Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Азим исмининг маъноси (1)

0

Луғавий маъноси

«Азим» сўзи араб тилидаги عَظُمَ، يَعْظُمُ، عِظَمًا، عَظَامَةً  феълидан ясалган от-исм бўлиб, катта, улкан, буюк, улуғ маъноларини ифодалайди.

Араблар дастлаб عَظُمَ  (азума) сўзини суяги каттарди маъносида қўллашган. Кейинчалик маънавий катталикларга ҳам ишлата бошлашган. Куч, шаън (ҳурмат), қудрат каби маънавий нарсаларга ҳам азим сифатини улуғ ва буюк маъносида қўллай кетишган.

Қуръонда келган ўринлари

Азим исми Қуръони каримнинг тўққиз жойида зикр этилган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:

Осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимояда сақлаб туриш Уни қийнамайди. У энг юксак ва азим (буюк)дир” (Бақара сураси 255-оятининг маъно таржимаси);

Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Уникидир. У юксак ва азим (улуғ)дир” (Шўро сураси 4-оятининг маъно таржимаси);

Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) азим (улуғ) Аллоҳга иймон келтирмас эди” (Ал-ҳоққа сураси 33-оятининг маъно таржимаси);

Бас, (эй Муҳаммад), азим (улуғ) Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб тасбеҳ айтинг!” (Воқеа сураси 74-оятининг маъно таржимаси).

Аллоҳ таолога нисбатан қай маънода қўлланиши

Ибн Жарир Табарий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Азим – улуғлик эгаси. Ундан улуғроқ ҳеч нарса йўқ. Ҳамма нарса ундан қуйи мартабата туради.

Ибн Аббосдан нақл қилинади: “Азим – буюклиги мукаммал зот”.

Баъзи олимлар Аллоҳнинг Азим исмини шарҳлаб шундай деган: “Бандалари улуғлайдиган, ҳайбатидан қўрқадиган, тақво қиладиган Зот»[1].

Зажжожий (раҳимаҳуллоҳ) ушбу исмни изоҳлаб шундай дейди: “Мулкида ва салтанатида улуғлик ва буюклик соҳиби[2].

Асбаҳоний (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Буюклик Аллоҳнинг сифатларидан бири. Бирон банда бу сифатда У зотга тенглашолмайди. Тўғри, Аллоҳ таоло бандалари орасида ҳам буюкликни яратди. Бир-бирларини шунга қараб улуғлашади. Баъзи инсонлар мол-дунёси учун улуғланса, баъзилар қилган яхшилиги, айримлар илми, яна бирлари ҳукмдорлиги, бошқа бировлар обрў-эътибори учун эъзозланади.

Бандалар ҳам қайсидир бир жиҳатдан улуғланади. Аллоҳ (азза ва жалла) эса ҳар қандай ҳолатда улуғланадиган буюк Зот.

Аллоҳнинг буюклиги қадрини билган инсон У зот ёмон кўрадиган сўзларни гапирмаслиги, норози қиладиган гуноҳ ишларга қўл урмаслиги лозимдир. Негаки, У ҳар бир жон қилган амалдан бохабар[3].

Ибн Асир (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Азим – қадрини ақл билан тўлиқ идрок этиб бўлмайдиган, моҳияти ва ҳақиқатини ақл тасаввур қилолмайдиган буюк зот”[4].

 

[1] Табарий, “Жомеул-баён”, 4\544-545. “Ҳажар” нашриёти, 2001 йил. Биринчи босма. Миср, Қоҳира.
[2] Абу Қосим Зажжожий, “Иштиқоқу асмоиллоҳ” (111-бет). “Муассасатур-рисола” нашриёти, 1986 йил. Иккинчи босма. Лубнон, Байрут.
[3] Абу Қосим Асбаҳоний, “Ал-ҳужжа фи баёнил-маҳажжа”, (130-бет). “Дорур-роя” нашриёти, 1990 йил. Биринчи босма. Саудия, Риёз.
[4]  Ибн Асир, “Ан-ниҳоя”, 3\259-260. “Дору иҳёит-туросил-арабий” нашриёти. Лубнон, Байрут.

Изоҳ қолдиринг