарор қилдилар ва уни ўлдирдилар.

Мустаин қўмондон Васифни Аҳвозга амир қилиб юборди, Буғо Сағирни эса Фаластинга волий қилди.

Кейин Мустаин Васиф ва Буғо Сағир билан келишиб, турк қўмондон Боғирни ўлдиришга амр берди, Боғир халифа Мутаваккилни ўлдиришда иштирок этган катта қўмондонлардан бири эди, у 251 йили ўлдирилди.

248 йили Буғо Кабир вафот этди, ўғли Мусо унинг ўрнига қўмондон бўлиб қолди.

Шу йили Тоҳир ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир вафот этди. Мустаин унинг ўғли Муҳаммад ибн Тоҳирни Хуросонга, (иниси) Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳирни эса Ироққа волий қилди.

Турк қўмондонлар билан Мустаин ўртасида баъзи келишмовчиликлар чиқди, шундан сўнг у улардан норози бўлиб Бағдодга кетиб қолди. Турклар ундан узр ва розилик сўраб одам юбордилар, бироқ у қабул қилмади. Шундан сўнг улар Сомаррода тартибсизлик чиқардилар, қамоққа бостириб кириб, маҳбусларни, шу жумладан, Муътаз билан акаси Муайядни озод этдилар, сўнг Муътазни халифа деб эълон қилдилар. Шундан сўнг Муътазнинг иши ривож топди. Бағдод эса Мустаинга садоқатида давом этди.

Муътаз укаси Абу Аҳмадни Мустаинга қарши урушга юборди. Бағдодликлар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир ибн Ҳусайн бошчилигида, сомарроликлар эса Абу Аҳмад ибн Мутаваккил бошчилигида урушга кирдилар. Уруш узоқ давом этди. Пировардида, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир халифа Мустаинни рақиблари унинг шартларини қабул қилишса, тахтдан воз кечишга кўндирди. Мустаин бир неча шартлар асосида тахтдан воз кечди, шартларини ёзиб бергач, Муътазга байъат берди. Бағдод аҳли ҳам унга байъат берди.

Мустаин Маккага кетиш истагини билдирди, бироқ бунга изн бермадилар, Басрага кетишига ҳам рухсат бўлмади. Шундан сўнг у Воситга кетди. Орадан тўққиз ой ўтгач, Муътаз одам юбориб, уни ўлдиртирди. Бу ҳодиса 252 йили 3 шавволда юз берди, у 252 йил 4 муҳаррамда тахтдан воз кечган эди.

Мустаин давридаги урушлар

Қўмондон Васиф 248 йили Рум (Византия) диёрига ғазот бошлади.

249 йили Жаъфар ибн Дийнор ёзги юришга бош бўлиб, Румга уруш қилди.

Умар ибн Абдуллоҳ ибн Ақтаъ ғазотга чиқишга изн сўради ва қўшинга бош  бўлиб, Рум диёрига қараб юрди. Малатия яқинида Рум қўшини билан тўқнашди. 249 йил ражаб ойининг ўрталарида жума куни бўлган шиддатли жангда мусулмонлар амири Абдуллоҳ ибн Ақтаъ ўлдирилди ва у билан бирга мингга яқин аскар шаҳид бўлди. Бунинг хабари Али ибн Яҳё Арманийга етганида у Арманистондан қайтаётган эди. У ўз қўшини билан румликларга қарши урушга кирди ва тўрт юз мусулмон қаторида ўзи ҳам шаҳид бўлди.

Бағдодда халқ халифа ва қўмондонларнинг чегара минтақаларига эътиборсиз қараётганига, ўз муаммолари билан овора бўлиб қолганига норозилик билдириб қўзғолди. Бағдодлик бадавлат кишилар шундан кейин чегара минтақалар ҳимояси учун жуда кўп маблағ тўпладилар.

Халифанинг ожизлиги, давлат бошқарувини ҳарбий қўмондонлар эгаллаб олишгани ва халифани ҳам измларига солиб олишгани боис норозиликлар кўпайиб, турли минтақаларда исён ҳаракатлари вужудга келди.

Ҳимс аҳли 248 йили волийларига қарши исён кўтарди, кейин 249 йили яна бир исён кўтариб, волийни Ҳимсдан қувиб чиқардилар. Кейин 250 йили янги келган волийга қарши яна бош кўтардилар. Шундан сўнг Мусо ибн Буғро Кабир улар устига юриш қилди ва 251 йили Растан деган ерда икки ўртада жанг бўлиб, бу жангда ҳимсликлар бошлиқлари асирга олинди. Шундан сўнг Ҳимсда тинчлик қарор топди.

Бир неча ўлкаларда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайннинг авлодлари бошчилигида исён ҳаракатлари кўтарилди.

Кўфада Абул Ҳусайн Яҳё ибн Умар ибн Яҳё ибн Ҳусайн ибн Зайд ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб исён кўтариб, Кўфа байтулмолини қўлга киритди. Зиндондагиларни озод этди. Оли байтдан (Пайғамбар авлодидан) бўлган Ризога байъат беришга чақирди. Унга кўпчилик эргашди. Лекин охир-оқибат у мағлуб этилди ва ўлдирилди. Бу воқеа 250 йили содир бўлди.

Табаристон томонда Ҳасан ибн Зайд ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Ҳусайн ибн Зайд ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб исён бошлади. Боиси, халифа Мустаин ўша атрофдан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир ибн Ҳусайнга ер ажратиб берган эди, у ўзига берилган ерни куч билан олмоқчи бўлганида ерлик халқ қўзғолон кўтарди ва Ҳасанни чорлаб, унга байъат берди. Унинг атрофига дейламликлардан иборат катта жамоат йиғилди. Шундан сўнг Ҳасан уларга бош бўлиб, Мустаин тарафидан қўйилган Табаристон волийси Сулаймон ибн Абдулллоҳ ибн Тоҳир устидан ғалаба қозонди, сўнг Райга кириб борди ва Тоҳир ибн Ҳусайннинг уруғ-авлодини у ердан чиқарди.

Қазвин ва Занжон томонда Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Исмоил Арқат ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб исён кўтарди, у Кавкабий номи билан машҳур эди.

Райда Аҳмад ибн Исо ибн Ҳусайн Сағир ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб арафа куни исён кўтарди, эртасига одамларга ҳайит намозини имом бўлиб ўқиди ва одамларни оли байт вакили Ризога байъат беришга чақирди. У Муҳаммад ибн Али ибн Тоҳирни мағлубиятга учратди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Азиз Райга келиб, Аҳмад ибн Исони асирга туширди ва уни Найсобурга юборди. У ўша ерда Муътаз халифалиги даврида қатл этилди.

Кўфада Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб бош кўтариб чиқди, лекин у кўпга бормай енгилиб, қатл этилди.

Маккада Исмоил ибн Юсуф ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб чиқди ва одамларга зулм ўтказа бошлади. Сўнг у қўшини билан Мадинага йўл олди ва Мадина волийсини ҳайдаб чиқарди, у ерда ҳам Маккадаги бедодликларини қилди. Сўнг Жиддага бориб, савдогарларнинг молларини талади, олдидан чиққан нарсани талон-тарож қилди. Ҳажда одамларни Арафотда вуқуф қилишдан (туришдан) ман этди, ўша йили Арафотда Исмоил ибн Юсуф ва унинг одамларидан бир жамоат вуқуф қилди, холос.

Мустаин халифалиги даврида ярим мустақил амирликлар ҳолатида деярли ўзгариш бўлмади.

Изоҳ қолдиринг