Усмон розияллоҳу анҳу: Вилоятлар ва волийлар (7)

0

Тўққизинчи: Кўфа вилояти

Усмон розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганида Кўфа волийси Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу эди, у Умар розияллоҳу анҳу даврининг охирларида волийликка тайинланган эди[1]. Усмон розияллоҳу анҳу Муғийрани бўшатиб, ўрнига Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни тайинлади ва бу иши Умар розияллоҳу анҳунинг васиятига кўра бўлганини айтди. Дарҳақиқат, Умар ўзидан кейинги халифага Саъдни волий қилишни васият қилган, халифалигининг охирларида Саъдни Кўфа волийлигидан бўшататуриб: «Мен уни ёмонлиги ёки хиёнати учун бўшатганим йўқ, шунинг учун ўзимдан кейинги халифага уни яна волий қилиб тайинлашини васият қиламан», деган эди[2]. Шундай қилиб, Саъд ибн Абу Ваққос Кўфага волий бўлди. Тайинлов қарори Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдуллоҳ ибн Масъуд ўртасида муштарак эди: Саъд намоз ва қўшинга, Ибн Масъуд эса байтулмолга тайинланган эди[3]. Саъд ибн Абу Ваққос Умар розияллоҳу анҳу даврида Кўфа вилоятига асос солгани ва бир неча йил унда волий бўлгани туфайли ушбу вилоят бошқаруви борасида тажрибали саналар, вилоятнинг ишлари, аҳолиси, чегара ҳудудлари ва минтақалари бўйича мукаммал билимга эга эди[4].

Саъднинг Усмон розияллоҳу анҳу даврида волий бўлган пайтида қилган ишлари қаторида ҳижрий 25 йили Кўфага қарашли баъзи чегара ҳудудларига, жумладан, Рай шаҳрига қилган ташрифини ва у ердаги ишларни тартибга келтирганини айтиб ўтиш мумкин[5]. Шунингдек, у Ҳамазон ва унинг атрофидаги баъзи минтақаларга янги амирлар ва волийлар тайинлади.

Саъд ибн Абу Ваққоснинг Кўфага волийлиги узоқ давом этмади. У билан Абдуллоҳ ибн Масъуд ўртасида келишмовчилик юзага келди. Ибн Масъуд байтулмолга масъул бўлиб, Саъд байтулмолдан маълум муддатга пул қарз олган эди. Муҳлат келганида Саъднинг қўлида қарзни қоплашга етарли пул топилмади. Ибн Масъуд ундан қарзини тўлаб қўйишни талаб қилиб келди. Овозлар кўтарилиб, уларнинг атрофига одамлар тўпланди. Шундан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Саъдни волийликдан четлатди, Ибн Масъудни эса мансабида қолдирди[6]. Ушбу ҳодисада ҳар икки саҳобийнинг тақвоси ва фазилатли сифатлари яққол кўринади. Бунда биз Саъднинг бутун бошли вилоят волийси бўлатуриб пулга муҳтож бўлганини, ўзида етарли пул-моли бўлмагани сабабли байтулмолдан мажбур қарз олганини, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мусулмонлар молини сақлашга жаҳд кўрсатганини ва Кўфанинг ҳокими Саъддан қарзни қайтариб олишга бўлган қатъиятини кўрамиз. Шундай қилиб, Саъд Кўфага бир йилдан ошиқроқ волий бўлди[7].

Саъд ибн Абу Ваққосдан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Кўфага Валид ибн Уқба ибн Абу Муайтни волий қилди. Бунгача у аввал Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Иорданиядаги қўшинларидан бирига қўмондонлик қилган, кейин Умар розияллоҳу анҳунинг Жазира арабларига тайинлаган волийси бўлган эди[8]. Умар халифалигининг охирлари ва Усмон халифалигининг бошларида Валид Кўфа қўшини қўмондонларидан бўлиб, бир неча жиҳодий ҳаракатларни бошқарган эди[9]. Шу сабабли Кўфага волий этиб тайинланишидан илгари Кўфа ва унинг минтақалари, чегара ҳудудлари ва бошқа ишлари борасида тажрибага эга эди. Хулафои рошидинларнинг янги волийлар тайинлашда ўша минтақа бўйича тажрибали бўлган кишини бошқалардан афзал санашлари одатича, Усмон розияллоҳу анҳу Кўфа волийлиги учун Валид ибн Уқбани танлади. Усмон розияллоҳу анҳунинг ушбу тайинлови борасида ёзган айрим кишилар бунда Усмонни айблашга уринишган ва “Усмон Кўфага она бир укаси Валид ибн Уқбани волий қилди”, деб айтишган[10].

Абдуллоҳ ибн Масъуд байтулмол волийси сифатида ҳокимиятда Валид волийлигининг аввалида унга шерик эди. Кейин Валид билан Ибн Масъуд ўртасида давлат молларига тааллуқли ишда келишмовчилик содир бўлиб, фикрини билиш мақсадида бу можаро Усмон розияллоҳу анҳуга етказилди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу волийлик ва байтулмолни Валиднинг қўл остида бирлаштириб, Абдуллоҳ ибн Масъудни четлатишни фойдали деб топди. У зот шундай қилиниши Куфа аҳли учун фойдали бўлади, деб ишонган эди[11].

Валид ибн Уқба Кўфа халқининг муҳаббатини қозонган эди. Унинг ҳовлиси дарвозасиз бўлиб, одамларни қабул қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди[12].

Валид ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариб келди. Кейин Кўфада баъзи ҳодисалар содир бўлиб, бир гуруҳ ёшлар тарафидан Ибн Ҳусаймон Хузоий ўлдирилди ва Валид ҳужум қилган йигитларга Усмон розияллоҳу анҳунинг буйруғи билан қасос жазосини қўллади. Бу ҳодисага Валиднинг қатъиятли муносабатидан кейин унга адоватли кимсалар пайдо бўлди. Мазкур жиноятчиларнинг яқинлари Валид ибн Уқба шаънига бўлар-бўлмас миш-мишлар тарқатиб, унинг хатоларини қидириб топишга киришдилар. Аламзадалар Валиднинг ароқ ичиши ҳақидаги бир даъвони ўртага олиб чиқишди. Бу даъво унга жазо қўлланишига ва Кўфа волийлигидан четлатилишига олиб келди. Бу эса фитначилар учун айни муддао бўлди[13]. Валид ибн Уқбанинг ароқ ичиши ҳодисаси баёни Аллоҳнинг изни билан Усмон розияллоҳу анҳунинг волийлари ҳақида сўз юритганимизда батафсил келади.

 

[1] «Ал-вилояту алал булдон» (5/239).
[2] «Ал-вилояту алал булдон» (5/225).
[3] «Тарихи Табарий» (5/250), «Ал-вилояту алал булдон» (1/196).
[4] Содиқ Аржун, «Усмон ибн Аффон» 105-бет, «Ал-вилояту алал булдон» (1/196).
[5] «Ал-вилояту алал булдон» (1/197).
[6] «Тарихи Табарий» (5/251).
[7] «Тарихи Табарий» (5/250).
[8] «Тарихи Табарий» (5/251).
[9] «Ал-вилояту алал булдон» (1/198).
[10] «Ал-вилояту алал-булдон» (1/198).
[11] Содиқ Аржун, «Усмон ибн Аффон» 108-бет
[12] «Тарихи Табарий» (5/251).
[13] «Ал-вилояту алал-булдон» (1/201).

Изоҳ қолдиринг