Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғиз Аллоҳга бандалик қилиш (5)

0

Молиявий ибодатлар

Закот ва садақа

Бу ибодатлар ёлғиз Аллоҳ учун, холис, ширкдан пок бўлмоғи лозим. Аллоҳ таоло айтган: “Эй мўминлар, намозни тўкис адо этинглар, фарз қилинган закотни беринглар” (Бақара, 110);

“Эй Пайғамбар, яхши амалга ёмон амални аралаштириб қўйган ўша тавба қилган кишиларнинг молларидан сиз уларни гуноҳлари кирлигидан тозалайдиган ва уларни мунофиқлар даражасидан мухлис зотлар даражасига юксалтирадиган садақани олинг” (Тавба, 103).

Қурбонлик

Қурбонлик ҳам барча ибодатлар каби, ёлғиз Аллоҳ таоло учун бўлмоғи лозим.

Авлиёлар ва солиҳ кишилар учун қурбонлик қилиш ширк бўлиб, асло жоиз эмас. Жинларга атаб сўйиш ҳам шу жумладандир. Халқ орасида бирон яқини касал бўлиб қолса, товламачи сохта табиб ё сеҳргар фолбинга борадиганлар кўп. Фолбин эса унга оқ товуқ ёки ёввойи қора каптар ё шу каби бошқа бир ҳайвон олиб келишни айтади, сўнг у ҳайвонни Аллоҳнинг исмини зикр қилмай – “бисмиллоҳ”сиз сўйиб, бирон қудуққами, булоқ ё анҳоргами, хароба ергами ташлаб келишни айтади. Ташлаётганда “Бисмиллаҳ” деб айтмасликни таъкидлайди. Бу ҳаётимизда очиқ ойдин кўриниб турган иш. Чунки сўйиш ёки ташлаш асносида “Бисмиллаҳ” дейилса, ундан шайтонлар ея олмайдилар. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ташладиқ ерлар шайтонлар маскани экани ва бу тариқа, яъни фолбинларнинг сўйиши каби атаб сўйиш Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш бўлиб, ширк ва шу ишни қилувчиси лаънатга дучор бўлади. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: “Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло қурбонликни ёлғиз Ўзи учун қилишга амр этган: “Эй Пайғамбар, мушрикларга айтинг: “Менинг намозим ҳам, жонлиқ бўғизлашим ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзигадир. Менинг ҳаётим ҳам, мамотим ҳам бутун оламлар Рабби Аллоҳ таоло учундир. Унинг шериги йўқдир. Раббим мени мана шундай холис тавҳидга буюрди. Мен ушбу уммат ичидан Аллоҳга бўйсунувчиларнинг аввалидирман” (Анъом, 162-163).

Имом Аҳмад Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Пашша сабабли бир киши жаннатга, бошқа бир киши эса дўзахга кирди”. Саҳобалар: “Бу қандай содир бўлди, эй Расулуллоҳ?” деб сўраган эдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки киши бут-санамлари бўлган бир қавм олдидан ўтди. Бутнинг олдидан унга атаб бирон нарса қурбонлик қилмагунча ҳеч ким ўта олмасди. Ўша қавм аҳли бу икки кишининг бирига: “Қурбонлик қил”, дедилар. У: “Қурбонлик қиладиган бирон нарсам йўқ”, деди. Улар: “Бир пашшани бўлса ҳам, қурбонлик қил”, дедилар. У бир пашшани қурбонлик қилди. Шунда унинг йўлини очиб қўйдилар. Шу сабаб дўзахга кирди. Иккинчисига ҳам: “Қурбонлик қил”, дедилар. У: “Мен Аллоҳ азза ва жалладан бошқага атаб бирон нарса қурбонлик қилмайман”, деди. Шунда қилич уриб, унинг бўйнини уздилар. Шу сабаб у жаннатга кирди”.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг