Расулуллоҳ ҳам азон айтганларми?

0

Савол:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам азон айтганларми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Яъло ибн Мурра разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда кетаётиб,бир тор жойга келганларида намоз вақти бўлди ва ёмғир ёғди. Осмондан ёмғир тўхтамас, ер лой бўлган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уловда азон ва иқомат айтдилар, улов билан олдинга ўтдилар ва саҳабаларга имом бўлиб намоз ўқидилар. Намозни ишора қилиб ўқидилар: саждага рукуга қараганда кўпроқ эгилдилар”. Ҳадисни Термизий (411) ривоят қилиб, ортидан унинг заифлигини айтган.

Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисга таянган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари азон айтганлар,деган. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадис шарҳида айтади: “Нававий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир маротаба сафарда ўзлари азон айтганларини таъкидлаган. Буни Термизий ривоят қилганини айтиб, қўллаб-қувватлаган. Биз ҳадисни Термизий ривоят қилган санад (ровийлар шажараси) билан “Муснади Аҳмад”дан топдик. Унда: “Билолга буюрдилар, у азон айтди”, дейилган экан. Демак, Термизий келтирган ривоят қисқартирилган. Ундаги “азон айтдилар” сўзининг маъноси “Билолни азон айтишга буюрдилар”,дегани. Масалан, “Халифа Фалончи олимга минг берди” дейилади. Аслида, халифа эмас, бошқа одам беради. Халифа буюргани учун унга нисбат берилади…” (“Фатҳ ал-Борий”, 2/79).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умрлари давомида азон айтмаганларининг ҳикмати ҳақида турлича фикрлар билдирилган, жумладан:
1) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари азон айтганларида, азонга жавоб бермаган – намозга келмаганлар кофир бўларди. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари азон айтмаганлар;
2) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам азон айтганларида “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ” дея ўзларининг пайғамбар эканларига ўзлари гувоҳлик беришлари керак бўлар эди. Бу гапни бошқа бир киши айтиши ўринли бўлади;
3) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни қилсалар, давомли қилганлар. Хилофат ва даъват ишлари билан банд бўлганлар. Шунинг учун ўзлари азон айтмаганлар. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ мана шу энг тўғрироқ фикр деган (“Ал-муфҳим”, 2\16).

Хулоса шуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари азон айтмаганлар. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни бошласалар давомли қилганлар. Халифалик ва даъват ишлари билан машғул бўлиб, ўз вақтида азон айтишга алоҳида вақт ажрата олмаганлар. Айни сабабларга кўра, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг хулафои рошидинларнинг ҳам биронтаси азон айтмаган. Умар розияллоҳу анҳунинг: “Агар халифалик билан бирга азон айта олганимда, азон айтган бўлар эдим” (Ибн Абу Шайба, 2334) деган сўзи шунга далолат қилади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг