Усмон розияллоҳу анҳу: оиласи

0

Хотинлари

Усмон розияллоҳу анҳу исломга кирганидан кейин жами саккизта аёлга уйланган. Улар:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя. Ундан Абдуллоҳ исмли фарзанд кўрган.

  2. Руқайя вафот этганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Умму Кулсумга уйланди.

  3. Амир Утба ибн Ғазвоннинг синглиси Фохита бинти Ғазвон. Усмон розияллоҳу анҳу кичик фарзанди Абдуллоҳни Фохитадан кўрган.

  4. Умму Амр бинти Жундаб Аздийя. Усмон розияллоҳу анҳу ундан Амр, Холид, Абон, Умар ва Марям исмли фарзандлар кўрган.

  5. Фотима бинти Валид ибн Абдушамс ибн Муғийра Махзумийя. Ундан Усмон розияллоҳу анҳунинг Валид, Саид ва Умму Саъд исмли фарзандлари туғилган.

  6. Уммулбанин бинти Уяйна ибн Ҳисн Фазорийя. Усмон розияллоҳу анҳу ундан Абдумалик исмли ўғил кўрган.

  7. Рамла бинти Шайба ибн Рабиа Умавийя. Усмон розияллоҳу анҳу ундан Ойша, Умму Абон ва Умму Амр исмли қизлар кўрган. Рамла розияллоҳу анҳо исломга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган.

  8. Ноила бинти Фарофиса Калбийя. У насроний эди. Усмон розияллоҳу анҳу унга уйланиб, олдига киришидан олдин исломни қабул қилди ва динда собит қадам аёллардан бўлди.

Фарзандлари

Усмон розияллоҳу анҳу бешта аёлидан тўққизта ўғил фарзанд кўрди. Улар:

  1. Абдуллоҳ: онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя эди. У ҳижратдан икки йил олдин туғилган. Онаси Руқайя Усмон розияллоҳу анҳу билан Мадинага ҳижрат қилганида Абдуллоҳни ҳам бирга олиб кетган. Мадинага энди келган пайтларида Абдуллоҳни юзидан, кўзига яқин жойдан хўроз чўқиб олди. Хўроз чўқиган эри шишиб, каттариб, юзини қоплаб қолди ва ҳижрий тўртинчи йилда олти ёшида вафот этди.

  2. Кичик Абдуллоҳ: онаси Фохита бинти Ғазвон.

  3. Амр: онаси Умму Амр бинти Жундаб. У дадасидан ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ҳадислар ривоят қилган. Ундан эса Али ибн Ҳусайн, Саид ибн Мусайяб ва Абу Зинодлар ривоят қилишган. У кўп ҳадис ривоят қилмаган. Амр Рамла бинти Муовия ибн Абу Суфёнга уйланди ва ҳижрий саксонинчи йилда вафот этди.

  4. Холид: онаси Умму Амр бинти Жундаб.

  5. Абон: онаси Умму Амр бинти Жундаб. У фиқҳ илмида катта олим эди. Куняси Абу Саид. У Абдулмалик ибн Марвон даврида Мадинага етти йил амирлик қилди. У дадаси ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ҳадис эшитган бўлсада, кўп ҳадис ривоят қилмаган. У Мадинанинг ўз замонасидаги фақиҳларидан ҳисобланади. У ҳижрий 105 йилда вафот этган.

  6. Умар: онаси Умму Амр бинти Жундаб.

  7. Валид: онаси Фотима бинти Валид ибн Абдушамс ибн Муғийра Махзумийя.

  8. Саид: онаси Фотима бинти Валид Махзумийя. Саид Муовия ибн Абу Суфённинг даврида ҳижрий 56 йилда Хуросонга волийлик қилган.

  9. Абдулмалик: онаси Уммулбанин бинти Уяйна ибн Ҳисн. У ёшлигида вафот этиб кетган.

Усмон розияллоҳу анҳу Ноила бинти Фарофисадан Анбаса исмли ўғил кўрган, деган гаплар ҳам бор.

Усмон розияллоҳу анҳу бешта хотинидан еттита қиз кўрган. Улар Марям – онаси Умму Амр бинти Жундаб, Умму Саид – онаси Фотима бинти Валид, Ойша – онаси Рамла бинти Шайба, Марям – онаси Ноила бинти Фарофиса, Уммулбанин – онаси Усмон розияллоҳу анҳунинг чўриси бўлган.

Ака-ука ва опа-сингиллари

Омина бинти Аффон Усмон розияллоҳу анҳунинг туғишган синглиси бўлиб, у жоҳилиятда сартарошлик қилар эди. Сўнг Ҳишом ибн Муғийра Махзумийнинг озод қилган қули Ҳакам ибн Кайсонга турмушга чиқди. Ҳакам ибн Кайсон Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу бошчилигидаги қўшиннинг қўлига асир тушди. У Мадинага борганида исломни қабул қилиб, исломда собит қадамлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида қолди ва ҳижрий тўртинчи йилда “Мауна қудуғи” жангида шаҳид бўлди. Омина эса мушриклигича Маккада қолди. У Макка фатҳида онаси ва бошқа опа-сингиллари билан бирга исломни қабул қилди ва Абу Суфённинг аёли Ҳинд бинти Утба билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилди.

Усмон розияллоҳу анҳунинг она бир ота бошқа учта ака-укаси бор. Улар:

  1. Валид ибн Уқба ибн Абу Муайт: отаси Бадр жангида кофир ҳолда қўлга тушганидан кейин қатл қилинган. Валиднинг синглиси Умму Кулсум исломни қабул қилиб, Мадинага ҳижрат қилган эди. Ҳудайбийя сулҳидан сўнг Валид укаси Умора билан синглисини қайтариб олиб кетиш учун Мадинага келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Кулсумни қайтариб бермадилар. Валид Макка фатҳида исломга кирди.

  2. Умора ибн Уқба: у ҳам исломни кеч қабул қилди.

  3. Холид ибн Уқба.

 Усмон розияллоҳу анҳунинг она бир ота бошқа опа-сингиллари қуйидагилар:

  1. Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муайт: Маккада исломни қабул қилгач, ҳижрат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбийя сулҳидан қайтиб Мадинага келганларидан кейин ҳижрат қилган биринчи аёл ҳисобланади.

  2. Умму Ҳаким бинти Уқба.

  3. Ҳинд бинти Уқба.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг