“Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас” [Аҳзоб: 49]. Бундан бошқа талоқ қилиш жоизлигига далолат қилувчи талай оятлар мавжуд.
Суннатдан далил:
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафсани талоқ қилиб, сўнгра уни ражъа қилдилар, (яъни никоҳига қайтиб олдилар)”[1].
Осим ибн Лақийт ибн Сабра отаси ёки бобосидан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: “Эй Расулуллоҳ, мени бор хотиним бор…” – дея гап бошлаб, хотинининг тили узун ва шаллақи аёл экани тўғрисида айрим гапларни айтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни талоқ қил”, – дейдилар. “Эй Расулуллоҳ, ахир у менга ҳамроҳ ва ундан фарзандларим бор-ку?” – деди. “Ундай бўлса уни хотин қилиб юравер ва унга панд-насиҳат қил. Агар унда яхшилик бўлса, (насиҳатни қабул қилиб, айтганингни) қилади. (Асло) хотинингни чўрингни ургандек урмагин”[2]. Бундан ташқари ҳам талоқ қилиш жоизлигига далолат қиладиган ҳадислар мавжуд бўлиб, уларни мавзу давомида зикр қиламиз.
Ижмодан далил:
Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Одамлар талоқ қилиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Воқелик ҳам унинг жоиз эканига далолат қилади. Негаки, баъзан эр-хотин ўртаси бузилиб, ўрталарида никоҳ риштасининг давом этиши айни бемаънилик, турган-битган зиён, бекордан-бекорга эрнинг зиммасига рўзғор таъминотини юклаш, ўртада илиқ муносабат бўлмасада хотинни банди қилиб ўтириш ва доимий уруш-жанжалга айланиб қолади. Шу боис, бу эр-хотин ўртасидаги никоҳдан юзага келган зиённи кеткизиш учун никоҳ риштасини кеткизадиган воситани йўлга қўйишни тақозо қилади”[3].
[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (2283), Насоий (6\ 213) ва Ибн Можа (2016) ривоят қилган. Ҳадиснинг Ибн Ҳиббон (4275), Ҳоким (2\ 15) ва Аҳмад (3\ 478) ривоят қилган ҳадис матнини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар бор.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (143) ва Аҳмад (4\ 33) ривоят қилган.