Қиёматнинг кичик аломатлари: Ойнинг тенг иккига бўлиниши

0
  1. Ойнинг тенг иккига бўлиниши

Аллоҳ таоло айтади: “Қиёмат яқинлашди ва ой иккига бўлинди. (Мушриклар) агар (Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ-рост пайғамбарликларига) очиқ далил-ҳужжатни кўрсаларда, (барибир у зотга иймон келтиришдан) юз ўгириб: «(Бу ботил ҳамда) давом этмас(дан тез орада йўқ бўлиб кетувчи) бир сеҳрдир», деб айтишади” (Қамар, 1-2).

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «…ой иккига бўлинди» оятининг тафсирида бундай дейди: «Мутавотир ҳадисларда саҳиҳ санадлар билан келганидек, бу ҳодиса Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бўлган эди. Бу, яъни ойнинг иккига бўлиниш ҳодисаси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида ҳақиқатда содир бўлгани ва у ёрқин, ҳайратланарли мўъжизалардан бири экани уламолар орасида иттифоқ қилингандир»[1].

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ойнинг иккига бўлиниш ҳодисасини Аллоҳ қиёмат яқин қолганининг аломатларидан қилди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қиёмат яқинлашди ва ой иккига бўлинди» (Қамар, 1). Унинг иккига бўлиниши ҳижратдан аввал Маккада содир бўлган эди”[2].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида ой иккига бўлингани борасида саҳиҳ ҳадислар келган бўлиб, улардан бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Минода эканмиз, тўсатдан ой икки бўлакка бўлинди. Бир бўлаги тоғ тепасида, бошқа бўлаги унинг пастида кўринди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳ бўлинглар», дедилар”[3].

Яна бири Анас разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисидир: «Макка аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мўъжиза кўрсатишини сўраганида у зот уларга ойнинг иккига бўлинишини кўрсатдилар»[4].

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ойнинг иккига бўлиниши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мўъжизаларининг энг катталаридан бўлиб, ояти кариманинг зоҳири ва маъноси билан бирга, талай саҳобалар (разияллоҳу анҳум) ҳам у ҳақда ривоят қилганлар. Зажжож айтади: «Умматнинг мухолифларига ўхшаш бўлган баъзи бидъатчилар бу ҳодисани инкор қилишди. Аллоҳ қалбини кўр қилиб қўйса, шундай бўлади. Зеро, ақл учун уни инкор қилишга асос йўқ. Чунки ой ҳам Аллоҳнинг махлуқотларидан бўлиб, унда Ўзи хоҳлаган ишни қилади, худди охирида (яъни қиёматда) уни ўраб, йўқ қилиб ташлаши каби»”[5].

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Аксар файласуфлар ойнинг ёрилишини самовий жисмларда ёрилиш ва битиш ҳосил бўлмайди, деган фикр билан инкор этишди. Исро кечасида осмон эшикларини очилиши борасида ҳам ва яна қиёмат кунида қуёшнинг ўралиши ва булардан бошқа нарсаларни инкор қилишда ҳам шундай дейишди. Уларга жавоб бундай бўлади: Агар улар кофир бўлса, аввал Ислом динининг собитлигида мунозара қилинади. Сўнг (яъни собитлиги исботлаб берилгандан кейин) муаллимлардан уни инкор қилганлар (яъни мусулмонман деб, файласуфларнинг шу раъйига эргашган илмли кишилар) билан бир ўринга қўйилади. Қачонки мусулмон (ёки таслим этилган кимса) унинг баъзисини қабул этса, зиддиятга мажбур қилинади ва унинг Қуръонда собит бўлган қиёматдаги ёрилиш ва битиш кабиларни инкор қилишига йўл қолмайди. Шундан сўнг, бу ҳодиса Аллоҳнинг пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари эканига иқрор қилдирилади»[6].

[1]«Тафсири Ибн Касир», 4/235.

[2]«Ал-ҳикамул жадийрату бил-изоъа», 19-бет.

[3]Бухорий (3869), Муслим (2800). Ҳадис матни Муслимга тегишли.

[4]Бухорий (3438), Муслим (2802), Термизий (3286) ва Аҳмад (3/220) ривоятлари.

[5]«Икмолул муаллим би фавоиди Муслим», 8/333.

[6]Ибн Ҳажар. «Фатҳул борий», 7/185.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг