Тавҳид ақидаси: Худосиз фирқалар ва жоҳилий ҳизбларга аъзо бўлиш ҳукми

0

1. Коммунистик, секуляр (илмоний-дунёвийлик) каби динсиз партия ва фирқаларга кириш Исломдан қайтиб, муртад бўлишдир. Агар бу фирқаларга аъзо бўлган одам Исломни даъво қилса, у иши катта мунофиқлик бўлади. Зеро, мунофиқлар зоҳиран Исломга мансуб саналиб, ботинда кофирлар билан биргадир. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:

«Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: “Биз ҳам иймон келтирдик”, дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганда эса: “Биз, албатта, сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос”, дейишади» (Бақара сураси, 14).

Яна айтади: «Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса: “Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку”, дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: “Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?” дейишади» (Нисо сураси, 141).

Бу алдоқчи мунофиқларнинг икки юзи бўлади. Бир юзи билан мўминларга, иккинчи юзи билан кофир дўстларига боқишади. Уларнинг иккита тили бўлади. Биттасини мусулмонлар зоҳирига қараб қабул қилаверадилар, иккинчиси эса уларнинг яширин сирларини фош қилади: «Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: “Биз ҳам иймон келтирдик”, дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: “Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос”, дейишади» (Бақара сураси, 14). Китобу Суннатдан – уларнинг аҳлини масхаралаб ва менсимасдан – юз ўгиришди, кўпайгани сари ёмонлик ва мутакаббирликни зиёда қиладиган илмлари билан мағрурланиб, Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига бўйсунишдан бош тортишди. Аллоҳ ва Расулининг сўзларини маҳкам ушлаган кишиларни кўришса, уларнинг устидан кулишади: «Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара сураси, 15). Ҳолбуки, Аллоҳ таоло мўминлар сафига қўшилишга буюрган: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба сураси, 119).

Бу динсиз фирқалар бир-бири билан курашиб ўтади, улар ботилга асосланган. Масалан, шуюийлар (коммунистлар) яратувчининг борлигини инкор қилишади ва самовий динларга қарши курашади. Ким ақидасиз яшашни раво кўрса, бирламчи ақлий ҳақиқатларни инкор қилса, у ақлини ишлатмайдиган нодон бўлади. Илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) динларни инкор қилишади ва бу ҳаётда фақат ҳайвонларча яшашдан бошқа ғояси бўлмаган моддиятга (материалистик фалсафага) суянишади. Капиталистларнинг эса ҳалолдан бўладими, ҳаромдан бўладими, қайси томондан бўлса ҳам, мол-дунё жамғаришдан бошқа ташвиши бўлмайди. Уларда камбағалларга нисбатан меҳр-шафқат деган нарса йўқ. Иқтисодлари рибо (судхўрлик) асосига қурилган. Рибо эса Аллоҳ ва Расулига қарши кураш, давлат ва шахсларнинг емирилиши, қашшоқ халқларнинг қонларини сўриш демакдир. Заррача иймони бор одам у ёқда турсин, қайси ақли расо инсон бундай ақлсиз, динсиз, ҳаётда интиладиган ва курашадиган бирор ғояси бўлмаган тузумда яшашга рози бўлади?! Аслида бу тузумлар мусулмонлар диёрига уларнинг кўпидан саҳиҳ дин кўтарилгани, йўлсизлик устида тарбияланиб, қарамликда яшашгани боис кириб келган.

2. Жоҳилий, миллий, ирқий ҳизб ва фирқаларга аъзо бўлиш ҳам куфр ҳамда Ислом динидан қайтиб, муртад бўлиш саналади. Чунки Ислом миллий-ирқий таассубларни, жоҳилий чақириқларни рад этади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлигингиз тақволироғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким асабиятга (таассубга) чақирса, у биздан эмас. Ким асабият учун жанг қилса, у биздан эмас. Ким асабият учун ғазабланса, у биздан эмас».[1]

Яна дедилар: «Аллоҳ сизлардан жоҳилият таассубини ва ота-боболар билан мақтанишни кетказди. Энди киши фақат тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлади. Инсонлар Одам фарзандларидир, Одам эса тупроқдан яралган. Арабнинг ажам устида ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақво билангина (афзал бўлиши мумкин)».[2]

Бундай тоифачиликлар мусулмонларни бўлиб ташлайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бирликка, яхшилик ва тақво устида ўзаро ёрдамлашишга буюрган, бўлиниш ва ихтилофга берилишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланинг ва бўлинманг! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз…» (Оли Имрон сураси, 103).

Аллоҳ таоло бизлардан фақат битта ҳизб бўлишимизни истайди. Нажотга эришувчи бу ҳизб – Аллоҳнинг ҳизбидир.

Абул Ҳасан Надвий шундай ёзади: «Европанинг сиёсий ва маданий истилосига учраганидан сўнг Ислом олами қон-қариндошлик, жинсий ва миллий-ирқий таассубчиликларга бўйсуна бошлади, уларни илмий асосланган масала, муқаррар ҳақиқат, қочиб қутулиш имконсиз бўлган воқелик деб ишона бошлади, мусулмон халқлар Ислом таг-томири билан қуритган таассубчиликни яна қайта тирилтиришга, унинг расм-русумларини тиклашга, Исломдан олдинги даврлардаги миллий-ирқий анъаналари билан фахрланишга ғайритабиий суратда интила бошлади. Ваҳоланки, айни шу нарсани Ислом жоҳилият деб номлаган, Аллоҳ таоло мусулмонларга ундан қутулиш неъматини инъом қилган ва бу неъматнинг шукрини адо этишга ундаган эди.

Табиийки, мўмин киши узоқ ё яқин даврлар илгари ўтган жоҳилиятни фақат нафрат, ёмон кўриш, жирканиш ва сесканиш билан эслайди. Қамоқ азобларига дучор бўлиб, ундан эндигина қутулиб чиққан одам маҳбуслик даврида чеккан азоб-уқубатлари ва тортган хўрликларини титроқларсиз эслай оладими, ахир?! Узоқ вақт оғир дард чекиб, ҳаётдан бутунлай умиди узилган одам касаллигидан тузалиб кетгач, ўтган кунларини ранги ўзгармай, кўнгли бузилмай хотирлай оладими, ахир?!»[3]

Бу тоифачиликларни Аллоҳнинг шариатидан юз ўгирган, Унинг динидан тонган кимсалар учун Аллоҳ юборган азоб деб билмоқ керак. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб (жангу жадалларда) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир» (Анъом сураси, 65).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Модомики, раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас экан, Аллоҳ уларни бир-бирларига азоб тотдирадиган қилиб қўяди».[4]

Ҳизб ва тоифаларга таассуб қилиш, худди яҳудларда бўлганидек, бошқалардаги ҳақдан юз ўгиришга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», дейдилар ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи ҳақ (китоб)га кофир бўладилар” (Бақара сураси, 91).

Ота-боболарининг йўлига кўр-кўрона эргашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ҳақдан юз ўгирган жоҳилият аҳлининг ҳолати ҳам айни шундай бўлган эди: «Қачон (мушрикларга): “Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг”, дейилса, улар: “Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейишади» (Бақара сураси, 170).

Бу тоифачилар ўз фирқаларини Аллоҳ бутун башариятга марҳамат қилиб юборган Исломнинг ўрнига қўйишни истайдилар.

 

[1] Муслим ривояти.
[2] Термизий ва бошқалар ривояти.
[3] Абул Ҳасан Надвий, «Риддатун ва ла Аба Бакр лаҳа» рисоласидан.
[4] Ибн Можа ривояти.

Изоҳ қолдиринг