Аллоҳ суйган бандалар: Ўртача инфоқ қилиш (4)

0

Исроф ва ортиқча сарфнинг қораланиши

Аллоҳ таоло бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаргани каби, исроф ва ортиқча сарфдан ҳам қайтаргандир. Аллоҳ таоло деди: “Ўзингга ҳам, аҳли-оилангга ҳам, муҳтожларга ҳам қисиб-қимтиб, яхши ишларга пул сарфлашдан қўлингни тортма. Шунингдек, инфоқ-эҳсонда исроф қилиб, куч-тоқатингдан ташқари нарсаларни ато этма. Акс ҳолда, одамларнинг маломати остида ва молингни исроф билан йўқ қилганингга ҳасрат-надоматда қоласан” (Исро, 29).

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло ҳаётда тежамкорлик билан яшашга буюриб, бахилликни қоралаб ва исрофгарчиликдан қайтариб шундай дейди: “Ўзингга ҳам, аҳли-оилангга ҳам, муҳтожларга ҳам қисиб-қимтиб, яхши ишларга пул сарфлашдан қўлингни тортма”, яъни бировга ҳеч нарса бермайдиган бахиллардан бўлма ва “Инфоқ-эҳсонда исроф қилиб, куч-тоқатингдан ташқари нарсаларни ато этма”, яъни инфоқ қилишда ортиқча сарфлаб, киримдан чиқимни кўпайтириб, тоқатингдан ташқари даражада ҳам берма. “Акс ҳолда, одамларнинг маломати остида ва молингни исроф билан йўқ қилганингга ҳасрат-надоматда қоласан”, яъни бахиллик қилсанг, одамлар сени айблайдилар, тоқатингдан ортиқ бериб юборсанг, инфоқ қилишга қодир бўлмай, аввалда тез югуриб, сўнг толиқиб юролмай қолган улов каби ҳеч вақосиз ўтириб қоласан” (Ибн Касир тафсири).

Раббимиз Аллоҳ азза ва жалла бошқа бир ояти каримада бундай дейди: “Молингни Аллоҳнинг тоатидан бошқа ўринларга ёки исрофгарчилик билан сарфлама. Исроф қилувчилар фисқ-фасод ва гуноҳда шайтоннинг дўстларидир. Шайтон эса Раббининг неъматини инкор қилувчи ва унга куфр келтирувчидир” (Исро, 26-27).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Исрофгарчилик – ҳақсиз ўринларга молни сарфлаш”, деб айтганлар.

Қатода роҳимаҳуллоҳ: “Исроф – гуноҳ ва маъсиятга пул сарфлаш”, деган.

Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ эса: “Инсон барча мол-дунёсини ҳақ йўлда инфоқ қилиб юборса, исрофгар бўлмайди. Лекин бир ҳовуч нарсани ноҳақ ўринга сарфласа, исроф қилувчи бўлади”, деб айтган.

Исроф ҳар қандай ишда – еб-ичишда бўладими, кийим-кечак, ҳовли-жой, уй-анжом, гапириш, гапирмаслик, ухлаш, ухламаслик, очлик, тўқлик ва булардан бошқа ишларда бўладими, барчасида қоралангандир. Биз шу ўринда исрофнинг бир турини шарҳлаб ўтамиз.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг