Усмон розияллоҳу анҳу: Вилоятлар ва волийлар (6)

0

Басра вилояти (давоми)

Усмон розияллоҳу анҳу Басра вилояти бошдан кечираётган ана шундай беқарор ва чигал вазиятда уларнинг бошини қовуштира оладиган ва барча қўмондонларни ўзига бўйсундиришга қодир бўлган янги раҳбарни тайинлашга эришди. Натижада, душманлар қаршисида сафлар жипслашди. Қолаверса, бу билан айрим фитначи ва ғалаёнчи кимсаларнинг фитналарига алданиб қолган авом халқ тарафидан Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг обрўси тўкилиши олди ҳам олинди[1].

Абдуллоҳ ибн Омир волий бўлган пайт Басра вилоятида вазият анча оғир эди. Шунинг учун Усмон розияллоҳу анҳу вилоят бошқарувида туб ўзгаришлар қилишга мажбур бўлди. У зот Баҳрайн ҳамда Уммон минтақаларини ҳам Ибн Омирнинг Басрасига қўшиб берди ва бу билан унинг дуч келадиган қийинчиликлар қаршисида янада кучлироқ ҳокимият билан туришини кўзлади. Ушбу бирлашма бир томондан Абдуллоҳ ибн Омирнинг қудрати ва обрўйи юксалишига, бошқа тарафдан Басранинг нуфузи ошишига ҳам яхшигина таъсир ўтказди. Натижада, Басра барқарор исломий ўлкалардан бирига айланди, унга қабилаларнинг кўчиб келиши аввалгидан ҳам кўпайди[2]. Шу билан бирга, хоҳ девон ишларида бўлсин, хоҳ бошқарув, иқтисод ва тинчликни сақлаш каби ишларда бўлсин, волийлик юки ҳам ортди.

Ибн Омир волийликка тайинланганидан кейин то Усмон розияллоҳу анҳунинг вафотига қадар бевосита Басра қўшинларига бош бўлиб, бир қанча шонли фатҳларни амалга оширди. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу давридаги фатҳлар мавзусида тўла маълумот бериб ўтдик. Ибн Омирнинг даврида Басра ўзининг фатҳлари ва турли жабҳалардаги юксалишлари натижасида исломий вилоятлар орасида халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг эътиборини ўзига қарата олган хос ўринга эга бўлди, ҳавас қилгудек бошқарув марказига айланди, бир қанча исломий минтақалар унинг идораси остида ҳаёт кечирди.

Ибн Омир зиммасидаги масъулият анча оғир бўлиб, Усмон розияллоҳу анҳу билан келишган ҳолда ўз вилоятига тобе бўлган минтақаларга амир тайинлаш ишига ҳам масъул эди. Ибн Омир волийликка келгач, бошқаруви остидаги ўлка ва минтақаларга, шу жумладан, энг муҳим минтақалар бўлмиш Уммон, Баҳрайн, Сижистон, Хуросон, Форс ва Аҳвазга амир ва қўмондонлар тайинлади[3]. Маълум фойдаларни кўзлаб, у вақти-вақти билан амир ва ҳокимлар ўртасида ўрин алмаштиришларни амалга ошириб турди.

Шунингдек, унинг даврида Басра бойлиги ва сарф-харажати кўпайган байтулмоли билан ҳам машҳур эди. Умар розияллоҳу анҳу давридан унинг байтулмолига Зиёд ибн Абу Суфён масъул эди, у анҳорлар қазиш ва бошқа шу каби лойиҳаларга Ибн Омирнинг вакили сифатида бош-қош бўларди[4].

Ибн Омирнинг волийлик даврида унинг вилоятига қарашли бўлган Форс ўлкасида ҳижрий 30-35 йиллар оралиғида арабча битикли кумуш тангалар (дирҳамлар) зарб қилинди[5].

Ибн Омир Басрага келган илк кунларидан бошлаб ерли аҳоли билан тил топишди, уларнинг кўнгилларини ўзига мойил қилди. «Усмон уни ўзининг яқини бўлгани учун волий қилди», деган каби атрофида урчиган баъзи гап-сўзларга қарамай, Басра аҳли унга ишонди ва унинг атрофида жипслашди[6].

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Усмон розияллоҳу анҳу даврида икки киши – Абу Мусо Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Омир Басра волийси сифатида фаолият кўрсатди ва ҳар иккисининг Басра ҳамда унга тобе минтақалар назорати ва бошқарувида салмоқли ҳиссалари бўлди[7].

[1] «Ал-вилоя алал-булдон» (1/189).
[2] Солиҳ Ула, «Ат-танзиматул-ижтимоийя вал-иқтисодийя фил-Басра» 141-бет.
[3] «Ниҳоятул-араб» (19/433).
[4] «Ал-вилоя алал-булдон» (1/194).
[5] Видод Али Қаззоз, «Ад-дароҳим ал-исломия» (14-бет).
[6] «Ал-вилоя алал-булдон» (1/194).
[7] «Ал-вилоя алал-булдон» (1/195).

Изоҳ қолдиринг