Омир ибн Шурaҳбил Шаъбий (1)

0

Шаъбий жуда кенг илмга эга, ўта ҳалим инсон эди… Исломда унинг алоҳида ўрни бор…

(Ҳасан Басрий)

Хазрат Умар рaзияллоҳу анҳу халифалик даврининг олти йили қолганида мусулмонлар сафида жажжигина бир чақалоқ дунёга келди. Чақалоқ жуда кичкина эди. Бунга онасининг қорнидаги эгизак акаси унинг ўсишига халақит бергани сабаб бўлди. Аммо ана шундан кейин илм, ҳилм, ҳифз ва фаҳм-у фаросат сарҳадларида унга на акаси ва на бошқа бирон кимса халақит бера олди. Бу киши Шаъбий номи билан танилган, ўз замонида мусулмонлар ичида бетакрор бўлган олийжаноб инсон Омир ибн Шурaҳбил Ҳимярийдир.

Имом Шаъбий Куфа шаҳрида дунёга келди ва шу ерда улғайиб вояга етди. Бироқ у орзу қилган, қалби ошиқ бўлган шаҳар Мадинаи мунаввара эди. Саҳобалар Аллоҳ азза ва жалла йўлида жиҳодга чиқиш ёки яшаш учун маскан қилиш мақсадида Куфага келганлари каби, Шаъбий ҳам Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан кўришиб, улардан сабоқ олиш мақсадида, дамба-дам Мадинага бориб турар эди. Беш юзга яқин саҳоба билан ҳамсуҳбат бўлиш, Алий ибн Абу Толиб, Саъд ибн Абу Ваққос, Зайд ибн Собит, Убода ибн Сомит, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саъид Худрий, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Адий ибн Ҳотим, Абу Ҳурайра, уммул мўминин Оиша каби улуғ саҳобалардан розияллоҳу анҳум ҳадис ривоят қилиш шарафига муяссар бўлди.

Шаъбий ўта заковатли, қалби уйғоқ, зеҳн ва фаҳм-фаросати ўткир, ёдлаш ва эслаб қолиш қобилиятлари фавқулодда юксак йигит эди. Ўзи ҳақида бундай дегани ривоят қилинган: “Ҳаётимда асло оқни қора қилмаганман, яъни бирон сўзни вараққа ёзмаганман, ким бир ҳадисни айтса, уни ёдлаб олардим, менга бир сўз айтган кишининг яна шу сўзни қайтаришини сўрамаганман”.

Шаъбий илмга муҳаббатли, билим ва маърифат билан доим машғул бўлиб, бу йўлда энг қимматбаҳо нарсаларни, ҳатто жонини ҳам фидо этишга тайёр, ҳар қандай қийинчиликларни эса енгил санар эди. У шундай дерди: “Агар бир киши Шомнинг у чеккасидан Яманнинг бу чеккасига сафар қилиб, умрининг қолган қисмида ўзига фойда бўладиган бир калима ўрганган бўлса, сафари зое бўлмабди”.

Шаъбий илмда жуда юқори даражага етганидан: “Мен энг оз ўрганган илм шеърият. Шунга қарамай, агар истасам битта шеърни икки марта такрорламасдан, сизларга бир ой шеър айтиб бера оламан”, дер эди.

Саҳобалар ҳали ҳаёт, одамлар орасида юрган чоғларида, Куфанинг жомеъ масжидида Шаъбийнинг ўз ҳалқаси – дарс мажлиси бор эди. Одамлар унинг атрофида тўп-тўп бўлиб ўтирардилар. Ҳатто бир кун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар рaзияллоҳу анҳумо Шаъбийнинг одамларга ғазотлар ҳақида мукаммал тарзда, нозик нуқталаригача қолдирмай айтиб бераётганини диққат билан эшитиб: “Дарҳақиқат, мен бу йигит гапириб бераётган ғазотларнинг айримларини ўз кўзим билан кўрганман, қулоғим билан эшитганман, лекин шунга қарамай, бу йигит мендан кўра уларни гўзалроқ баён қилмоқда”, деган эди.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг