Сийрат: Аҳли китоб олимлари башоратлари ва нубувватнинг илк белгилари

0

 

Аҳли китоб олимлари башоратлари

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўзининг Исломни қабул қилиши ҳақидаги машҳур ҳикоясида айтишича, аммуриялик роҳиб вафоти олдидан унга: «Иброҳимнинг динида юбориладиган пайғамбарнинг замони яқинлашиб қолди. У араблар еридан чиқади, икки ҳарра (қиррали тошлоқ) ва улар ўртасидаги хурмозорлар оралиғидаги ерга ҳижрат қилади. Унда очиқ кўриниб турадиган аломатлар бўлади: ҳадяни ейди, садақани емайди, икки кураги ўртасида пайғамбарлик муҳри бўлади. Агар ўша диёрларга кетиш имконини топсанг, шундай қил», дейди[1].

Сўнг Салмон ўзининг Мадинага келиши ва қул қилинишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилганларида у зот билан кўришганини, у зотга бир егуликни садақа деб берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни емаганларини, кейин бир егуликни ҳадя деб берганида у зот ундан еганларини, у зотнинг икки кураклари ўртасидаги пайғамбарлик муҳрини кўрганини ва шулар сабабли Исломни қабул қилганини ҳикоя қилган[2].

Яҳудий олимлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиқиш замонлари арафасида бир-бирларига айтиб юрган гаплар ҳам шу жумладандир. Улардан бири Абу Таййиҳон Шом диёридан чиққан ва Бани Қурайзага кўчиб келиб, шу ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқишларидан икки йил олдин вафот этган. Вафоти яқинлашиб қолганида у Бани Қурайзага шундай деган эди: “Эй яҳудийлар, биласизларми, мен нега мўл-кўлчилик ва фаровонлик еридан – Шомдан чиқиб, очлик ва фақирлик ерига – Ҳижозга келдим?” Улар: “Ўзинг биласан”, дейишди. У деди: “Мен бу диёрга шу яқин замонда чиқадиган пайғамбарни кўрармиканман деб келдим, мен унинг юборилишини ва унга эргашишни умид қилган эдим”.

Бу гап яҳудийлар ва бошқалар ичида кенг тарқалиб кетган, ҳатто улар ичида аниқ ишончли гап даражасига етган эди. Яҳудийлар шунга суяниб, Мадинаи мунаввара халқига: «Шу замонларда юбориладиган бир пайғамбарнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди, биз у билан бирга сизларни Од ва Ирам қавмлари каби қириб ташлаймиз», деб айтишар эди[3].

Шу гап баъзи ансорларнинг Исломга киришларига сабаб бўлган эди. Улар айтадилар: «Бизнинг Исломга киришимизга Аллоҳнинг раҳмати ва ҳидояти билан бирга, яҳудийлардан эшитган гапимиз ҳам сабаб бўлган эди. Биз бутпараст, ширк аҳли эдик, улар китоб аҳли эди. Уларда бизда бўлмаган илм бор эди. Улар билан ўртамизда уруш-жанжаллар бўлиб турарди. Уларга устун келсак, бизга: «Шу янги пайғамбарнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди, биз у билан бирга сизларни Од ва Ирам қавмлари каби қириб ташлаймиз», дейишарди[4].

Рум подшоҳи Ҳирақл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактублари келганида: «Мен унинг чиқишини билар эдим, лекин сизлардан чиқади деб ўйламаган эдим», деган эди[5].

Одамларнинг оммавий аҳволи

Устоз Абул Ҳасан Надвий араб ва бошқа халқларнинг ўша даврдаги аҳволини қуйидагича таърифлаган:

“Инсониятнинг милодий олтинчи аср ўрталаридаги бузуқ ҳолати ҳар қандай ислоҳотчининг ислоҳ эта олишига умид қиладиган даражада эмас эди. Чунки муаммо қандайдир бир ақидани ислоҳ қилиш ё қайсидир одатни йўқотиш ё бирон ибодатни қабул қилиш ё қайсидир жамиятни тузатиш эмасди, бу ишлар учун ислоҳчилар етарли эди, бирор замон ва макон бу каби иллатлардан холи бўлган эмас.

Балки, муаммо неча асрлардан бери ҳаммаёқни қамраб олган, пайғамбарларнинг таълимотларию ислоҳчи муаллимларнинг ўгитларини кўмиб юборган жоҳилият ва бутпарастлик уюмларини кетказиш, улар ўрнига барча халқларга бошпана бўладиган мустаҳкам бино барпо этиш масаласи эди, эски инсонни тамомила фарқли бўлган янги инсонга айлантириш масаласи эди. Аллоҳ таоло айтади: “Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса,) кофирларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди” (Анъом сураси, 122).

Яна фасоднинг уруғини йўқ қилиш, бутпарастлик илдизини таг-томири билан қўпориб қуритиб юбориш масаласи эди; тавҳид ақидасини қалбларга мустаҳкам ўрнатиш, Аллоҳни рози қилиш ва Унга ибодат қилишга мойиллик уруғини қадаш, инсониятга хизмат кўрсатиш, ҳаққа ҳар қандай рағбатдан ғолиб келадиган, ҳар қандай шаҳватни енгадиган ва ҳар қандай қаршиликни янчиб ўтадиган шаклда ёрдам бериш масаласи эди; қисқа қилиб айтганда, дунё ва охиратдаги ҳалокат жари томон бор кучи билан югуриб кетаётган инсониятни белбоғидан тутиб қолиш, уни аввали ориф мўминлар эришадиган саодат, охири эса тақводорларга ваъда этилган абадий жаннат бўлган йўлга солиш масаласи эди. Буни ҳеч нарса Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларидан кўра балоғатлироқ ва тўғрироқ тасвирлаб беролмайди: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланинг ва бўлинманг! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос этди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси, 103).[6]

Нубувватнинг илк белгилари

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига илк белгилардан бири сифатида нубувватдан олдин бир тошнинг у зотга салом берганини келтириш мумкин. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен Маккадаги бир тошни аниқ биламанки, пайғамбар қилиб юборилишимдан олдин у менга салом берар эди, мен уни ҳозир ҳам яхши танийман»[7].

Белгилардан яна бири рост тушлар эди. Ваҳий биринчи бор шу билан бошланган эди. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий уйқуда, солиҳ тушлар билан бошланган. Бирон туш кўрсалар, у тонг ёғдусидек очиқ-равшан юз берар эди. Кейинроқ кўнгиллари одамлардан узоқда, ёлғиз қолишни истайдиган бўлди. Ҳиро ғорида холи қолиб, бир неча кун ибодат билан машғул бўлар эдилар. Егуликлари тугаса, Хадичанинг олдига қайтиб, яна шунча озуқа олиб қайтар эдилар. У зотга илк ваҳий Ҳирода эканларида келди»[8].

 

[1] Ибн Касир, «Ас-сийратун-набавия» (1/300).
[2] Умарий, «Ас-сийратун-набавиятис-саҳиҳа» (1/122).
[3] Муҳаммад Қалъачи, «Дироса таҳлилия» (107-бет).
[4] Ибн Ҳишом ҳасан санад билан келтирган (1/231).
[5] «Саҳиҳус-сийратин-набавия» (146-бет).
[6] Надвий, «Ас-сийратун-набавия» (58-59 бетлар).
[7] Муслим (2277) ривояти.
[8] Бухорий (3) ривояти.

Изоҳ қолдиринг