Қиёматнинг кичик аломатлари: Бусродаги туяларнинг бўйинларини ёритган Ҳижоз олови

0
  1. Бусродаги туяларнинг бўйинларини ёритган Ҳижоз олови

Ҳижоз еридан чиққан олов Бусро шаҳридаги[1] туяларнинг бўйинларини ёритиши қиёмат аломатларидан экани борасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан талай ҳадислар собит бўлган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳижоз еридан олов чиқиб, Бусро туяларининг бўйинларини ёритмагунча қиёмат қойим бўлмайди»[2].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг замонимизда, ҳижрий 654-санада Мадинадан олов чиқди. У жуда ҳам катта олов бўлиб, Мадинанинг шарқидан, ҳарра (тошлоқ)нинг ортидан чиққан эди. Бу ҳақдаги маълумот бутун Шом аҳли ва бошқа юртларда ҳам мутавотир[3] даражасига етган. Менга ҳам бу ҳақда Мадина аҳлидан унга гувоҳ бўлган кишилар хабар берганлар”[4].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Дарҳақиқат, замонасидаги муҳаддисларнинг шайхи, тарихчиларнинг устози бўлмиш Шайх Шиҳобиддин Абу Шома зикр қилишича, ҳижрий 654-йил жумодул охир ойининг бешинчи, жума кунида Мадинаи Набавия ерларига қарашли баъзи водийларда бўйи тўрт мил, кенглиги эса тўрт чақирим келадиган, харсангтошларни қалай каби эритиб, сўнг қора кўмирдек қилиб ташлаган олов кўтарилди. Унинг ёруғлигида одамлар кечаси Таймогача[5] борар, бу ҳолат бир ой давом этган эди. Мадина аҳли унинг вақтини аниқ қайд этиб, у ҳақда шеърлар битганлар”[6].

Ушбу олов охирзамонда чиқиб, одамларни маҳшаргоҳларига ҳайдайдиган, улар тунаган жойда тунаб, ухлаган жойда ухлайдиган оловдан бошқа олов бўлиб, у ҳақда қиёматнинг катта аломатлари зикр қилинган ўринда сўз юритилади, иншааллоҳ.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Менга аён бўлишича, ҳадисда зикр қилинган олов ўша Мадина атрофида кўтарилган олов бўлиб, Қуртубий ва бошқалар ҳам шу фикрда бўлган. Одамларни маҳшаргоҳга тўплайдиган олов эса ундан бошқа оловдир»[7].

Базранжий ушбу оловни зикр қилиб, сўнг: «Бу олов охирзамонда чиқиб, одамларни маҳшаргоҳларига ҳайдайдиган, улар билан тунайдиган ва ухлайдиган оловдан бошқа оловдир», деди[8].

[1]Бусро Шом диёридаги машҳур шаҳарлардан бири бўлиб, уни Ҳаврон деб ҳам атайдилар. Уни мусулмонлари ҳижрий 13-санада фатҳ қилганлар. Қаранг: «Мўъжамул-булдон», 1/441. «Фатҳул-борий», 13/80.

[2]Бухорий (6701) ва Муслим (2903) ривоятлари.

[3]Ёлғон гапиришга келишиб олиши мумкин бўлмаган катта бир жамоа худди ўзи каби жамоадан ривоят қилган, асоси ҳис қилиш аъзоларига (кўз ёки қулоққа) таянадиган хабарга мутавотир дейилади. (Яъни мутавотир турли хил одамлардан, турли хил йўллар билан ривоят қилинади. Бу одамлардан бир гуруҳи бошқасини танимаслиги, кўрмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин хабар лафзи ва маъноси бир хил бўлиб, бузилмасдан етиб келган. Шу сабабли уларнинг ўзаро ёлғон гапиришга келишиб олишлари мутлақо имконсиз иш.)

[4]Нававий. «Шарҳи Муслим», 18/28.

[5]Таймо Мадинаи Набавия шимолида, 420 километр узоқликда жойлашган шаҳар. Қаранг: «Мўъжамул булдон», 2/67.

[6]Ибн Касир. «Ан-ниҳоя фил-фитани вал-малоҳим», 1/26-27.

[7]«Фатҳул-борий», 13/79.

[8]«Ал-ишоъа ли-ашротис-соъа» (94-бет).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг