Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мусайлима каззоб ва Бани Ҳанифа қавми

0

Мусайлима каззоб

Мусайлима каззобнинг тўлиқ исми Маслама (Мусайлима) ибн Сумома ибн Кабир ибн Ҳабиб бўлиб, Бани Ҳанифа қабиласидан чиққан эди.

Ёлғончилиги зарбулмасалга айланган эди, бировнинг ғирт ёлғончи эканини таърифламоқчи бўлишса: «Мусайлимадан ҳам ёлғончироқ», деб айтишар эди.

Нажд ўлкасининг Ҳанифа водийси яқинидаги, ҳозирда Жабалия деб аталувчи Ямома қишлоғида ўсиб-улғайди. Жоҳилият даврида ўзини «раҳмон» ва «Ямома раҳмони» деб лақаблаган эди[1].

Араб ва ажам диёрларини кезиб, у ерларда одамларни қандай алдаш ва уларни ўзига қандай ром қилиш йўлларини ўрганди, фолбинлик, сеҳргарлик, жинкашлик каби ҳунарларни эгаллади.

Одамларга сеҳргарлик ва кўзбўямачилик маҳоратларини намойиш қиларди. Масалан, тухумни шиша ичига киритар, қушнинг қанотини гўё қирқиб, кейин қайта улаб қўяр эди[2].

Мусайлима каззоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадалик чоғларида пайғамбарлик даъвоси билан чиқди. Қуръонни эшитишлари ва келиб унга айтиб беришлари учун Маккага ўз одамларини юборарди. Улардан эшитиб олган Қуръон оятларига ўхшаш сўзларни айтишга ҳаракат қилар ёки одамларга Қуръон оятларини ўзининг сўзи қилиб айтиб берар эди.

Ислом дини Арабистон яриморолига тўла тарқалганидан сўнг, ҳижрий тўққизинчи йили Мадинага Исломга кирганликларини билдириш учун бошқа араб қабилалари қаторида Бани Ҳанифа қабиласидан ҳам вакиллар келди. Улар ичида Мусайлима каззоб ҳам бор эди.

Ибн Исҳоқ шундай ёзади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашган Бани Ҳанифа вакиллари ичида Мусайлима ҳам бор эди. Уни кийимлари билан тўсиб, кўздан яшириб олишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб, гаплашганида у зотнинг қўлларида бир чўп бор эди. У зот унга: «Сенга қўлимдаги шу чўпни сўрасанг ҳам, бермаган бўлар эдим», дедилар[3]. Афтидан, у ўшанда у зотдан пайғамбарликда ўзларига шерик қилишларини ё у зотдан сўнг халифа бўлиб қолишни сўраган эди. Бир ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашган вакиллар ичида Мусайлима йўқ эди, у одамларнинг юкларига қараб қолган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳадялар бердилар ва Мусайлимага ҳам насиба ажратиб, уларга: «У сизларнинг энг ёмон кишингиз эмас (чунки у ҳамроҳларининг юкларини қўриқлаб қолибди)», дедилар[4].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мусайлима ҳақида айтган: «У сизларнинг энг ёмон кишингиз эмас», деган сўзларидан уни яхши одам деб айтганлари тушунилмайди. Балки, сизлар ёмонсизлар, у сизлардан кўра ёмонроқ эмас, ёмонликда сизлар билан баробар, деганлари тушунилади. Дарҳақиқат, ўша даврда Бани Ҳанифанинг аксарияти ёмон инсонлардан ташкил топган, Мусайлима улар ичида ёмонликка бошчи бўлган эди.

Бани Ҳанифанинг қайтиши

Бани Ҳанифа вакиллари Ямомага қайтиб келгач, Мусайлима пайғамбарлик даъвосини кучайтирди ва ўзининг пайғамбарликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шерик бўлганини эълон қилди. Қофияли гаплар билан одамларни аврар, қавмига истаганича ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилиб берар эди. Ўзига нозил бўлганини даъво қилган нарсалар ичида қуйидаги сўзлар бор эди:

«Аллоҳ ҳомиладор хотинга инъом этди, ундан ҳаракатланадиган тирик жонзотни чиқарди, бу тирик жон унинг қорни ва ичаклари орасида вужудга келди. Улардан баъзилари ўлиб тупроққа қоришади, баъзилари белгиланган муддатга қадар яшаб қолади. Аллоҳ яширин сир-асрорларни яхши билади”[5].

Яна:

«Эй икки қурбақанинг қизи қурбақа, истаганингча вақилла, сенинг устки қисминг сувда, остки қисминг лойда, на сув ичувчини қайтара оласан, на сувни булғата оласан»[6].

У ўзининг телба-тескари сўзларини Қуръон услубига ўхшатишга уринар эди. Масалан: «Субҳоналлоҳ, ҳаёт келса қандай яшайсизлар? Осмон подшоҳига қандай кўтариласизлар? У хантал уруғича нарсага ҳам гувоҳдир, қалблардаги нарсаларни билади. Аксар одамлар учун унда ўлим бор»[7].

Унинг гаплари илоҳий калом эмаслиги озгина ақли бор одамга маълум эди.

Ибн Касир шундай ёзади: Амр ибн Ос Исломни қабул қилишидан илгари Мусайлима каззоб билан учрашган эди. Мусайлима ундан: «Муҳаммадга Қуръондан нималар нозил қилинди?» деб сўради. Амр: «Унга қисқа, аммо етук бир сура нозил қилинди», деди. Мусайлима қайси суралигини сўраганида Амр унинг «Вал-аср» сураси эканини айтди. Мусайлама бироз ўйланиб туриб: «Менга ҳам ўшандай бир сура нозил бўлди», деди ва: «Я вабр, я вабр, иннама анта узунаани ва садр, ва соирука ҳафр нақр», деди (маъноси: Эй вабр, эй вабр (мушуксимон жонивор), сенда икки қулоқ ва кўкрак бор, холос. Қолган жойинг ўнқир-чўнқирдан иборат). Кейин Мусайлима: «Эй  Амр, бунга нима дейсан?», деб сўради. Амр: «Аллоҳга қасамки, сенинг ёлғон айтаётганингни билишимни ўзинг ҳам яхши билиб турибсан», деди[8].

[1] Аҳмад Саид, “Ҳурубур-ридда ва биноуд-давла» (123-бет).
[2] Утум, “Ҳаракатур-ридда” (71-бет).
[3] “Ас-сийратун-набавия” (2/576).
[4] Аввалги манба.
[5] Мақдисий, “Ал-бадъу ват-тарих” (5/162).
[6] “Тарихи Табарий” (4/102).
[7] Утум, “Ҳаракатур-ридда” (271-бет).
[8] “Тафсир Ибн Касир” (4/547).

Изоҳ қолдиринг