Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Аллоҳ исмининг маъноси

0

Аллоҳ исми “илоҳ” сўзидан олинган бўлиб, ҳамма унга ибодат қиладиган зот маъносини ифодалайди ва у Аллоҳ таолонинг барча улуғвор исмларини ўз ичига олади. Чунки илоҳ бўлиш учун маъбуд бўлиши ва унга ибодат қиладиганларни яратган, уларга ризқ берган ҳамда қудратли бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг қолган исмлари шу исмнинг ортидан зикр қилинади. Масалан: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор” (Аъроф, 180) оятида Раҳмоннинг ёки Холиқнинг демасдан, Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, дейилди. Чунки бу исм қолган барча исмларнинг маъносини ўз ичига олади. Яна бир мисол: “Раҳмон, Раҳим ва Азиз – Аллоҳ таолонинг исмлари” – дейилади. Лекин асло: “Аллоҳ, Раҳмон ва Раҳим Азизнинг исмларидир” – дейилмайди. Демак, “Аллоҳ” исмининг маъноси ҳамма махлуқотлар унга ибодат қиладиган, ҳожатларини ундан сўрайдиган маъбуд, яъни сиғиниладиган зот дегани.

Эслатма:

Аллоҳ таолони зикр қилиш мақсадида “Аллоҳ” сўзининг ўзини қайта-қайта такрорлаш нотўғри. Баъзи инсонлар зикр қилиш ниятида бир кунда “Аллоҳ” сўзини минг ёки икки минг марта такрорлашади. Бу бир бидъатдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон марта ҳам фақат “Аллоҳ” сўзини айтиб зикр қилмаганлар. Бундай бидъат ишларнинг ўрнига ҳадисларда келганидек “Алҳамдулиллаҳ”, “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” ёки “Субҳаналлоҳил Азийм” деб зикр қилиш мақсадга мувофиқдир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг