Аббосийлар давлати: Муътаз биллоҳ

0

Ўн учинчи халифа Муътаз биллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар Мутаваккил

(Халифалик даври ҳижрий 252-255 йиллар)

Муътаз ҳижрий 232 йили Сомаррода туғилди. Онаси Қабиҳа исмли румлик умму валад (хожасидан фарзанд кўриб, озод бўлган чўри) эди.

Оқ тусдан келган, қора қалин сочли, юз-кўзи чиройли, тор пешонали, ёноқлари қизил, қирғийбурун, кулча юзли, гўзал табассумли, узун бўйли, қадди-қомати келишган эди.

Имом Аҳмад Муътазни отаси Мутаваккил ҳузурида кўрганини айтган, уни одобли, зеҳни ва фаҳми ўткир эди, деб мақтаган[1].

Хатиб Али ибн Ҳарбнинг шундай деганини ривоят қилади: “Муътаз ҳузурига кирдим, олдин ундан кўра чиройлироқ халифани кўрмаганман”.

Зубайр ибн Баккор айтади: “Муътаз ҳузурига келган эдим, у менинг келганимни эшитиб, шошилиб чиқар экан, оёғи тойилиб кетди. Сўнг шундай мазмунда шеър ўқиди:

Йигит ўлар тилнинг тойилишидан,
Оёғи тойилса тирик қолади.
Оёқ тойилиши тузалар аста,
Тилнинг тойилиши бошни олади”.

Муътаз 252 йил 4 муҳаррам, жума куни Мустаин тахтдан йиқитилганидан сўнг халифалик вазифасига чиқди, ўшанда ёши ўн тўққизда эди, ундан олдин бирон халифа бу ёшида тахтга чиқмаган эди.

Тўрт ярим йил халифалик қилди ва 24 ёшида вафот этди.

Кибор қўмондонлар ҳоли ва исёнлар

Халифалигининг дастлабки – 252 йили Ашнос вафот этди, уни Восиқ салтанатга валиаҳд қилган эди.

Муътаз Васиф ва Буғога ғазаб қилди, иккаласи ҳам Бағдодда эди, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳирга мактуб йўллаб, иккисини ҳам қатл этишни буюрди.

Улар ўз жонларидан хавфсираб, у билан тўқнашувга ҳозирлана бошладилар.

Сўнг акаси Муайяд халифага Васифнинг қонидан ўтишини сўраб, мурожаат қилди. Васифнинг синглиси Суод Муайяднинг тарбиячиси бўлган эди.

Укаси Абу Аҳмад эса Буғога шафқат тилаб, ўртага тушди, Муътаз ҳар иккисининг қонидан кечди ва уларни тирик қолдиришга рози бўлди.

253 йили турк аскарлар исён кўтариши натижасида Васиф ўлдирилди. Муътаз Васифга қарашли барча нарсани Буғо Шаробийга берди ва унга тож кийдирди. Орадан бир йил ўтиб, у ҳам ўлдирилди.

Бандар Табарий 253 йили хаворижларга қарши урушда ўлдирилди.

Муътаз акаси Муайядни валиаҳдликдан бўшатди ва кишанга солди, у шу ҳолда вафот этди. Сўнг укаси Абу Аҳмадни ҳам қамоққа ташлади.

Бағдодда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир вафот этди, Муътаз унинг ўрнига укаси Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳирни Ироқ волийси этиб тайинлади, яна бир укаси Сулаймон ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳирни Бағдод шуртасига (ички ишларига) бош қилди.

Ҳамадон томонда Абдулазиз ибн Абу Далаф Муътазга қарши исён кўтарди, унинг устига Мусо ибн Буғо Кабир юриш қилиб, уни мағлуб этди ва тобеларидан кўпини ўлдирди.

Табаристонда Ҳасан ибн Зайд Толибий бош кўтарди, Муфлиҳ унга қарши чиқиб, мағлуб этишга муваффақ бўлди. Кейин Ҳасан Дейлам диёрига қочиб кетди.

Мусовир ибн Абдулҳамид Хорижий бош кўтариб, атрофига етти юз чоғли одам тўплади. Бандар Табарий улар устига юриш қилди, хаворижлардан эллик киши ўлдирилди, Бандарнинг одамларидан икки юз киши ва Бандарнинг ўзи ҳам ўлдирилди. Шундан сўнг Мусовир Ҳалвонга юриш бошлади, Ҳалвон аҳли ва Ҳажжож Хуросоний унга қарши урушди, Хорижий улардан тўрт юз нафарини ўлдирди.

254 йили Яъқуб ибн Лайс Саффор Кирмонни босиб олди, сўнг Форсга қараб юрди ва уни ҳам эгаллади.

Кавкабий номи билан машҳур Ҳусайн ибн Аҳмад Толибий билан урушиш учун Мусо ибн Буғо Қазвин томонга юриш қилди ва уни мағлуб этди, Кавкабий Дейлам диёрига чекинди.

Муҳаммад ибн Муоз 253 йили зулқаъда ойида Малатия томондан Рум диёрига ғазотга чиқди, бу урушда мусулмонлар мағлуб бўлиб, амирлари Муҳаммад ибн Муоз асир олинди.

Муътазнинг истеъфоси ва вафоти

Муътаз Солиҳ ибн Васифдан хавфсирар эди. Турк қўмондонларидан бир жамоаси келиб, ундан пул-мол сўрадилар ва Солиҳ ибн Васифни ўлдиришга сўз бердилар. Аммо Муътаз ўзида уларга бергудек нарса йўқлигини айтди. Шундан сўнг улар иккинчи марта унинг қасрига келишди, бу сафар Солиҳ ибн Васиф ва Муҳаммад ибн Буғо ҳам улар билан бирга эди. Муътазни саройдан чиқариб хорладилар, бу иш унинг истеъфо беришига сабаб бўлди.

Ҳарбий қўмондонлар Муътазни қўлга тушириб, хорлаб, халифаликдан истеъфо беришга мажбур этишгач, у тахтдан воз кечди ва уларнинг кўрсатмаси билан амакиваччаси Муҳтадий биллоҳ Муҳаммад ибн Восиққа байъат берганини эълон қилди.

Муҳтадийни Муътаз Сомарродан Бағдодга сургун қилган эди, қўмондонлар уни Бағдоддан Сомаррога, халифалик қасрига келтирдилар ва Муътаз халифаликни унга топширди. Бу воқеа 255 йил 29 ражабда содир бўлди.

Муътаз халифаликдан бўшаганидан беш кун ўтиб, уни қўмондонлар ҳибсга олдилар, у шаъбон ойининг бошларида азоб остида вафот этди.

 

[1] «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (11-жуз).

Изоҳ қолдиринг