Ибодат – инсоннинг бирламчи вазифаси

0

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийим

Дарҳақиқат, ҳамду-санонинг барча тури Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано айтамиз ва Ундан ёрдам сўраймиз. Аллоҳдан нафсимиз  ёмонликлари ва ёмон амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятлаган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериги бўлмаган  Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик берамиз.

Бидъат мавзусига киришдан олдин ибодат тушунчаси, унинг моҳияти, инсон ва ибодат ўртасидаги алоқа, мақбул амалнинг шартлари ва суннат тушунчаси ҳақида сўз юритиш мақсадга мувофиқдир.

Ибодат – инсоннинг бирламчи вазифаси

Аллоҳ илк инсон Одамни яратар экан унда қалб, ақл, ҳиссиёт ва тафаккур пайдо қилди, унга қудрат ва ирода ато этди. Унга рафиқаси билан жаннатни маскан тутишга амр этди ва у ердаги муайян дарахт мевасини ейишдан қайтарди. Аллоҳ таоло одам боласининг табиати батамом қуллик ва бандалик қилишга яроқли бўлгани, шунингдек, Ўзининг ибодат қилишга ҳақли ягона зот бўлгани, бутун оламларнинг Рабби – тарбиячиси, бошқарувчиси ва эгаси бўлгани боис инсонга буйруқ берди ва қайтарди. Бу Аллоҳнинг Илоҳ ва маъбудлиги, башариятнинг қул ва бандалиги ўртасидаги кескин фарқдир. Аллоҳнинг сиғинилувчи зот экани Ўзининг илм ва ҳикматига мувофиқ яратиши ва буйруқ беришини тақозо қилса, инсоннинг бандалиги унинг ирода ва қудратда акс этувчи  таркибий тузилишидан келиб чиқиб бўйсуниш ва итоат қилишини тақозо қилади.

Бу Ер юзида башарият учун тавҳид масаласидаги бошланғич нуқта бўлган эди. Башарият отаси Одам алайҳиссаломдан бошланган бу масала анбиё ва расуллар орқали ўтиб, то қиёматгача давом этажак. Бу масала билан инсониятнинг борлиқда тутган ўрни, ҳаётдаги вазифаси аниқ ва маълум бўлди.

Инсон ва ундан бошқа барча мавжудотлар тўғридан-тўғри Аллоҳга муҳтождирлар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй инсонлар,  сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар.  Аллоҳнинг Ўзигина (барча мавжудотлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир” [Фотир: 15].  Мавжудотларнинг муҳтож ва фақирлиги улар хилқати ва табиатидаги асл ва туб хусусиятдир. Бу мавжудотлар фақат ва фақат уларни пайдо қилган Зот Аллоҳгагина муҳтождирлар. Фақат Аллоҳгина мутлақ бой ва беҳожатдир. У барча нарсалардан беҳожат ва бошқа барча нарсалар батамом Унга муҳтож бўлган зотдир.

Банда Аллоҳнинг рубубиятига ҳам, улуҳиятига ҳам муҳтож. Аллоҳнинг рубубияти деганда Унинг бутун мавжудотларни яратиши, ризқ бериши, вафот эттириши, тирилтириши, уларнинг эгаси, бошқарувчиси экани ва ҳоказо шу каби Аллоҳнинг ишлари назарда тутилса, улуҳиятидан мақсад Унинг ёлғиз ўзи ибодат қилишга ҳақли эканидир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши учун яратди. Ибодат тушунчаси Аллоҳни билиш, яхши кўриш ва Унга ихлос билан тоат қилиш каби маъноларни ўз ичига олади. Бандаларнинг Аллоҳга ибодат қилиш ва Унга сиғинишга бўлган эҳтиёжи Аллоҳнинг уларни яратиши, ризқ бериши ва умуман Унинг  рубубиятига бўлган эҳтиёжига ўхшаш, балки унданда каттароқдир. Негаки, Аллоҳга сиғиниш бандаларни яратишдан асл мақсад бўлиб, ибодатсиз асло уларнинг ҳаётида салоҳият, нажот, роҳат-фароғат ва лаззат бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. Билъакс, Раббининг зикридан юз ўгирган киши дунёда танг ҳаётга юз тутиши муқаррар.

Инсон дунёдаги бу вазифасини тўла-тўкис адо этиши учун Аллоҳ унга пайғамбарлар юбориб, уларга китобларни нозил қилди. Зеро, пайғамбарлар “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” эътиқодига даъват қилар эканлар, аслида барчалари Аллоҳнинг тавҳидига ва Унинг якка ўзига холис ибодат қилишга даъват қилганлар.

Нуҳ алайҳиссалом шундай деди: “Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизлар учун Ундан бошқа ҳақ илоҳ йўқ!” [Аъроф: 59]. Шунингдек, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва Иброҳим алайҳимуссаломлар ҳам шу гапни айтганлар.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки,  Биз ҳар бир умматга:  “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсалардан йироқ бўлинглар”,  (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36]. Яна шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам:  “Мендан ўзга ҳеч бир ҳақ маъбуд йўқ. Шундай экан, Менгагина ибодат қилинглар”,  деб ваҳий юборгандирмиз” [Анбиё: 25].

Изоҳ қолдиринг