Ҳажжи бадал ҳақида

0

Аллоҳга ҳамдлар ва Пайғамбари Муҳаммадга салавот ва саломлар бўлсин!

  1. Исломда ҳаж ёки умра қилишга қодир одам учун ҳажжи бадал ёки умраи бадал қилиш жоиз эмас;

  2. Ҳажжи бадал ёки умраи бадал тузалишидан умид узилган касал ёки вафот этган киши учун қилинади, камбағаллиги ёки сиёсий ва қонуний сабаблар туфайли Саудия Арабистонига кира олмайдиган кишилар учун қилинмайди;

  3. Ҳажжи бадал қилаётган киши аввал ўзи учун ҳаж қилган бўлиши шарт. Акс ҳолда, қилган ҳажи ўзи учун бўлиб қолади;

  4. Аёл эркак учун, эркак аёл учун ҳажжи бадал қилиши жоиз;

  5. Бир неча кишининг номидан битта ҳажжи бадал қилиш жоиз эмас;

  6. Ҳажжи бадал қилиш учун пул олиш, яъни ҳаж қилишга етарли сарф-харажатларни олиш жоиз. Лекин пул олиш учун ҳаж қилса, савобдан бебаҳра қолади. Бироқ ҳажжи бадал қилган одам талаб қилмаса ҳам, ҳажжи бадал қилдирган одам ўзи кўнглидан чиқариб пул берса, олиш жоиз;

  7. Мусулмон киши ҳажга қодир бўла туриб, ҳаж қилмай вафот этиб кетса, унинг меросидан ҳажжи бадал қилдирилади. Унинг васият қилган ёки қилмаганининг аҳамияти йўқ;

  8. Ҳажжи бадал қилган одам ҳам тўлиқ ҳаж савобини оладими ёки тўлиқ ҳаж савоби ҳажжи бадал қилдирган одамга бўлиб, ҳажжи бадални бажарган кишига камроқ савоб бўладими? Бу саволга аниқ бирон нарса дейиш қийин. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати кенг.

  9. Ота учун фарзанд ёки бошқа яқин қариндошлар ҳажжи бадал қилгани афзал. Бироқ, бегона одам қилса ҳам, бўлаверади;

  10. Ҳажи бадал қилаётган киши ким учун ҳажжи бадал қилаётганини, яъни унинг исмини билиши шарт эмас;

  11. Ҳажжи бадал қилишга вакил қилинган шахс вакил қилган кишининг рухсатисиз бошқасини вакил қилиши жоиз эмас;

  12. Ҳажжи бадал қилдириш учун дин-диёнатли, илмли, солиҳ кишиларни танлаш керак, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг