Ҳаж ва умрага тарғиб

0

Ҳаж ва умрага тарғиб қилган ва улар иккисининг фазилатини баён қилган талай ҳадислар мавжуд. Қуйидаги ҳадислар шулар жумласидан:

Биринчидан: гуноҳлар каффорати:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, беҳаё сўзлар гапирмаса, ножўя ва гуноҳ ишлар қилмаса онаси туққан кундагидек (гуноҳлардан покланиб) қайтади[1].

Муслим келтирган бир ривоятда шундай дейилади: “Ким бу уй, (яъни Каъба)га келиб, беҳаё сўзлар гапирмаса, ножўя ва гуноҳ ишлар қилмаса онаси туққан кундагидек (гуноҳлардан покланиб) қайтади”.

Ҳадисдаги “Ким бу уй (яъни Каъба)га келиб” деган гап унга ҳаж қилиш учун келганларни ҳам,  ёки умра қилиш учун келганларни ҳам ўз ичига олади. Демак, бу ҳадис юқоридаги фақат ҳаж хусусидаги ҳадисга нисбатан кенгроқ тушунчани ифода этади.

Иккинчидан: жаннатга кириш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ҳар икки умрадан охиргиси бу икки умра ўртасидаги (кичик) гуноҳларга каффоратдир. (Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳажга жаннатдан ўзга савоб йўқ[2].

Учинчидан: ҳаж ва умра фақирлик ва гуноҳларни кеткизади:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштиринглар, (яъни “қирон” қилиб бир эҳром билан иккисини ҳам адо қилингиз ёки бирини қилиб бўлиб ортидан иккинчисини адо этишга киришингиз). Зеро, (темирчининг) босқон(и) темир, тилла ва кумушнинг кирини кеткизганидек, ҳаж ва умра ҳам фақирлик ва гуноҳларни кеткизади.  (Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳажга жаннатдан ўзга савоб йўқ[3].

Тўртинчидан: ҳаж жиҳоддир:

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, жиҳодни энг афзал амал, деб биламиз. Шундай экан, жиҳод қилмаймизми?”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Балки энг афзал жиҳод (шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳаждир”. Бухорий ривояти. Бошқа бир лафзда шундай дейилади: “Сиз (аёл)ларнинг жиҳоди – ҳаж[4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуан ривоят қилинади: “Кекса, заиф ва аёл кишиларнинг жиҳоди ҳаж ва умрадир[5].

Бешинчидан: ҳожи Аллоҳнинг кафолатидадир:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч (тоифа) инсонлар Аллоҳ таолонинг кафолатидадир: Аллоҳнинг бирон бир масжиди сари чиққан киши, Аллоҳ йўлида жанг қилиш учун чиққан киши ва ҳаж қилиш учун чиққан киши[6].

Олтинчидан: ҳаж ва умра қилувчи Аллоҳнинг ҳузурига чақирилган сайланма вакилдир:

Жобир розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳаж ва умра қилувчилар Аллоҳнинг ҳузурига чақирилган сайланма вакиллардир. Аллоҳ уларни чақирган эди, улар бу чақириққа жавоб бердилар, Аллоҳдан сўраган эдилар, Аллоҳ уларга (сўраган нарсаларини) берди[7].

Еттинчидан: ҳаж энг афзал амаллардан:

Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Қайси амал энг афзал?”, дея сўралди. “Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш”, –дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Ундан кейинчи?” – дейилди. “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Ундан кейинчи?” – дейилди. “(Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳаж” –дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[8].

Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги энг афзал амал – шак-шубҳа бўлмаган иймон, (қўлга киритилган ўлжаларга) хиёнат қилиш, (яъни амир ўлжаларни тақсимлашидан олдин ундан хуфёна олиш) бўлмаган жиҳод ва “(шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳаж[9].

Саккизинчидан: ҳажга қилинган сарф-харж Аллоҳ йўлидаги (жиҳодга) қилинган сарф-харж билан баравар:

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳажга қилинган сарф-харж Аллоҳ йўлидаги (жиҳодга) қилинган сарф-харж билан баравар; бирига етти юз чандон ортиғи билан савоб берилади[10].

[1] Бухорий (1521), Муслим (1350), Термизий (811), Насоий (5\ 111) ва Ибн Можа (2889) ривоят қилган.

[2] Бухорий (1773), Муслим (1349), Термизий (933), Насоий (5\ 115) ва Ибн Можа (2888) ривоят қилган.

[3] Ҳасан. Термизий (810), Насоий (5\ 115), Ибн Можа (2887) ва Аҳмад (1\387) ривоят қилган.

[4] Бухорий (1520, 1861, 2520, 2784, 2876) ва Ибн Можа (2901) ривоят қилган.

[5] Насоий (5\ 113) ва Аҳмад (2\ 421) ривоят қилган. Ҳадис ровийлар шажараси “ҳасан”. Қаранг: “Саҳиҳут – тарғиб” (1100).

[6] Абу Нуайм “Ҳиля”да (9\ 251) ривоят қилган ва Албоний “Саҳиҳа”да (600) унга саҳиҳ деб ҳукм қилган.

[7] Баззор “Муснад”ида ривоят қилган бўлиб, Суютий “Саҳиҳул жомеъ”да (3168) ва Албоний “Саҳиҳа”да (1820) унга “ҳасан” деб ҳукм қилганлар.

[8] Бухорий (26, 1519), Муслим (83), Термизий (1658) ва Насоий (5\ 113) ривоят қилган.

[9] Саҳиҳ. Ибн Ҳиббон (4597) ва Насоий (5\ 58) ривоят қилган.

[10] Аҳмад (5\354) “ҳасан” ровийлар шажараси билан, Байҳақий (4\ 332) ва Ибн Абу Шайба (3\ 122) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг